Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:27

Агробанк мулозими ўзини осиб қўйди


“Агробанк”нинг Наманган вилоят, Норин туманидаги филиали мулозими, 5 фарзанднинг отаси, 50 яшар Орифжон Маматқулов ўз жонига қасд қилиб, нобуд бўлди.

Банкнинг Конверсион операциялар бўлими бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган Маматқуловнинг ўзини нега осганлиги ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Бироқ уни яқиндан таниганлар фикрича, суиқасд унинг иш жойидаги муаммолар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Норин туман ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозимининг Озодлика айтишича, Орифжон Маматқулов ўз жонига 7 октябрь куни эрта тонгдақасд қилган:

“Норин туманининг Ҳаққулобод шаҳри, Сирмоқ маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Орифжон Маматқулов эрталаб тахминан соат 7ларда ҳовлисининг тандирхона тўсинига арқон боғлаб ўзини осган. Яқинлари уни кўриб қолгандан сўнг, дордан ечиб олиб Тез ёрдамга хабар берган. Норин тумани марказий шифохонаси унинг бўғилиб ўлганини тасдиқлаган. Бу иш юзасидан туман прокуратураси жиноят иши очган”, деди ички ишлар бўлими мулозими.

Мулозим Орифжон Маматқуловнинг ўз жонига қасд қилиши сабаблари юзасидан Норин туман прокуратураси тергов олиб бораётганини қўшимча қилди.

Норин туман прокуратураси тергов тугагунча бу ҳақда маълумот беромаслигини Озодликка айтди.

Ҳаққулобод шаҳрида истиқомат қилувчи тадбиркорлардан бирининг микрофонсиз суҳбатда Озодликка айтишича, у сўнгги бор Маматқуловни жуда ҳам паришон ҳолда кўрган:

“Ҳа ака, тинчликми, десам, "ишда муаммолар кўп бўляпти", деган эди. Кеча эса ўзини осиб қўйипти. Жанозада гап кўп бўлди. Одамлар валюта билан боғлиқ ишларга арлашиб қолган экан, дейишяпти. Баъзилар унга нисбатан туҳмат қилишган, деяпти”, деди тадбиркор.

“Агробанк” Норин филиалининг исми сир қолишини сўраган хизматчиларидан бирига кўра, ўтган йили банкнинг собиқ бошлиғи Одил Алишеров қамалганидан сўнг, Маматқулов бир муддат вақтинчалик бошлиқ бўлиб ишлаган эди:

“Ишхонада ўзини осиш даражасига етказадиган бир жанжал ҳам бўлмаган. Биз ҳам ҳайронмиз. Осишидан олдин бир икки кун ғалати бўлиб юрган эди. Сабабини сўрасак айтмади. Валюта конвертацияси билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо банкда бўлмаган”, деди банк мутахассисларидан бири.

Ҳаққулобод шаҳрида истқомат қилувчи Расулжон Абдумажидовнинг Озодликка айтишича, мулозимларнинг ўз жонига қасд қилиши сўнгги йилда анча кўпайди:

“Мен Орифжонни танирдим. Яхши бола эди, раҳматлик. Ўзи Норинда амалдорларнинг ўз жонига қасд қилиши кўпайди. Ўтган йили электросетнинг ходими ўзини осди. У одамлардан пулни олиб, еб юборган экан. Кейин намунавий уйлар қурилишига раҳбарлик қилган Адҳам деган одам ўзини осди. Уни ҳам бир ҳафта қамаб қўйиб, босим ўтказишган экан. Норин криминал жой бўлиб қолди. Болалар боғчалари мудиралари ишлари терговда. Бу ёқдан раҳбарлар келаверади, бу ёқдан криминалга аралашиб ё қамалиб кетяпти, ёки ўз жонига қасд қиляпти”, деди Расулжон Абдумажидов.

Ўзбекистонда давлат мулкини талон-тарож қилишга бевосита ёки билвосита аралашиб қолган ёхуд маҳаллий ҳокимларнинг тазйиғидан қўрқиб ўз жонига қасд қилаётган мулозимлар тўғрисида аввал ҳам бир неча бор хабар қилинган эди.

Жорий йилнинг 17 июнь куни “Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамиятининг Маҳсулотларни сотиш бўлими бошлиғи 51 яшар Назаров Тўлаган Толиповичнинг жасади “Ўзбекфильм” биносида осилган ҳолда топилган эди.

30 март куни эса пойтахтнинг Олмазор тумани собиқ ҳокими, 38 яшар Обид Зайниддинов ўз жонига қасд қилган эди. Унинг жонсиз танаси Шайхонтоҳур туманидаги ўз уйида осилган ҳолда топилган.

XS
SM
MD
LG