Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:10

Хоразмда ҳокимлик йиғилишида ҳақоратланган фермер ўзини осди


Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида пахта планини бажармагани учун туман ҳокимлиги мулозими томонидан ҳақоратланган фермер Ҳабибулло Эгамбердиев уйига қайтгач, ўзини осди. Ҳазорасп тумани ҳокимияти расмийлари фермерга тазйиқ ўтказишганига оид иддаоларни кескин рад этмоқда.

17 октябрь куни рўй берган бу ҳодиса ҳақида исми айтилмаслигини сўраган ҳазорасплик бошқа бир фермер 21 октябрь куни Озодликка хабар йўллади.

Бу манба иддаосича, туман ҳокимлиги раҳбарларининг пахта режасини бажариш талаби билан Эгамбердиевга мунтазам ўтказган тазйиқлари унинг жонига қасд қилишига сабаб бўлган.

- У 16 октябрь куни пахта топширди. Ҳокимиятдаги йиғилишда планни бажармагани учун гап эшитди. Кейин уйига борган, тунда ҳамма ухлаган пайтда боғидаги дарахтга ўзини осган, - дейди ҳазорасплик фермер.

Ҳазорасп тумани Ички ишлар бўлимининг навбатчиси Мухомон қишлоғида фермер ўзини осиб қўйгани фактини тасдиқлади. Унга кўра, бу ишни ҳозир туман прокуратураси тергов қилмоқда.

Ҳазорасп тумани ҳокимиятидагилар эса фермерга тазйиқ ўтказилганига оид иддаоларни кескин рад этди.

- Йиғилиш бўлади, фермерларга пахтани топширинглар, деб уларга айтилади. Лекин, на руҳий ва на жисмоний тазйиқ ўтказилади. У 16 октябрь кунги мажлисга келмаган ҳам эди, - деди Ҳазорасп тумани ҳокимияти расмийларидан бири.

Шунингдек, Ҳазорасп туманининг Дўстлик жамоа хўжалигида ҳам 19 октябрь куни яна бир фермер ўзига ўт қўйган ва қаттиқ куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилгани айтилмоқда. Озодлик манбалари иддаосича, бу фермер ҳам маҳаллий ҳокимлик вакилларининг босимига чидай олмай ўз жонига қасд қилган.

Лекин, Ҳазорасп тумани Ички ишлар бўлими расмийлари бу ҳолатни тасдиқламади.

Ўзбекистонда фермерларнинг ҳокимлик вакиллари босимига чидай олмай ўз жонига қасд қилиши ҳоллари тез-тез учрайди.

Шу йилнинг июнь ойида Наманган вилояти, Чуст тумани, Баймоқ қишлоғилик фермер дала шийпонида ўзини осган эди.

Озодликка хабар берган норасмий манбанинг марҳум яқинларига таяниб айтишича, жонига қасд қилган чустлик фермерлиги билан боғлиқ муаммолари қаршисида ожиз қолган.

Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимликларнинг зўравонлиги инсонлар ўлимига сабаб бўлгани ҳоллари кўп бўлишига қарамай, ҳаётдан кўз юмган фермер ёки хўжалик раҳбарлари қариндошларига босимлар ўтказилиб, бу жиноятлар жамоатчиликдан сир тутиб келинади.

XS
SM
MD
LG