Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:07

Чилонзорда светофорлар бир кунда бир неча соат ишламаяпти


Тошкентнинг Чилонзор туманида “умуман ток йўқлиги, светофорлар ишламаётгани, машиналар тиқилиб кетгани” тўғрисида Озодликка бир-биридан мустақил бир неча манба хабар қилди. Шаҳар кўчаларига светофорлар ўрнатувчи корхона вакили Чилонзор туманида светофорлар ўчиб қолаётганини тан олар экан, бу ҳолатни нафақат электр энергияси таъминотидаги узилишлар, балки туман йўлларида олиб борилаётган реконструкция ишлари билан ҳам изоҳлади.

Чилонзордаги вазият тўғрисида хабар қилган муштарий билан 3 ноябрь куни Тошкент вақти билан кундуз соат 12.55 да боғландик.

Эрталаб соат 9 да ўчган светофорлар суҳбатдошимиз биз билан гаплашиб турган дақиқада ҳам ишламаётган эди. “Якшанба куни ҳам соат 9 дан 12 гача ишламаган”, деди манба.

Тошкент шаҳри 3 ноябр кунги вазият
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:46 0:00

3 ноябрь куни Чилонзордаги аҳвол Учтепа тумани кўчаларида ҳам кузатилди.

Озодликка етиб келган бу маълумотларни текширган муштариймизга кўра, куннинг иккинчи ярмига қадар туманда банк муассасалари, шифохоналар ва маиший хизмат кўрсатиш муассасаларининг кўпчилиги ишламаган.

Бироқ Чилонзор 20 А, 4 а манзилида жойлашган банк ходими биз боғланган вақтда электр энергияси борлигини, чироқ бундан 3 кун олдин – жума куни 2 соат бўлмаганини айтди.

Айни пайтда Чилонзордаги кўпчилик муассалаларда чироқ тез-тез ўчиши одатий ҳолатга айланиб бормоқда.

Тумандаги “Ором-люкс” масъулияти чекланган жамияти ходимига кўра, бир неча кундан бери такрорланаётган бу ҳолатни Тошкент шаҳар Электр тармоқлари идораси туманларга электр энергиясини етказиб беришга чеклов жорий этилгани билан изоҳламоқда.

“ГорПЭСга (шаҳар электр тармоқлари корхонаси-таҳр.) қўнғироқ қилсак жавоб беришмайди, бугун бир ходимимиз бориб келди. Биз аҳолига сауна хизматини кўрсатамиз, бугун тушгача мижозларимиз келиб, қайтиб кетишди. Бир неча кундан бери аҳвол шу. Нима эмиш, ограничение бормиш. Бошқа туманларда ҳам шу аҳвол. Биз ҳам майли, ёнимиздаги чорраҳада автомобиллар билан юзага келаётган тартибсизликни айтмайсизми? Светофорлар ишламаяпти, ГАИлар ҳаракатни тартибга солишга қийналмоқда”, дейди “Ором-люкс” ходими.

Озодлик мухбири ўзини “Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги 2-батальон инспектори Усмонов”, деб таништирган ходим билан мулоқот қилди.

Инспектор 3 ноябрь куни пойтахтда ёғаётган кучли ёмғир ва электр энергиясининг йўқлиги йўл ҳаракатини бошқаришда жиддий муаммолар туғдираётганидан ёзғирди.

“Эрталабдан бери тинкам қуриб кетди. Ҳайдовчилар бебош, бир-бирини уриб кетай, дейди. Мана шу чорраҳанинг (Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмаси назарда тутилмиоқда — таҳр.) ўзида 7 та йўл транспорт ҳодисаси рўйхатга олинди. Агар свет бўлмай аҳвол шу тариқа давом этадиган бўлса, шаҳар йўл ҳаракатини видео орқали назорат қилиш ҳам бефойда”, деди Усмонов.

Чилонзор тумани Қатортол кўчасида жойлашган “Саноатқурилишбанк”нинг пул ўтказмалари шохобчаси ходимаси Ларисанинг таъкидича, шохобча свет йўқлиги сабабли мижозларга хизмат кўрсатмади.

Тумандаги Тошкент шаҳар Шошилинч Тез Тиббий Ёрдам марказининг реанимация ва қабул бўлимларидан ташқари аксарият биноларида 3 ноябрь куни свет бўлмади.

Озодлик Тошкент кўчаларига светофор ўрнатувчи корхонанинг ўзини таништирмаган ходими билан боғланди.

Унинг айтишича, светофорларга электр энергияси билан таъминлаш учун алоҳида сим тортилмаган. Яъни светофор ўрнатилган ҳудудда чироқ бўлмаса, светофорлар ҳам ёнмайди.

Чилонзорда светофорлар ишламаётганининг яна бир сабаби тўғрисида айтди “светофорчи”:

- Ҳозирда светофорлар тизими реконструкция қилинмоқда, бу таъмир шаҳар маркази, шу жумладан Чилонзорда олиб борилмоқда. Шунинг учун эски светофорлар ёмон ишламоқда.

Тошкент кўчаларига светофор ўрнатувчи корхона вакилининг фикрича, аҳвол Янги йилгача ўнгланиб қолиши мумкин.

Бироқ Тошкентдаги манбамиз вазиятни ўрганар экан, пойтахт кўчаларидаги оғир вазиятнинг асосий сабаби энергия таъминотидаги чекловлардир, деган хулосага келди.

Тошкент шаҳар Электр Тармоқлари Идорасининг номини очиқламаган ходимига кўра, пойтахт туманларининг даҳа ва маҳаллалари электр энергияси таъминотига шахмат шаклида чекловлар жорий қилинган.

Ўтган ҳафтада пойтахтнинг Яшнобод ва Миробод туманлари, бу ҳафтада Чилонзор ва Учтепа туманларида ана шундай аҳвол кузатилди. Кейинги ҳафтада Олмазор ва Юнусобод туманларида чекланишлар бўлиши мумкин. Ходим бу ҳолнинг сабабларини изоҳлай олмаслигини айтди.

Ўзбекистонда кейинги йилларда кузатилаётган энергия тақчиллиги бу йил янада кучайгани Озодликка етиб келаётган хабарлардан кўриниб турибдики, улар билан Zimiston.uz жонли блоги орқали танишиб боришингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG