Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:00

Қора бозорда доллар рекорд ўрнатди - 3 минг 450 сўмга чиқди


Тошкентдаги қора бозорларда АҚШ доллари 10 ноябрь куни 3 минг 450 сўмга чиқди ва Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён рекорд даражада қимматлади. Бунга қадар қора бозорда АҚШ доллари нархи 3 минг 50 сўмгача кўтарилган эди. Россияда рубль арзонлаши ортидан Ўзбекистонга хориждан келаётган валюта ҳажмининг сезиларли даражада пасайгани нафақат қора бозор, балки деҳқон бозорларида ҳам нархнинг кескин ошишига олиб келди.

Тошкентдаги Олой ва Қўйлиқ қора бозорларида 10 ноябрь куни 1 АҚШ доллари 3 минг 450 сўмга чиқди.

Олой бозоридаги вазиятни кузатган мустақил журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, саррофлар доллар нархининг ошишини Россия бозоридаги вазият билан боғламоқда:

- Олойдаги қора бозорда бугун доллар нархи 3 минг 450 сўмдан сотилди, аҳолидан эса 3 минг 410 сўм, 3 минг 415 сўмдан сотиб олинди. Саррофлар эртага 3 ярим мингга чиқади, деб туришибди, - дейди журналист.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери қора бозорда АҚШ долларининг бу қадар қиммат нархга сотилгани қайд этилмаган эди.

- Мустақилликдан бери доллар қора бозорда 3 минг 50 сўмга чиққан эди. Саррофларнинг ўзлари бу вазиятни Россияда рубль тушиши боғлаяпти ва табиийки, бу ҳаммага аён ҳозир. Кутилганидек, бозорда ҳам нарх-наво ошиб кетди. Кейинги бир неча кундан буён нарх ошаяпти ҳозир. Масалан, энг арзон қўш гўштининг нархи 25-30 минг сўм, супермаркетларда эса 35-40 минг сўмга чиқди. Ҳатто, дорихонада дори ҳам қимматлади, - дейди журналист.

10 ноябрь куни Россия Федерацияси Марказий банки 1 АҚШ доллари нархини 45 рубль 89 копейка, деб эълон қилди. Бир ой олдин 1 АҚШ доллари 40 рубль 20 копейка эди.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Тошбекнинг фикрича, Тошкент қора бозорларида доллар нархининг ошиши Россия рублининг қадрсизланишига билвосита боғлиқ, аммо бевосита эмас.

Гарчи саррофлар Россияда доллар ошганию муҳожирларлардан келаётган хорижий валюта оқимининг озайгани боис, доллар нархи ошганини айтаётган бўлса-да, аслида нархни сунъий оширишга оид навбатдаги амалиёт бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди иқтисодчи.

- Ўзбекистонда доллар нархининг ошиши ва тушиши мавсумий характерга эга. Мисол учун, ҳар йили Янги йил байрами олдидан доллар арзонлайди. Сўм танқислиги бошланади. Яъни, ҳозир спекулянтлар шу вазиятдан фойдаланиб, долларни нархини ошириб юборган бўлиши мумкин. Ҳозир қиммат нархда долларни сотади, кейинроқ арзонда сотиб олади ва орадаги фарқдан каттагина даромад қилади, деган фикрлар ҳам бор, - дейди муқобил фикрни тилга олган иқтисодчи Тошбек.

Шу кунларда Ўзбекистон Марказий банки ҳам АҚШ доллар расмий курсини 4 сўм 25 тийинга оширди ва ҳозир расмий курс 2 минг 392 сўму 50 тийинга етди.

Исмини ошкор этмаслигимизни сўраган яна бир тошкентлик иқтисодчи фикрича, Ўзбекистонда доллар расмий курсининг ошиши бозордаги вазият билан боғлиқ эмас:

"Доллар расмий курсининг йилига 10-12%га ошиши макроиқтисодий прогнозга киритилган. Шу сабабдан, бу ерда бозор принципи йўқ. Бундан ташқари, ҳозирда расмий курсни қора бозор курсига яқинлаштириш ва курслар унификацияси стратегияси ҳам кун тартибида умуман йўқ. Аслида, унификацион курс иқтисодиёт ва ташқи савдони либераллаштириш учун жуда аҳамиятли масала", деб ёзди иқтисодчи.

Ўтган йили Россиянинг турли ўлкаларидан Ўзбекистонга 6,633 миллиард доллар маблағ жўнатилган. Россия Марказий банки ҳисоботига кўра, бир йил олдин бу кўрсаткич тақрибан 17 фоизга камроқ бўлиб, 5,668 миллиард долларни ташкил этган.

Муҳими, ўтган йил давомида икки мамлакат ўзаро пул айирбошлаши 7 миллиард 196 миллион доллар маблағни ташкил этган.

Эндиликда Россияда рубль қадрининг шитоб билан тушиши бу давлатдан Ўзбекистонга борадиган хорижий валюта - асосан, АҚШ доллари ҳажмининг сезиларли равишда камайишига олиб келишидан хавотир билдирилмоқда.

- Бу ҳолда, биринчидан, Россияда рублда ойлик олиб, уни долларда Ўзбекистонга жўнатган муҳожирлар ютқазади. Унинг Ўзбекистондаги оиласи эса долларни қимматроққа алмаштирса ҳам ютган пулини бозордаги қиммат нарх-наводаги маҳсулотга сарфлайди. Натижада, икки томон ҳам охир-оқибат ютмайди, балки қанчадир миқдорда ютқазади ҳам, - деб ҳисобламоқда тошкентлик иқтисодчи.

Лекин, иқтисодчи Тошбек ҳозирча бундай хулосага шошилмаслик керак, деган фикрда:

- Йил охирига келганда бозорда шунақа кўтарилиш-тушишлар бўлади. Шунинг учун йил охирини кутиш керак ва статистикани кўриш керак. Биз кутгандан кўра бошқачароқ натижалар бўлиши мумкин, - деб таъкидлайди Тошбек.

Ўзбекистон қора бозорларидаги бугунги вазиятни шарҳлаган яна бир иқтисодчи Озодликка Ўзбекистонда қора бозорга иши тушадиган фуқаролар учун бир тавсиясини йўллади:

"Даромади сўмда бўлганлар харажати долларда бўлмаса, ҳозир доллар оладиган пайт эмас. Даромади долларда бўлганлар яқин орадаги катта бўлмаган харажатлари сўмда бўлса, долларни сотганлари маъқул. Жамғармаси долларда бўлганларга, масалан, алмаштириб, мол-қўй олиб қўйишлари мақсадга мувофиқроқ", деб ёзди тошкентлик иқтисодчи.

XS
SM
MD
LG