Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:09

Яккабоғлик аптекачи қора маскалилар томонидан отиб ўлдирилди


Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани марказида жойлашган аптека мудири Бахтиёр исмли йигит 29 октябрь куни кечқурун иш жойида отиб кетилди. Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбаларига кўра, аптекачини номерсиз машинада келган, юзига қора ниқоб тортган одамлар отган. Яккабоғ тумани милицияси шундай воқеа бўлганини тасдиқлади.

Яккабоғ тумани марказидаги 2-касалхона ёнида жойлашган аптека мудири 44 ёшли Бахтиёр исмли йигит номаълум шахслар томонидан отиб кетилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган яккабоғлик манбанинг айтишича, қотиллар қора ниқобда бўлган:

- Бу воқеага гувоҳ бўлган одамлар билан гаплашдим. Уларнинг айтишларича, воқеа 29 октябрь куни кеч соат 10ларда содир бўлган. Бахтиёр исмли аптекачи ишини тугатиб касса пулини ҳисоблаётган пайтда қора ниқобли одам аптекага кириб уни тўппончадан отиб ташлаган. Қотил пулларни олиб¸ номери йўқ Дамас машинасида қочиб кетган, деди манба.

Манбанинг айтишича, бу воқеадан сўнг туманда одамларни, автомобилларни текшириш кучайиб кетган:

- Аввал Яккабоғ милицияси текширишни бошлади, кейин вилоят милицияси келди. Қотилни топишолмаяпти. Кеча Тошкентдан махсус гуруҳ келди, деб эшитдим. Болницани атрофида кузатув камералари бор экан. Ўшанга тушиб қолган ҳар бир одам, больницада ишлайдиганлар бир четдан сўроқ қилинаяпти, деди манба.

Яккабоғ тумани Ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими ҳақиқатан шундай воқеа бўлганини тасдиқлади. Бироқ мулозим тергов тугамагунча ҳалок бўлган аптекачи фамилиясини очиқламаслигини айтди.

Ўзбекистонда ўқ отар қурол воситасидаги қотилликлар кам учрайдиган ҳодиса ва Озодликка маълум бўлган ҳодисаларда бундай жиноятни қурол сақлашга ҳақли кучишлатар тизимлари ходимлари содир этгани қайд қилинган.

Ўзбекистон президенти эълон қиладиган амнистиялар асосида ўғри ва қотилларнинг ҳам озодликка чиқарилаëтгани¸ қолаверса¸ Россиядаги иқтисодий вазиятнинг оғирлашаëтгани муносабати билан ўзбек муҳожирларининг ватанга қайтиб ишсиз қолаëтгани кузатувчиларга кўра мамлакатдаги криминал вазиятнинг оғирлашувига сабаб бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG