Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:37

Москва-Ситида 21 яшар ўзбекистонлик 10-қаватдан қулаб, ҳалок бўлди


Москванинг бир неча йилдан бери қурилаётган “Москва-Сити” офис марказларидаги бинолардан бирининг 10- қаватидан қурувчиларнинг осма кажаваси қулаб тушиши натижасида ўзбекистонлик бир муҳожир - 21 яшар Ғуломжон Нодиржон ўғли Эркаев ҳалок бўлди, олти ўзбекистонлик ишчи оғир аҳволда шифохонага олиб кетилди.

Дастлаб Россия оммавий ахборот воситаларида қулаган кажавада жароҳат олганлар сони етти киши, ўлган ишчи Туркия фуқароси экани тўғрисида хабар пайдо бўлган эди.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва шаҳри бўйича бошқармасида Озодлик сўровига ҳодиса 15 октябр куни тонг саҳарда содир бўлганини тасдиқлаб беришди.

- Бахтсиз ҳодиса бугун эрталаб тахминан соат олтиларда содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, осма механизм 10 қаватдан трос узилиши натижасида тушиб кетган. Унда бўлган 8 кишидан биттаси ҳодиса жойида ўлди, яна етти киши оғир жароҳат олди. Уларнинг қайси давлат фуқаролари экани тўғрисида маълумотга эга эмасмиз, аммо жароҳатланганларнинг барчаси шаҳар клиникаларига олиб кетилди, дея маълумот берди Москва полицияси навбатчи офицери.

Маълум бўлишича, ҳодиса жойига етиб келган Тез ёрдам ва полиция ходимлари ярадор ишчиларни қурилиш крани тагидаги осма кажава ёнидан топган, ўлган ишчининг жасадини эса кимдир омборхонага олиб кириб қўйганини аниқлаган. Терговчилар шу тариқа прораблардан бири жиноят изини йўқотишга уринганини айтмоқда.

Москва Ситидаги бахтсиз ҳодисада Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:26 0:00

(Видео LifeNews расмий сайтидан олинди)

Бироқ, меҳнат хавфсизлиги қоидалари бузилиши натижасида содир бўлган бу ҳодисани тафтиш қилаётган Москва шаҳар Қурилиш назорати бошқармасида Озодликка бироз бошқачароқ маълумот берилди.

- 15 октябрь куни соат 5:40 да Москва шаҳри, 1-чи Красногвардейская кўчаси 16 а манзили бўйича жойлашган кўп қаватли комплекс қурилишида ишчилар кетаётган юк кўтаргич қулади. Бу минора содда қилиб “Око” деб аталади. Қурилиш бош пудратчиси - Туркиянинг “АНТ ЯПЫ САНАЙИ ВЕ ТИЖАРЕТ АНОНИМ ШИРКЕТИ”. Бинонинг 3- қаватидан трос узилиши ва платформа тушиб кетиши натижасида Ўзбекистон фуқароси бўлган бир киши нобуд бўлди, бошқа олти ўзбекистонлик ишчи турли жароҳатлар билан госпитализация қилинди, деди ўзини таништирмаган Росстройнадзор вакиласи.

Назорат идораси ходимаси осма кажава одамларни кўтаришга мўлжалланмагани, бу қурилма қаватлардан йиғиладиган чиқиндиларни пастга тушириш учун ишлатилганини ҳам қўшимча қилди.

"Росстройнадзор" Москва-Сити объектида режадан ташқари текширув бошлаб юборгани, меҳнат хавфсизлигини бузган ташкилотларга нисбатан қаттиқ чоралар қўллашни ваъда қилмоқда.

Айни пайтда, қулаб тушган осма кажавада бўлган ўзбекистонликлар ёши 19 дан 35 ёшгача бўлгани, уларда суяк сингани, умуртқа лат егани, танага очиқ жароҳат етгани ва мия чайқалгани қайд қилингани маълум. Озодлик Ситида нобуд бўлган Ўзбекистон фуқаросининг исми Ғуломжон Нодиржон ўғли Эркаев экани, у 21 ёшдаги бўлганини аниқлади. Қурувчи йигит кабина остида қолиб кетгани айтилмоқда.

Ҳодиса жойида Россия Тергов қўмитаси ходимлари терговолди тафтиш ишларини олиб бормоқда.

Москва-Сити” қурилишидаги бахтсиз ҳодисалар

“Москва-Сити” кўп қаватли бинолар мажмуаси қурилишида марказий-осиёлик меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар биринчи маротаба содир бўлаётгани йўқ.

Ўтган йилнинг 24 мартида Ситининг “Краснопресненская набережная” 7 манзилида 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси устига металл қурилма тушиб кетиб, ҳодиса жойида нобуд бўлган.

2001 йилнинг 9 июлида “Москва-Сити”нинг Тарас Шевченко кўчаси тарафида минора-кран тушиб кетиши оқибатида икки киши нобуд бўлган.

2006 йил 19 августда “Москва-Сити” қурилишига жалб қилинган меҳнат муҳожирлари ўртасида оммавий муштлашув келиб чиққан. Иш жойини талашаётган Тожикистон фуқаролари ўртасида келиб чиққан жанжал оқибатида бир киши ўлдирилган, беш киши жиддий жароҳат олган.

2007 йилнинг 31 декабрида Марказий бинонинг 16 қаватидан тушликка кетаётган 37 ёшли қирғизистонлик муҳожир қулаб тушган ва ҳалок бўлган.

2010 йилнинг 18 февралида “Центральное Ядро” қурилиш участкасида ишлаётган 31 ёшли Ўзбекистон фуқароси қоқилиб, 8 метрлик баландликдан тушиб кетган. Олинган жароҳатлардан бу йигитнинг ҳам жони ўша ерда узилган.

Бундан ташқари, кузатувчилар ҳисоб-китобига кўра, “Москва-Сити” ҳудудида кейинги 13 йил давомида 13 марта йирик ёнғин чиққан.

Шунингдек, 2013 йилнинг 7 июлга ўтар кечаси “Москва-Сити” қурилишида ишлаётган муҳожирлар оммавий заҳарланиши ҳодисаси содир бўлди: Москва шаҳар полицияси ҳодиса ортидан 108 киши заҳарланиш аломатлари билан пойтахт шифохоналарига олиб кетилганини маълум қилган эди.

Жорий йилнинг 26 май куни “Москва-Сити” майдонидаги меҳнат муҳожирлари оммавий муштлашувидан сўнг полиция асосан Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган 450 муҳожирни қўлга олингани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG