Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:18

Фарғонада коллеж талабаси рўмолини ечишга мажбурланди


Ўзбекистон ўқув юртларида қизларнинг рўмол ўрашига қарши кураш давом этмоқда. Фарғонадаги Агросаноат коллежининг биринчи курс талабаси бошидаги рўмолини ечишга мажбурланди.

Бу ҳақда талабанинг акаси Озодликка маълум қилди.

- Синглим Фарғона тумани Агросаноат касб-ҳунар коллежида биринчи курсда ўқийди. Ўқиш бошланганидан буён рўмол ўраб борар эди. Оддий рўмол, жағининг пастидан ўраладиган рўмол. Шу пайтгача индашмаганди. Кеча директор чақиртириб, сўкибди, рўмолни ечтирибди. Ҳамма қизларнинг олдида шарманда қилибди. Мумкин эмас экан, қайсидир диний гуруҳларга қўшилиб қолсанг, биз балога қоламиз, дебди-да, - дейди исми сир қолишини истаган муслима талабанинг акаси. (Ака ўзининг ҳам, синглисининг ҳам исмлари айтилишини истамади)

Ўзбекистонда 2012 йилдан ўрта ва олий ўқув юртларида талабалар ҳатти-ҳаракати ва кийинишига оид ягона низом кучга кирган.

Ана шу низомга мувофиқ талабаларнинг ўқишга рўмол ўраб боришлари мумкин эмас. Қоидани бузганлар сессия зачётларини ола олмасликлари, ёки ўқишдан ҳайдалиши мумкин.

Фарғона тумани Агросаноат касб-ҳунар коллежининг ўқув ишлари бўйича бўлими ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда талабаларнинг ўқишга рўмол ўраб боришлари мумкин эмаслигини айтди.

- Уйида бемалол рўмолини ўраб юраверсин. Лекин, ўқишга белгиланган тартиб доирасида кийиниб келиши керак. Бу ерда нафақат рўмол, талаба ва ўқувчиларимиз калта юбкаларни кийиб, елкаларини очиб юриши, ажнабий ёзувли кўйлаклар, футболкаларни кийиб ўқишга келиши ҳам мумкин эмас. Тартиб-интизом бор ва ҳамма шунга амал қилиши керак, - деди Фарғона тумани Агросаноат касб-ҳунар коллежининг ўқув ишлари бўйича бўлими ходими.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, рўмол ўраган бир неча муслима талаба ўқишдан ҳайдалган ҳоллари ҳам мавжуд.

Бундан аввал Марғилондаги Педагогика коллежининг 1-курс талабаси Матлуба Маматовани рўмол ўрагани учун коллеж директори ва илмий бўлим мудири ўқув юртидан ҳайдаб чиқаргани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ҳуқуқ фаоллари мусулмон аёлларни рўмолларини ечишга мажбурлаш уларнинг фуқаролик ҳуқуқларини поймол этиш эканини таъкидлаб келишади.

Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг раҳбари Суръат Икромов Озодлик билан суҳбатда бошидаги рўмоли ечтирилган ўнлаб талабалардан шикоятлар олганини айтади.

- Жуда кўп талабалар рўмолини ечишга мажбурланганини айтиб, ташкилотимизга келишган. Айримлари ўқишдан ҳайдалган. Ўқитувчилар ҳам рўмол ўраб боргани учун ишдан ҳайдалганини айтиб, бизга мурожаат этган. Энди бу ерда бир нарсага эътибор қаратмоқ керак. Бу ерда диний либос – ҳижоб ҳақида гап бораётгани йўқ. Ҳижобни, тўғри, ўқишга кийиб бориш мумкин эмас. Лекин, рўмол ўрашга тақиқ йўқ. Ўзбек аёллари қадимдан бош яланг юрмаганку, - дейди Суръат Икромов.

Айни пайтда Ўзбекистонда рўмол ўраган аёлллар хусусий корхоналар ва давлат органларида ҳам камситилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонда оқ дўппига қарши камапния ҳам давом этмоқда. Ўтган ойда Ўзбекистонда имомлар масжидларга Ҳайит номозини адо этгани оқ дўппи кийиб борган намозхонларга оқ дўппиларни ечишни буюргани, акс ҳолда масжиддан чиқариб юборилиши ҳақда огоҳлантиргани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG