Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:34

Тожикистонда “жиҳодчи”лар қўлга олинди


Тожикистоннинг Сўғд вилояти прокуратураси Панжакент ва Спитамен туманларидан Суриядаги урушда қатнашиш учун кетиш ниятида бўлган 10 одамни қўлга олди. Сўнгги маълумотларга кўра, Суриядаги жанггарилар сафида юрган тожикистонликлардан 50 нафари ҳалок бўлган.

Сурияда камида 200 тожикистонлик жанггари бор

Сўғд вилоят прокуратурасининг билдиришича, Сурияга “жиҳод қилгани” кетмоқчи бўлган 10 нафар одам сентябрь ойининг охирларида қўлга олинган. Улар айни пайтда Хўжанддаги ҳибсхонада сақланмоқда.

Сўғд вилоят прокуратурасининг ўз номини айтишини истамаган расмийси, қўлга олинган шахслар Сурияда исломий давлат қуриш ғояси тарафдорлари бўлганини билдирди:

-Бу ўн одам Суриядаги жиҳодда қатнашиб, исломий давлат қурилишига ўз ҳиссаларини қўшиш ниятида бўлган. Сурияда исломий давлат ташкил этилгач, улар бу жиҳодни Марказий Осиё, жумладан, Тожикистонга ёймоқчи экан.

Бундан аввалроқ Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода тожик матбуотига берган суҳбатида Суриядаги жангларда қатнашаётган тожикистонликларнинг 50 нафари ҳалок бўлгани ҳақида маълумотлар олинганини айтган эди.

Раҳимзоданинг билдиришича, айни пайтда Сурияда яна 200 нафар тожикистонлик жангларда иштирок этаётгани аниқланган. Уларнинг 19 нафарига нисбатан жиноят иши очилган ва яна 12 фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатиш учун материаллар йиғилган.

Норасмий манбалар эса Суриядаги жангларда иштирок этаётган тожикистонликлар сони 500 нафардан кўплигини иддао қилади.

Жанггарилар сафида бўлган ўзбеклар орасида ҳам ўлганлар бор

Сурияда нафақат Тожикистон, балки минтақанинг бошқа давлатлари фуқаролари, жумладан, ўзбеклар ҳам жанг қилаётгани тўғрисида маълумотлар бор. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари бу борада расмий маълумотларни эълон қилмаган бўлса-да, Озодлик радиосига Суриядан туриб боғланган манбалар бу ҳақда гапирган эди.

Озодлик радиосининг Ироқдаги мухбири 29 сентябрда Раққа шаҳридан 65 километр ғарброқда жойлашган "Исломий давлат" гуруҳига доир Ал-Грен лагерида тайёргарликдан ўтаётган 17 ўзбек АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция томонидан уюштирилган бомбардимонда ҳалок бўлганини хабар қилган эди.

- Коалиция ҳаво кучлари Ал-Грен қишлоғини ўққа тутган. У ерда Фрот дарёси бўйларида, Табқа шаҳрачасидан 10 километр ғарброқда "Исломий давлат"га қарашли лагерь бор. ҳалок бўлган 17 киши ва жароҳатланган 20 одамнинг барчаси ўзбекистонлик бўлган. Қурбонлар сони кўпайиши мумкин, чунки жароҳатланганлардан баъзилари оғир аҳволда экани айтилмоқда,- деб хабар берган эди Озодликнинг Дамашқдаги мухбири Ҳалил Ҳусайн.

Сурия ва Ироқда катта ҳудудларни эгаллаб олган "Исломий давлат" гуруҳи сафида, турли ҳисоб-китобларга кўра, бир неча юз ўзбекистонлик жанг қилаётгани айтилади.

XS
SM
MD
LG