Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:31

Қодиржон Ботиров иккинчи бор сиртдан умрбод қамоққа ҳукм қилинди


Ўш шаҳар суди Қирғизистондаги ўзбек жамоаси етакчилари Қодиржон Ботиров ва Иномжон Абдурасуловларни 2010 йилдаги қонли воқеаларга алоқадорликда айблаб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. 23 октябрь куни бўлган маҳкама ҳақида Бош прокуратура 4-ноябрь куни маълумот тарқатди. Бунга қадар Ботиров Жалолобод судида умрбод қамоққа ҳукм қилинган эди.

Қирғизистондаги ўзбеклар етакчилари устидан суд ҳукми сиртдан эълон қилингани ҳақидаги маълумотни 4-ноябрь куни Қирғизистон Бош прокуротураси жамоатчиликка маълум қилди.

Расмий хабарда айтилишича, маҳкама 23 октябрь куни Ўш шаҳар судида очиқ тарзда ўтказилган.

Прокуратура матбуот котиби Сейитжон Апишев бу борада Озодликка мана буларни маълум қилди:

- Ўш шаҳар судининг 2014 йил 23 октябрь кунги қарори билан 2010 йилнинг июнида Ўш шаҳри, Ўш ва Жалолобод вилоятларида содир бўлган оммавий тартибсизликлар ташкилотчилари Қодиржон Ботиров ва Иномжон Абдурасулов умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Каромат Абдуллаева 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди, - деди Сейитжон Апишев.

Ўзбек етакчилари суд томонидан миллий низо ҳамда ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида зўравонликлар келтириб чиқарганликда айбдор, деб топилган.

Бунга қадар айни айбланувчилар 2010 йилда Жалолободда бўлган қонли воқеаларга алоқадорликда айбланиб, судланган эди. 2011 йилда Жалолобод вилоят суди Қодиржон Ботиров ва Иномжон Абдурасуловни умрбод, Каромат Абдуллаевага эса 16 йиллик қамоқ жазосини берган эди.

Аммо, Жалолободдаги маҳкамага тақдим қилинган тергов материаллари ва суд ҳукми матни билан тўлиқ танишиш имкони берилмаган қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова тахминича, ўзбек лидерлари Ўш ва Жалолобод вилоятлари ҳудудида содир бўлган воқеалар юзасидан алоҳида-алоҳида судланган.

- Жалолободда 17-20 майида тартибсизлик бўлиб, ўша ерда ҳам 5-6 одам вафот этган, 50-60 одам яраланган. Жалолобод суди, шу ишни қараган бўлса керак. Ҳозирги маҳкама эса Ўшда содир бўлган воқеалар юзасидан ўтган бўлса керак, - дейди Азиза Абдурасулова.

2010 йилдаги Ўш ва Жалолобод воқеаларида ноҳақ айбланиб, ҳибсга олинган кўплаб ўзбекларни озод қилишга муваффақ бўлган фаол Азиза Абдурасулова ўзбек етакчилари устидан бораётган сўнгги маҳкамалардан хабарсиз эканини айтди.

Айни пайтда, Швецияда яшаётган Қодиржон Ботиров Ўш шаҳар суди қарорини 2015 йилги сайловларга тайёргарлик, деб баҳолади.

- Биринчидан, Қирғизистон ўзининг ўзбеклар ва уларнинг етакчиларига нисбатан олиб борган сиёсатини ҳеч кимдан сир тутмаяпти. Менимча, бунинг асосий сабаби, 2015 йилда парламент сайлови бўлади, кимдир қирғиз халқининг миллий қаҳрамони, яна кидир душмани бўлиши керак. Амалдаги қирғиз ҳукумати шундай тайёргарлик кўраяпти, - деди Қодиржон Ботиров.

Қодиржон Ботиров билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:12 0:00
Бевосита линк

Шунингдек, Қодиржон Ботиров 2010 йилги Ўш воқеалари юзасидан Қирғизистонда ўтаётган маҳкамаларда унинг ҳуқуқини ҳимоя қилаётган адвокат йўқлигини, маҳаллий адвокатлар турли босимлардан қўрқиб, Ботировни ҳимоя қилишга рози бўлмаётганини айтди.

- Қирғизистондаги адвокатлар бизни ҳимоя қилишга қўрққанидан рози бўлмаяпти. Халқаро ташкилотларга ҳуқуқий ёрдам сўраб, қилган мурожаатларимизга ҳалиям жавоб йўқ, - деди Ботиров.

2010 йилда Қирғизистон жанубида этник низолар асосида юзага чиққан зўравонликлар, бунинг ортидан 4 кун — 10 июндан 14 июнга қадар давом этган қонли воқеалар чоғида ҳукумат ҳисобича, 450 одам ўлган, минглаб одам яраланган, яна минглаб одам уйини ташлаб қочишга мажбур бўлган.

Ўш ва Жалолободдаги ҳуқуқ фаоллари ҳамда ўзбеклар жамоалари етакчилари ҳисобича, қурбонлар ҳамда жабрланганларнинг аксариятини ўзбек миллатига мансуб фуқаролар ташкил этади.

XS
SM
MD
LG