Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:38

Немис ҳарбийларининг Термиз базасидан фойдаланиш муддати узайтирилди


Германия ҳарбийларининг Термиз ҳарбий ҳаво базасидан фойдаланиши ҳақидаги шартнома 31 октябрь куни тугаши арафасида келишув муддати узайтирилди. Бироқ Германия ва Ўзбекистон Мудофаа вазирликлари шартнома қанча муддатга, қандай шартлар асосида узайтирилгани ва базанинг ижара ҳақи йилига қанча бўлиши тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмади.

Германиядаги Die Welt нашри жорий йил июнида Ўзбекистоннинг Термиз ҳарбий ҳаво базаси яқинида Германия армиясига қарашли юк ташувчи вертолётнинг ерга қулагани немис ҳарбийларининг Термиз базасидан фойдаланиши ҳақидаги шартномани узайтириш борасида олиб борилаётган сўзлашувларни мураккаблаштирганини маълум қилди.

Нашрга кўра, немис ҳарбийларининг Термиз базасидан фойдаланиши ҳақидаги шартноманинг муддати 31 октябргача бўлган.

Германия Мудофаа вазирлиги (Бундесвер)нинг ўз исми ошкор этилмаслигини сўраган мулозими, Озодлик билан суҳбатда, немис ҳарбийларининг Афғонистон чегарасига яқин жойлашган Термиз ҳарбий ҳаво базасидан фойдаланишига ҳуқуқий асос бўладиган шартнома муддати узайтирилганини тасдиқлади.

- Мендаги маълумотларга кўра, шартнома узайтирилган. Ўртада узилиш йўқ. Шартнома тафсилотлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасман. Ҳозир бу ҳақда бошқа ҳеч нарса айта олмайман,- деди Бундесвер расмийси.

Германия Мудофаа вазирлигининг бошқа расмийси, Озодлик билан суҳбатда, Термиз базаси ижараси ҳақидаги шартнома оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилинмаслиги тўғрисида келишиб олингани боис маълумот бера олмаслигини, таъкидлади.

- Ўзбекистон ва Германия Мудофаа вазирликлари муҳокама қилган Термиз базаси масаласини биз ҳозир очиқ муҳокама қила олмаймиз. Чунки томонлар шу ҳақда келишиб олган. Бу Термиз базасининг ижара ҳақи масаласига ҳам тегишли,- дея баён қилди Бундесвер мулозими.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати ҳам немис ҳарбийларининг Термиз базасидан фойдаланиш муддати узайтирилгани ҳақида Озодликка маълумот бермади.

Афғонистонга жойлаштирилган НАТО етакчилигидаги халқаро коалиция кучларининг жанговор қисмлари 2014 йил охирига қадар бу мамлакатдан олиб чиқилиши режаланган.

Бундесвер расмийсининг Озодликка маълум қилишича, шу кунларда Афғонистоннинг шимолий вилоятларида 1600 нафар немис ҳарбийлари бор. 2015 йилда улар сони ярмидан кўпроққа қисқартирилиши режаланган.

Германия Мудофаа вазирлиги расмийси НАТОнинг жанговор қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилишига қарамай, Термиз немис ҳарбийлари учун муҳим база бўлиб қолишини урғулади.

- Халқаро тинчликпарвар кучларнинг Афғонистондаги миссияси тугатишига қарамай, биз муҳим бўлган қўллаб-қувватлаш вазифамизни давом эттирамиз. Бу эса, Термиз муҳим стратегик ҳаво базаси бўлиб қолишини англатади,- деди Бундесвер расмийси.

Суҳбатдош Афғонистонда немис ҳарбийлари сони қисқартирилишига қарамай, ҳозир Термиз ҳаво базасида фаолият юритаётган 110 нафар немис ҳарбийлари сонини камайтириш режаланмаганини қўшимча қилди.

Германия ҳарбийлари Термизда базага 2002 йил 15 февралида жойлаштирилган. Дастлаб Германия ҳукумати база ижараси учун Ўзбекистонга ойига 240 минг евро ҳақ тўлаган.

2005 йилда Германия айни база ижараси учун йилига 12 миллион 400 минг евро тўлаган.

Ўзбекистон ва Германия ўртасида 2011 йилда эришилган келишувга мувофиқ, Германия Термиз базаси учун тўланадиган йиллик ижара ҳақини 15 миллион 950 минг еврога кўтарган.

XS
SM
MD
LG