Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:06

Қирғиз-ўзбек чегарасида уч ўзбекистонлик қўлга олинди


Қадамжой чегара масканидаги чегарачилар минораси.
Қадамжой чегара масканидаги чегарачилар минораси.

Қирғиз чегарачилари чегара тартибини бузган уч ўзбекистонликни қўлга олди. Бу ҳақда Қирғизистон Давлат чегара хизматининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Чегара хизмати маълумотига кўра, ўзбекистонликларни 22 октябрь куни Ҳайдаркон чегара отряди чегарачилари қўлга олган.

- Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилганидан кейин қўлга олинганлар Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг Боткен вилоят бошқармаси ходимларига топширилди, - деди Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот хизмати ходимаси Сажира Чўқўлўева қўлга олинган ўзбекистонликларнинг исмини очиқлаёлмаслигини қўшимча қиларкан.

Чўқўлўеванинг айтишича, ўзбекистонликлар Қирғизистон ҳудудида юриш тартибини бузгани учун тутиб қолинган.

- Улар (яъни ўзбекистонликлар – таҳр.) Қирғизистон ҳудудида белгиланган муддатдан кўпроқ юришган экан. Улар келганига 60 суткадан ошиб кетибди. Шундан кейин улар Қирғизистонда юриш ҳуқуқини берадиган ҳужжат расмийлаштиришмаган экан, шунинг учун ҳам уларни қўлга олишган, - деди чегара хизмати ходимаси Сажира Чўқўлўева.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ва Бишкек ўртасидаги ўзаро келишувга мувофиқ, Ўзбекистонга ўтган қирғизистонликлар ҳам, Қирғизистонга ўтган ўзбекистонликлар ҳам қўшни мамлакат ҳудудида 60 кунгача визасиз юришлари мумкин. Икки ойлик муддат ўтганидан сўнг улар қўшни мамлакат ҳудудида қолишни истасалар, узоқроқ муддатга виза олишлари ёки мамлакат ҳудудини тарк этишлари лозим бўлади.

Виза тартибини бузганларга Қирғизистонда, одатда, қонунчиликда белгиланган тартибда жарима солинади. Аммо кеча қирғиз чегарачилари томонидан қўлга олиниб, боткенлик чекистларга топширилган уч ўзбекистонликка қандай жазо тайинланишини ҳозирча номаълум қолмоқда. Озодлик мухбирларининг Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг Боткен вилоят бошқармаси ходимлари билан боғланишга уринишлари ҳозирча натижа бергани йўқ.

XS
SM
MD
LG