Гулистон Давлат университетининг 2 октябрь куни Сирдарё вилоятидаги пахта даласида вафот этган 2-курс талабаси Шамсиддин Бобосаидовнинг яқинлари маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларидан жавобгарни топиб беришни талаб қилмоқда. Яқинлари Шамсиддин юқори курс талабалари томонидан уриб ўлдирилган, деб даъво қилмоқда. Расмийлар эса бу даъволарни инкор этмоқда.
"Масъуллар Шамсиддин калтакланганини рад этмоқда"
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги Боёвут-3 посёлкасида истиқомат қилувчи Бобосаидовлар оиласи 19 ёшли фарзанди Шамсиддин Бобосаидов пахтада уриб ўлдирилган, деган даъво билан Ўзбекистон Бош прокуратурасига ариза киритди.
Гулистон Давлат университетининг Физика-математика факультети 2-курсида таҳсил олган Шамсиддин 2 октябрь куни вилоятнинг Оқ олтин туманидаги пахтазорда фожиали тарзда вафот қилган эди.
Гулистонлик талабалардан бирининг айтишича, оиласининг даъвосини рад қилган университет раҳбарияти талаба ўз ажали билан ўлган, деб таъкидламоқда.
"Шамсиддинни тутқаноқ тутиб, тили орқага кетиб қолганидан ўлди, дейишяпти. Ўқитувчиларнинг бирортаси жавобгарликни бўйнига олмаяпти. Гулистон мелисаси эса тиббий экспертиза чиқсин, деяпти экан. Шунга Шамсиддиннинг оиласи Тошкентга бориб, Бош прокуратурага ариза топшириб кепти. Тўғри-да, ахир, боласини уриб ўлдирган болалар юрибди пахтада. Уларни деканат пахта теримига ответственный қилиб қўйган, болаларни уриб-тепиб пахта тердираяпти ҳалиям. Ўзимизнинг мелиса уларни сўроқ қилди, қўйворди", деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган гулистонлик талаба.
"Воқеага 50 одам гувоҳ бўлган"
Гулистонлик талабанинг айтишича, Шамсиддин 2 октябрь куни тушликдан сўнг пахта даласида 4-курснинг бир неча талабаси томонидан калтакланганини пахта тераётган 50 тача одам кўрган:
“Ўша куни далада Шамсиддинни 4-курсда ўқийган Ш., Ф., Х. исмли болалар урганини ҳамма кўрган. Бу болалар военный кийимда юрадиган болалар - уларни домлалар теримга бош қилиб қўйган. Булар дедовщина қилиб юборган. Ҳар йили пахта терими охирида "Пахта тўйи" бўлади бизда. Шунга 50-60 минг сўмдан пул йиғишган бу болалар. Шамсиддиннинг пули йўқ экан. Шунга уни уришган. Ошқозонининг пастига роса қаттиқ тепган, шундан кейин 2 минут ичида у бола ўлиб қолган", деди гулистонлик талаба.
Озодлик Шамсиддин Бобосаидовнинг оиласи билан боғланишга муваффақ бўлди. Аммо, яқинлари Озодликка бу борада бирор изоҳ ёки маълумот беришдан қатъиян бош тортди.
"Университет ва шифокорлар изоҳи бир-бирига зид"
Оиланинг аҳволидан хабардор сирдарёлик манбанинг айтишича, Гулистон университети раҳбарияти ва шифокорларнинг Шамсиддин Бобосаидов ўлими сабабларига оид изоҳлари бир-бирига зид келаётир.
"Ўқитувчилар олдинига бу бола тутқаноқдан ўлди, деган жавобни берган. Лекин, докторлар боланинг танасини ёрганида акалари ёнида бўлган ва уларга нафас йўлига овқат кетиб қолганидан ўлган, дейишган. Шамсиддин ўлган куни ҳамма талабалар уйига телефон қилиб уни уриб ўлдиришди, деб айтворган. Бунинг устига болани кўмаётганда танаси моматалоқ бўлиб кетган экан. Шунга оиласи ҳозир Шамсиддин уришган, деб ариза қилиб борса, экспертиза келсин, деб аризасини Сирдарёдаги ИИБ олмаяпти", деди Озодликнинг Сирдарёдаги исми сир қолишини истаган манбаси.
Сирдарё вилояти ИИБ ва прокуратурасидан бу борада бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Шунингдек, Гулистон давлат университети маъмурияти ҳам изоҳ бермаётир.
Аммо, 4 октябрь куни Озодлик бу борада хабар қилган ва ўша куни Озодликка сўзлаган университети вакили Шамсиддин Бобосаидовнинг талабалар томонидан калтаклаб ўлдирилганини инкор қилган эди:
"Ҳеч қанақа дедовшина йўқ. Шамсиддинни ҳеч ким калтакламаган. Ўзи далада йиқилиб қолиб жон берган. Айтишларича, тили орқасига кетиб қолиб нафаси бўғилиб қолган", деб изоҳлаган эди университет ўқитувчиси.
"Шамсиддиннинг оиласи руҳий азоб ва босим остида"
Озодликнинг Сирдарёдаги манбасига кўра, пахта даласида ўлган талабанинг яқинлари қаттиқ руҳий азоб ва босим остида қолган:
"Жудаям хўрланди бу оила. Ўша куни Шамсиддин далада ўлган, уни Гулистондаги неотложканинг моргига обориб ташлашган. Кейин орадан 10 соатча ўтказиб, оиласига: "Касал бўлиб қолди, Гулистонда ётибди", дейишган. Булар кечаси бориб, уни больницада қидириб юраверган. Охири, қоровул буларни кўриб қолиб: "Кимни қидираяпсизлар?" деб суриштириб-билиб, буларни моргга оборган. Қаранг, худди етимдек хўрлашганда болани ўлигиниям. Шунақаям беспредел бўладими а?! Яна камига ҳаммага: "Овозингни ўчир!" деб дўқ қилишяпти ҳозир. Биринчи куни гапириб турган гувоҳларам жим", дейди исмини ошкор қилмаётганимиз сирдарёлик манба.
Манбанинг аниқлашича, марҳум Шамсиддин Бобосаидов оиласидаги 2 фарзанднинг кичиги бўлган. Акаси ҳам Гулистон давлат университетининг 4-курсида таҳсил олмоқда.
"Афтидан, оиласи ана шу катта ўғлини ўйлаб, сизларга гапирмаган. Нега четга гапириб ташладинг, деб қисувга олишлари мумкин. Чунки, воқеа бўлган куни студентлар видеога олган экан, мелисалар қўлларидан телефонларини олиб, ҳаммасини ўчиртирворибди. Энди университетни катталариям, ҳокимият ҳам пахтада студент уриб ўлдирилди, деган гапдан қўрқиб, бости-бости қилаяпти", дейди Озодликнинг Сирдарёдаги манбаси.
Жорий йилдаги пахта қурбонлари
Жорий йил пахта мавсуми бошидан буён пахта терими билан боғлиқ Озодликка маълум бўлган ўлим ҳолати 14 тага етди.
5 октябрь куни "GM-Ўзбекистон" автомобиллари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган Асакадаги ЎзДонгВонКо қўшма корхонасининг 19 ёшли ишчиси, вилоятнинг Қўрғонтепа туманида пахта тераётган Аббосбек Таптиев пахта теримида вафот этди.
3 октябрь куни Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманидаги Тоза-Амиробод овул фуқаролар йиғинига қарашли “Истам-Туркман” фермер хўжалигига пахта теримига мажбуран сафарбар этилган аёлнинг икки фарзанди ёнғиндан чиққан тутунга димиқиб ҳалок бўлди.
2 октябрь куни эса Гулистон Давлат университети Физика-математика факультетининг пахта теримига сафарбар этилган иккинчи курс талабаси, 19 ёшли Шамсиддин Бобосаидов Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманида вафот қилди.
28 сентябрь куни Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида пахта теримига сафарбар этилган Тахиатош касб-ҳунар политехника коллежининг учинчи курс ўқувчиси, 18 ёшли Мажид Ўтеганов ўзини осди.
25 сентябрь куни Фарғона вилояти Данғара туманининг Қиёли қишлоғида яшовчи 57 ёшли Мурод Мелиқўзиев мактабда ўқиётган невараси ўрнига пахтага чиққан пайти далада жон берди.
23 сентябрь куни Андижон вилоятининг Избоскан туманида содир бўлган автоҳалокатда Пахтаобод тумани йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи оғир жароҳат олиб, уч кундан сўнг касалхонада жон берди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, “ДАН” бошлиғи бошқараётган Нексия автомобили пахта ортиб кетаётган, ташқи чироқлари ишламайдиган трактор прицепига тунда бориб урилган.
Айни шундай воқеа 17 сентябрь куни Олтинкўл туманида содир бўлган ва бир киши вафот этган эди.
20 сентябрь куни Шаҳрисабз тумани Духчи қишлоғидаги касб-ҳунар коллежининг Муборак туманига пахтага сафарбар қилинган директори Ибодулла Бобоев ҳам автоҳалокатда нобуд бўлди.
14 сентябрь куни Тошкентдан Сирдарёга ҳашарчиларни олиб кетаётган автобус колоннаси уриб юборган йўловчи шифохонада вафот этди. Воқеа гувоҳларига кўра, ҳалок бўлган фуқаро бойсунлик мардикор бўлиб, уни милиция ходими қувлаган пайти ушбу ҳалокат содир бўлган.