Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:22

Пахтада ўлган Шамсиддин оиласи арзини вилоят прокурори кўрмоқда


Гулистон давлат университетининг пахтада ўлган талабаси 19 яшар Шамсиддин Бобосаидовнинг паспортидан нусха
Гулистон давлат университетининг пахтада ўлган талабаси 19 яшар Шамсиддин Бобосаидовнинг паспортидан нусха

Сирдарёда 2 октябрь куни пахта даласида вафот этган Гулистон Давлат университетининг 2-курс талабаси Шамсиддин Бобосаидов оиласи аризаси маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қабул қилинди ва вилоят прокуратураси суриштирув бошлади. Ҳозирча яқинларига дастлабки суриштирув ва тиббий экспертиза натижасига оид бирор расмий маълумот берилмаган.

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги Боёвут-3 посёлкасида истиқомат қилувчи Бобосаидовлар оиласи 19 ёшли фарзанди Шамсиддин Бобосаидов пахтада уриб ўлдирилган, деган даъво билан Сирдарё вилояти прокуратураси, ИИБ ва МХХсига ариза ёзди.

Озодликнинг Гулистон шаҳридаги манбасидан олинган маълумотга кўра, Оқ олтин туман прокуратураси талаба Шамсиддин Бобосаидов ўлими юзасидан дастлабки текширувни якунлаган.

Суриштирув чоғида университетнинг ўқитувчилари, раҳбарлари ҳамда марҳумни калтаклаб ўлдирганликда гумон қилинган шахслар бир неча маротаба сўроққа чақирилгани айтилмоқда.

Гулистондаги манбанинг аниқлашича, суриштирувни 2 октябрь куни бошлаган Оқ олтин тумани прокуратураси ишни вилоят прокуратурасига ўтказган.

“Шамсиддиннинг оиласига вилоят прокуратурасидан расман хат келган экан: “20 октябрдан иш бизга ўтди”, деган. Ҳозир вилоятдаги МХХ ҳам ИИБ ҳам текшираётган экан, республикадан қаттиқ босим бўлаётган экан буларга: “Жавобгарларни топинглар!” деган”, деди исми сир қолишини сўраган гулистонлик манба.

Айни пайтда Бобосаидовлар оиласининг Ўзбекистон Бош прокуратурасига ёзган аризаси ҳам қабул қилинган ва ҳозирча, Бош прокуратурадаги суриштирувга оид Озодликда бирор маълумот йўқ.

Гулистон Давлат университетининг Физика-математика факультети 2-курсида таҳсил олган Шамсиддин Бобосаидов 2 октябрь куни вилоятнинг Оқ олтин туманидаги пахтазорда фожиали тарзда вафот этган эди.

Гулистонлик талабалардан бирининг айтишича, оиласининг Шамсиддин 4-курс талабалари томонидан уриб ўлдирилган, деган даъвосини рад қилган университет раҳбарияти талаба ўз ажали билан ўлган, деб таъкидламоқда.

Талаба ўлими сабабларига ойдинлик киритиши кутилаётган тиббий экспертиза хулосаси эса ҳануз номаълум. Озодлик манбасининг айтишича, экспертиза натижаси чиқиши айтилган муддат учинчи маротаба узайтирилган:

“Шу ҳалиям Тошкентдан ответ келмади, деб қайтаришяпти экан. Оиласи қаттиқроқ турган экан: “Тошкентга боринглар” дейишибди экан. Лекин, ҳозир Шамсиддиннинг 4-курсда ўқийдиган акаси Шаҳобиддинни ҳеч қаёққа чиқаришмаётган экан уйидагилар. Шаҳобиддин ўша укаси ўлган куни далада бўлмаган-да, шунга алами ичида қолган. Уйидагилар ўқишга борса, яна муштлашув бўлиб кетмасин, деб олиб ўтирибди экан”, дейди Озодлик манбаси.

Марҳум Шамсиддин Бобосаидов оиласидаги икки фарзанднинг кичиги эди. Озодликнинг Шамсиддин Бобосаидов оиласи билан боғланишга уриниши натижа бермади - яқинлари Озодликка бу борада бирор изоҳ ёки маълумот беришдан қатъиян бош тортган.

Оиланинг аҳволидан хабардор сирдарёлик манбанинг айтишича, Гулистон университети раҳбарияти ва шифокорларнинг Шамсиддин Бобосаидов ўлими сабабларига оид дастлабки изоҳлари бир-бирига зиддир:

"Ўқитувчилар олдинига бу бола тутқаноқдан ўлди, деган жавобни берган. Лекин, докторлар боланинг танасини ёрганида акалари ёнида бўлган ва уларга нафас йўлига овқат кетиб қолганидан ўлган, дейишган. Шамсиддин ўлган куни ҳамма талабалар уйига телефон қилиб уни уриб ўлдиришди, деб айтворган. Бунинг устига болани кўмаётганда танаси моматалоқ бўлиб кетган экан. Шунга оиласи ҳозир Шамсиддин уришган, деб ариза қилаяпти", деди Озодликнинг Сирдарёдаги исми сир қолишини истаган манбаси.

Сирдарё вилояти ИИБ ва прокуратурасидан бу борада бирор изоҳ олишнинг ҳануз имкони бўлмади. Шунингдек, Гулистон давлат университети маъмурияти ҳам изоҳ бермаётир.

Жорий йил пахта мавсуми бошидан буён пахта терими билан боғлиқ Озодликка маълум бўлган ўлим ҳолати 19 тага етди.

21-октябрь куни Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги 82-сонли ўрта умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Соҳиба Туримова маҳаллий дала шийпонлардан бирида ўзини осиб ўлдирди.

18-октябрь куни Фарғона вилояти Бешариқ тумани ички ишлар бўлимининг участка нозири, 35 ёшли капитан Асилбек Мазокиров ўз шахсий автомобилида пахта ортилган тракторнинг ташқи ёритгичлари ишламаган прицепига бориб урилиши оқибатида ҳалок бўлди.

Самарқанд Автомобилсозлик коллежининг 3-босқич талабаси Воҳид Жўраев 18 октябрь куни пахта теримида вафот этди. Коллеж маъмуриятига кўра, Нарпай тумани далаларида пахта тераётган 18 яшар Воҳиджон юрак хуружидан ўлган.

17-октябрь куни Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида пахта планини бажармагани учун туман ҳокимлиги мулозими томонидан ҳақоратланган фермер Ҳабибулло Эгамбердиев уйига қайтгач, ўзини осди.

15 октябрь куни Жиззах вилояти Зомин тумани Қишлоқ хўжалик ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг пахта теримига чиқарилган биринчи босқич ўқувчиси Беҳзод Қаҳҳоров ток уришидан вафот этди.

10 октябрь куни Жиззах вилоятининг Арнасой туманига бир ойга пахта теримига сафарбар этилган Чирчиқ шаҳридаги “МАХАМ-СHIRCHIQ” қўшма корхонасининг ишчиси Наримон Мустапаев Арнасой тумани марказий касалхонасида жон берган.

9 октябрь куни Туғруқхонада ҳамшира бўлиб ишлайдиган онаси ўрнига Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманига пахта теримига сафарбар этилган бахмаллик 22 яшар Файзиддин Абдурасуловни трактор босиб кетди.

5 октябрь куни "GM-Ўзбекистон" автомобиллари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган Асакадаги ЎзДонгВонКо қўшма корхонасининг 19 ёшли ишчиси, вилоятнинг Қўрғонтепа туманида пахта тераётган Аббосбек Таптиев пахта теримида вафот этди.

3 октябрь куни Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманидаги Тоза-Амиробод овул фуқаролар йиғинига қарашли “Истам-Туркман” фермер хўжалигига пахта теримига мажбуран сафарбар этилган аёлнинг икки фарзанди ёнғиндан чиққан тутунга димиқиб ҳалок бўлди.

2 октябрь куни эса Гулистон Давлат университети Физика-математика факультетининг пахта теримига сафарбар этилган иккинчи курс талабаси, 19 ёшли Шамсиддин Бобосаидов Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманида вафот қилди.

28 сентябрь куни Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида пахта теримига сафарбар этилган Тахиатош касб-ҳунар политехника коллежининг учинчи курс ўқувчиси, 18 ёшли Мажид Ўтеганов ўзини осди.

25 сентябрь куни Фарғона вилояти Данғара туманининг Қиёли қишлоғида яшовчи 57 ёшли Мурод Мелиқўзиев мактабда ўқиётган невараси ўрнига пахтага чиққан пайти далада жон берди.

23 сентябрь куни Андижон вилоятининг Избоскан туманида содир бўлган автоҳалокатда Пахтаобод тумани йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи оғир жароҳат олиб, уч кундан сўнг касалхонада жон берди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, “ДАН” бошлиғи бошқараётган Нексия автомобили пахта ортиб кетаётган, ташқи чироқлари ишламайдиган трактор прицепига тунда бориб урилган.

Айни шундай воқеа 17 сентябрь куни Олтинкўл туманида содир бўлган ва бир киши вафот этган эди.

20 сентябрь куни Шаҳрисабз тумани Духчи қишлоғидаги касб-ҳунар коллежининг Муборак туманига пахтага сафарбар қилинган директори Ибодулла Бобоев ҳам автоҳалокатда нобуд бўлди.

14 сентябрь куни Тошкентдан Сирдарёга ҳашарчиларни олиб кетаётган автобус колоннаси уриб юборган йўловчи шифохонада вафот этди. Воқеа гувоҳларига кўра, ҳалок бўлган фуқаро бойсунлик мардикор бўлиб, уни милиция ходими қувлаган пайти ушбу ҳалокат содир бўлган.

XS
SM
MD
LG