Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:16

Диний қўмита Қуръон назмий таржимасини чоп этишга рухсат бермади


Рад этилган таржима Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камолга тегишлидир.
Рад этилган таржима Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камолга тегишлидир.

Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси таниқли шоир Жамол Камол ўгирган Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилига назмий таржимасини чоп этишга рухсат бермади. Расмий маълумотга кўра, қўмита таржимани имом-хатиблар муҳокамасига қўйган ва улар “Қуръонни шеърга солиб, таржима қилиш мумкин эмас” мазмунидаги фатво билан уни рад этган.

Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол шеърга солиб ўгирган ва таниқли тилшунос, исломшунос олимлар муҳокамасидан ўтган Қуръони карим маъноларининг назмий таржимасини чоп этиш сўрови Дин ишлари қўмитаси томонидан рад қилинди.

Лойиҳа муаллифи, "Муфтий Бобохоновлар" жамғармаси Ҳомийлар кенгаши раиси Анвар Ҳусаиновнинг айтишича, Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари қўмитаси таржимани рад этиш сабаблари кўрсатилган баённомани унга тақдим қилган.

- Қўмита бу асарни қатор вилоятлардаги имом-хатиблар муҳокамасига қўйган. Тошкент имом-хатиблари ва бошқа вилоят имом хатиблари баённомасида биринчи бўлиб айтилаяптики: "Қуръон назмий таржима қилинмаган" деб. Бу жуда заиф аргумент, чунки Қуръони карим жуда кўп тилларга таржима қилинган - инглиз, француз, форс тилида ҳам бор, рус тилида ҳам бор. Рус тилига назмий таржима лойиҳасига ҳам мен бошчилик қилганман, - деди Анвар Ҳусаинов.

Анвар Ҳусаинов айни пайтда ўзбекистонлик уламоларнинг эътирозига жавобан эътироз билдириб, унинг ўзи ва таржимон Жамол Камол номидан Дин ишлари қўмитасига ариза киритганини айтди.

Мухбирнинг: "Таржимани чоп этмаслик қарори сиёсий қарор эмасми? Охир-оқибат, бунга рухсат берилишига ишонасизми?" деган саволларига жавобан Анвар Ҳусаинов:

- Бир нарса, дейиш жуда қийин. Лекин биз Ўзбекистонда мавжуд қонунларга амалга қилган ҳолда, Мусулмонлар идораси билан ҳамкорликда бу ишни амалга оширдик ва охир-оқибат, назмий таржимани чоп қилдиришга эришамиз, деб ишонаман, - деб таъкидлади.

Алишер Ҳусаинов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:55 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистонлик таниқли шоир Жамол Камол Ўзбекистонда илк бор қўл урилган Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилига шеърий таржимасига "Муфтий Бобохоновлар" жамғармаси Ҳомийлар кенгаши раиси Анвар Ҳусаинов ундови билан киришган эди.

Шоир таржимасининг рад этилгани хусусида Озодликка изоҳ беришдан тийилди ва таржима чоп этилишига умидворлигини билдириш билан чекланди.

Ўзбекистонда Қуръон маънолари шеърга солиб, ўзбек тилига таржима қилинаётгани ҳақида матбуотда кўп бор хабар берилган. Ўзбекистонлик тилшунос олимлар ва хусусан, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур ҳам бу лойиҳани фаол қувватлаётган эди.

Таржима рад этилгани ҳақида шайх ҳазратларидан ҳозирча муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Ҳозирга келиб Қуръони карим маъноларининг деярли барча тилларга таржимаси мавжуд. Ўзбек тилига илк таржималардан бири сифатида таниқли олим Олтинхонтўра Тарозий номи тилга олинади.

У киши биринчилардан бўлиб Қуръон маъноларини ўтган асрнинг ўрталарида ўзбек тилига ўгирган ва унинг таржимаси мусулмонлар орасида эски ўзбек ёзувида тарқалган.

Ўзбекистонда расман нашр этилган илк таржима эса 1991 йилда "Шарқ юлдузи" журналида босилган шайх Алоуддин Мансурга тегишли Қуръон маънолари таржимасидир.

Кейинроқ шайх Абдулазиз Мансур таржимаси ҳам чоп этилди ва ҳозирда бу таржималарнинг иккиси ҳам ўзбек тилида ўқувчи мусулмонлар ўртасида кенг мутолаа қилинади.

Аммо, шу вақтга қадар Ўзбекистонда Қуръон маънолари ўзбек тилида шеърга солинмаган. Шоир Жамол Камол қўл урган назмий таржима эса мусулмонлар томонидан кутилаётган илк назмий таржима бўлиши кутилаётган эди.

XS
SM
MD
LG