Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:17

Пахтадан қайтган икки талабани босиб ўлдирган термизлик ҳайдовчи қамоққа олинди


Терим тугаган бўлса ҳам далалардан келаётган ўлим хабарлари тўхтамаяпти.
Терим тугаган бўлса ҳам далалардан келаётган ўлим хабарлари тўхтамаяпти.

Сурхондарëдаги Термиз университетининг пахтадан қайтаëтган талабаларидан икки нафарини машина босиб кетди.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига кўра¸ тўрт кишига жароҳат етказиб¸ икки киши ўлимига сабаб бўлган Нексия ҳайдовчиси эҳтиëт чораси сифатида суддан олдин қамоққа олинган ва ҳодиса юзасидан жиноят иши очилган.

Манбанинг айтишича, Сурхондарë вилояти Қизириқ туманида пахта терган талабалар 22 октябр кечаси автобусларга чиқарилиб, Термизга олиб келинган:

- Қизириқдан қайтган теримчи студентлар тушган автобуслар 22 октябр куни соат кечки ўнлар атрофида Термиз университети биноси олдига келди. Студентлар кўчани тўлдириб юборишди. Шу пайт давлат рақами 75 F 851 MA бўлган Нексия машинаси катта тезликда келиб, олти нафар талабани уриб юборди. Икки талаба воқеа жойида жон берди. Тўрт талаба турли жароҳатлар билан касалхонага ëтқизилди. Воқеа айбдори қўлга олиниб, эҳтиëт чораси сифатида судгача ҳибсда турадиган бўлди. ДТП (йўл транспорт ходисаси демоқчи - таҳр.) юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 102-моддаси бўйича, яъни “эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш” моддаси бўйича жиноят иши қўзғалган¸ - дейди Озодлик манбаси.

Пахтадан қайтаëтиб ўлган икки талабанинг исмларини аниқлашнинг иложи бўлмади.

Воқеа гувоҳларидан биринининг Озодликка маълум қилишича¸ ҳодиса ДАН ходимининг Нексия машинасини қувлаб келиши оқибатида юз берган:

- Кечқурун эди. Пахтадан қайтган талабалар автобуслардан тушиб, маршруткаларга чиқиб, уй-уйларига тарқалишаëтган эди. Шу пайт бир Нексия машинаси катта тезликда келиб, студентларни уриб юборди. Поқ этган товуш чиқди. Қарасам, Нексияни бир ДАН машинаси қувлаб келаëтган экан, - дейди суҳбатдош.

Воқеа юзасидан Сурхондарë вилояти ИИБ ва прокуратурасидан бу борада бирор расмий изоҳ олишнинг ҳануз имкони бўлмади.

Шунингдек, бу борада Термиз Давлат университети маъмурияти ҳам изоҳ бермаётир.

Жорий йил пахта мавсуми бошидан буён пахта терими билан боғлиқ Озодликка маълум бўлган ўлим ҳолати 21 тага етди.

21 октябрь куни Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги 82-сонли ўрта умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Соҳиба Туримова маҳаллий дала шийпонлардан бирида ўзини осиб ўлдирди.

18 октябрь куни Фарғона вилояти Бешариқ тумани ички ишлар бўлимининг участка нозири, 35 ёшли капитан Асилбек Мазокиров ўз шахсий автомобилида пахта ортилган тракторнинг ташқи ёритгичлари ишламаган прицепига бориб урилиши оқибатида ҳалок бўлди.

Самарқанд Автомобилсозлик коллежининг 3-босқич талабаси Воҳид Жўраев 18 октябрь куни пахта теримида вафот этди. Коллеж маъмуриятига кўра, Нарпай тумани далаларида пахта тераётган 18 яшар Воҳиджон юрак хуружидан ўлган.

17 октябрь куни Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида пахта планини бажармагани учун туман ҳокимлиги мулозими томонидан ҳақоратланган фермер Ҳабибулло Эгамбердиев уйига қайтгач, ўзини осди.

15 октябрь куни Жиззах вилояти Зомин тумани Қишлоқ хўжалик ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг пахта теримига чиқарилган биринчи босқич ўқувчиси Беҳзод Қаҳҳоров ток уришидан вафот этди.

10 октябрь куни Жиззах вилоятининг Арнасой туманига бир ойга пахта теримига сафарбар этилган Чирчиқ шаҳридаги “МАХАМ-СHIRCHIQ” қўшма корхонасининг ишчиси Наримон Мустапаев Арнасой тумани марказий касалхонасида жон берган.

9 октябрь куни туғруқхонада ҳамшира бўлиб ишлайдиган онаси ўрнига Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманига пахта теримига сафарбар этилган бахмаллик 22 ёшли Файзиддин Абдурасуловни трактор босиб кетди.

5 октябрь куни "GM-Ўзбекистон" автомобиллари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган Асакадаги ЎзДонгВонКо қўшма корхонасининг 19 ёшли ишчиси, вилоятнинг Қўрғонтепа туманида пахта тераётган Аббосбек Таптиев пахта теримида вафот этди.

3 октябрь куни Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманидаги Тоза-Амиробод овул фуқаролар йиғинига қарашли “Истам-Туркман” фермер хўжалигига пахта теримига мажбуран сафарбар этилган аёлнинг икки фарзанди ёнғиндан чиққан тутунга димиқиб, ҳалок бўлди.

2 октябрь куни эса Гулистон Давлат университети Физика-математика факультетининг пахта теримига сафарбар этилган иккинчи курс талабаси, 19 ёшли Шамсиддин Бобосаидов Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманида вафот қилди.

28 сентябрь куни Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида пахта теримига сафарбар этилган Тахиатош касб-ҳунар политехника коллежининг учинчи курс ўқувчиси, 18 ёшли Мажид Ўтеганов ўзини осди.

25 сентябрь куни Фарғона вилояти Данғара туманининг Қиёли қишлоғида яшовчи 57 ёшли Мурод Мелиқўзиев мактабда ўқиётган невараси ўрнига пахтага чиққан пайти далада жон берди.

23 сентябрь куни Андижон вилоятининг Избоскан туманида содир бўлган автоҳалокатда Пахтаобод тумани йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи оғир жароҳат олиб, уч кундан сўнг касалхонада жон берди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, “ДАН” бошлиғи бошқараётган Нексия автомобили пахта ортиб кетаётган, ташқи чироқлари ишламайдиган трактор прицепига тунда бориб урилган.

Айни шундай воқеа 17 сентябрь куни Олтинкўл туманида содир бўлган ва бир киши вафот этган эди.

20 сентябрь куни Шаҳрисабз тумани Духчи қишлоғидаги касб-ҳунар коллежининг Муборак туманига пахтага сафарбар қилинган директори Ибодулла Бобоев ҳам автоҳалокатда нобуд бўлди.

14 сентябрь куни Тошкентдан Сирдарёга ҳашарчиларни олиб кетаётган автобус колоннаси уриб юборган йўловчи шифохонада вафот этди. Воқеа гувоҳларига кўра, ҳалок бўлган фуқаро бойсунлик мардикор бўлиб, уни милиция ходими қувлаган пайти ушбу ҳалокат содир бўлган.

XS
SM
MD
LG