Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:19

Тошкент божхона омборидаги ëнғинда ўт ўчирувчи ҳалок бўлди


Озодлик манбаларига кўра, юк омборидаги ёнғин 8 октябрь тунда содир бўлган ва деярли эрталабгача давом этган.

Ёнғинни ўчириш пайтида Тошкент Ёнғин хавфсизлиги хизматининг бир ходими ҳалок бўлган, ўсимлик ёғи солинган тўртта цистерна ҳамда елим ўйинчоқлар ортилган бир қанча вагон ёниб битган.

Айтилишича¸ воқеа жойида тергов-текширув ишлари бормоқда¸ ҳозирча ëнғин сабаблари хусусида аниқ хулосага келинмаган.

Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходими ёнғин сабаблари ўрганилаётганини билдирди:

- Ёнғинга қисқа туташув сабаб бўлган¸ дейилаяпти. Аланга тезда омборхонадаги ёғ солинган бир қанча цистерналарни қамраган. Ичида пластик ўйинчоқлар бўлган вагонлар ҳам ёнди, деди Тошкент Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси расмийларидан бири.

Гувоҳларга кўра¸ ëнғинни ўчириш учун тўққизта ўт ўчириш командаси ва 20 дан зиёд ўт ўчириш машинаси жалб қилинган.

Ўт ўчириш жараëнида Тошкент Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг 27 яшар ходими Баҳром Эргашев ҳалок бўлган.

Божхона омборидаги ёнғинда ўт ўчирувчининг ҳалок бўлиши ижтимоий тармоқларда қизғин мухокама қилинмоқда.

Ўзини марҳум ўт ўчирувчининг акаси деб таништирган Эркин Гаипов Facebook тармоғида шуларни ёзади: “Мени укам Эргашев Баҳром Улуғбекович ёнғин пайти вазифасини бажараётиб ҳалок бўлди. Кеча дафн этдик. Икки фарзанди етим қолди. Ҳокимият ёнғинда қурбон бўлганини тасдиқламаяпти, ачинарлиси у ким учун жонини берди?”.

Айтилишича, ёнғин пайти ўт ўчирувчи устига навес ағдарилган, ҳамкасблари уни ҳаётини сақлаб қолаолмаганлар.

Facebookдаги мухокамага қўшилган Тим Комилов: "Мана шунақа, ватан учун жонингни берасан, у сенга парво ҳам қилмайди", - деб ёзди.

Ёнғин рўй берган “юк тушириш омбори” Тошкентнинг Шимолий вокзали ёнида жойлашган.

Озодлик манбалари таъкидича¸ ҳозир ёнғин рўй берган омборни милиция ва прокуратура ходимлари қуршаб олган; омборда тунги сменада навбатчилик қилганлар сўроқ қилинмоқда.

Facebookдаги "Водители Ташкента" гуруҳи аъзоларидан бирининг ёзишича, ёнғин рўй берган омборхона атрофини ҳозир ёғли сув босган.

-Ўт ўчирувчилар ёнаётган ёғ цистерналарига сув пуркашган, ҳамма ёқда ёғли сув, - дейди деб ёзди Ҳикмат Солихов исмли "Водители Ташкента" гуруҳининг аъзоси.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда омборхонанинг қасддан ёндирилган бўлиши ҳақидаги фаразлар илгари сурилмоқда.

-Ўғирликларни яшириш учун қилинган бўлса керак. Буни жабрини яна тадбиркорлар кўради, - деб ёзди Зухра Абдуллаева исмли Facebook фойдаланувчиси.

Яқинда Тошкент вилояти божхона хизматининг бир гуруҳ раҳбар ходимлари порахўрлик ва таъмагирликда айбланиб, қамалган эди. Тахминларга кўра¸ ëнғин божхона ходимлари устидан бораëтган тергов жараëни билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Сўнгги йилларда Тошкентдаги "Чинни бозори", “Қатортол” улгуржи бозори, “Аския“ ва “Паркент” бозорларида рўй берган ëнғинларнинг ҳам кенг кўламли жиноят ва қонунбузарлик изини ëпиш учун қасддан уюштирилгани ҳақида фаразлар мавжуд.

Расмий хулосаларда эса бу ëнғинларнинг қисқа туташув боис юзага чиққани қайд этилган.

XS
SM
MD
LG