Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:23

Масъуллар болалар пахта теришга зўрланган атиги 8 ҳолатни аниқлади


Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Эшимсўқмоқ қишлоғида мактаб болалари пахтада, 14-октябрь 2014 йил.
Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Эшимсўқмоқ қишлоғида мактаб болалари пахтада, 14-октябрь 2014 йил.

Пахта теримида болалар меҳнатидан мажбуран фойдаланиш ҳолларини аниқлашга масъул миллий мониторинг гуруҳи ёш болалар далада ишлаётганига оид 49 та ҳолат қайд этилгани, 41 ҳолатда болалар ўз хоҳиши билан далага чиққани аниқланганини даъво қилди. Бу хулосани ХМТ экспертлари ҳам қўллаб турган бир пайтда қатор вилоятларда ўқувчилар яна далага қувилди.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Тошкентда яшайдиган эксперти Ҳарри Талига Ўзбекистонда болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланишга оид аҳвол сезиларли равишда яхшиланаётгани ҳақида баёнот берди.

ХМТнинг 2014-йилда пахта далаларини кезган эксперти Ҳарри Талига
ХМТнинг 2014-йилда пахта далаларини кезган эксперти Ҳарри Талига

Расмий манбаларда Ҳарри Талига ва ХМТнинг яна бир эксперти Викинг Хусберг бу йил ҳукумат тайинлаган мониторингчилар билан бирга Жиззах ва Сирдарё вилоятлари пахтазорларида бўлгани хабар қилинди.

2008 йилда Ўзбекистон ҳукумати Болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланишга қарши халқаро конвенцияни ратификация қилган ва Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнатини тўхтатишни даъво қилган миллий дастурни тасдиқлаган.

Ана шу дастур асосида 2013 ва 2014 йиллар давомида пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнатидан мажбуран фойдаланиш ҳолларини аниқловчи миллий мониторинг гуруҳлари ташкил қилинмоқда.

ХМТ тавсиялари асосида тузилган миллий мониторинг гуруҳи сентябрь-октябрь ойларида республика пахта далаларида 18 ёшдан кичик теримчилар юрганига оид 49 та ҳолат аниқланганини даъво қилмоқда.

41 ҳолатда вояга етмаган теримчилар ўзи ёки ота-онасининг истаги билан пахта даласига чиққани аниқлангани айтилди. Қолган 8 ҳолатга масъул коллеж раҳбари ва фермерларга 12 миллион сўм (5 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима солинган.

Айни пайтда, вояга етмаган болалар қаерда ва ким томонидан пахта теримига мажбуран жалб қилингани ёки бунга масъул шахслар ким эканига оид аниқ маълумот берилмади.

Аммо, Ҳарри Талига ХМТ талаблари ва техник маслаҳати ёрдамида ташкил қилинган миллий мониторинг гуруҳи халқаро талабларга мос равишда ишлагани ва ушбу гуруҳнинг хулосаси ХМТ ҳисоботларида қайд этилажагини айтмоқда.

AFP агентлигига берган интервьюсида Талига: "Айтишим мумкинки, Ўзбекистон пахта терими мавсумида болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланишга оид вазиятни аниқлаш бўйича жуда яхши мониторинг ўтказди. Вазият яхшиланмоқда", деб эътироф этган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси расмий сайтида ёзилишича, миллий мониторинг гуруҳлари таркибига Касаба уюшмалари Федерацияси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, ҳудудий нодавлат ташкилотлар вакиллари жалб этилган. Жами 8 та ҳудудий ишчи гуруҳи тузилган.
Хусусан, айни манбада ХМТ экспертлари – Викинг Хусберг ва Харри Таллига 29-30 сентябрь кунлари Жиззах туманидаги “Зафар Диёр” фермер хўжалиги ҳамда Иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида, Сирдарё вилоятидаги Ховос транспорт коллежида бўлгани, у ерда олиб борилаётган мониторинг жараёнидан қониқиш ҳис қилгани расман хабар қилинди.
Пахта терими кампанияси давомида Ўзбекистоннинг турли вилоятларидаги Озодлик манбалари ва оддий теримчилар мониторинг гуруҳлари борган ва пахтазорга кирган ҳудудлардан хабарлар йўллаб турди. Озодлик манбаларига кўра, бу гуруҳлар аввалдан танлаган ҳамда хабардор қилинган фермер хўжаликлари, касб-ҳунар коллежлари ва лицейларда мониторинг ўтказган.
Натижада, ХМТ экспертлари ҳамроҳлигидаги Миллий мониторинг гуруҳлари келиши олдидан пахта теримига чиқарилган коллеж ва лицей ўқувчилари ҳамда уларнинг ўқитувчилари билим даргоҳларига қайтарилганига оид ҳолатлар Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида қайд этилди.
Айни пайтда Озодликка оддий ўзбекистонликлардан келаëтган хабарларга кўра¸ миллий мониторинг гуруҳи кетиши билан аксар вилоятларда коллежларнинг 1-2-босқич ўқувчилари баробарида мактабларнинг юқори синф ўқувчиларини пахтага чиқариш ҳолатлари яна кўпайган.

Бу ҳолатни тасдиқлаган маҳаллий ҳокимият мутасаддилари республика режани бажарган бўлса-да, "юқоридан теримни давом эттириш ҳақида топишириқ берилаётгани", бунинг учун аҳолнинг деярли барча қатлами максимум теримга сафарбар қилинаётганини тан олмоқдалар.

Айни пайтда, пахта теримига мажбурий сафарбар этилган ўқувчилар, талабалар, турли бюжет ташкилотларида ишловчи ҳашарчиларнинг турли хил фалокатларга учраши жорий йилда ҳам кўп содир бўлмоқда. Озодликка маълум бўлган пахта қурбонлари сони эса бу йил 19 нафарга етди.

Ана шундай қурбонлар ҳисобига Ўзбекистонда йиғилган бу йилги пахта хирмони 3 миллион 300 минг тоннани ташкил қилди. Ўзбекистон дунёга пахта экспорт қилувчи бешинчи йирик давлат ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG