Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:31

Жаҳон тиллари университети декани порахўрликда айбланмоқда


Деканнинг айби исботланса, у 15 йилгача қамоққа ҳукм этилиши мумкин.
Деканнинг айби исботланса, у 15 йилгача қамоққа ҳукм этилиши мумкин.

10 ноябрь куни Тошкент шаҳар прокуратураси Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети рус филологияси факультети декани Фахриддин Абдураҳмоновни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205-моддаси (Мансаб ваколатини суистеъмол қилиш) ва 210-моддаси 3-қисми (Пора олиш) билан айблаш ҳақидаги айблов хулосасини муҳокама учун Тошкент шаҳар судига юборди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар прокуратурасидаги Озодлик манбаси хабар қилди.

Манбага кўра, 41 яшар Фахриддин Абдураҳмонов шу йилнинг 26 октябрь куни Тошкент шаҳар прокуратурасининг Солиқ, валюта ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш Департаменти ва МХХ тезкор вакиллари томонидан ҳибсга олинган. Дастлаб Тошкентдаги 64/1-сонли муассаса (Тоштурма)да сақланган Фахриддин Абдураҳмонов кейинчалик йирик миқдордаги гаров пули эвазига озодликка чиқарилган.

Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тасдиқланган айбловга кўра, Фахриддин Абдураҳмонов Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети қабул комиссиясининг масъул котиби сифатида 2014-15 йилларда университетга қабул ишлари билан шуғулланган. Шу йилнинг октябрь ойи бошларида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ва Республика Давлат Тест марказининг талабаликка қўшимча ўринлар бериш тўғрисидаги қарорига асосан самарқандлик абитурентнинг онасидан келишилган 13.000 АҚШ доларининг 10.000 долларини пойтахтдаги “Отчопар” бозори ҳудудида олаётганида ҳибсга олинган.

Университетдаги манбаларимиз эса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Фахриддин Абдураҳмоновга аввалдан тузоқ қўйилганини иддао қилишмоқда. Боиси Абдураҳмонов тошкентлик ўзига тўқ хонадон соҳибларининг фарзанди сифатида аллақандай бир неча минг долларга эҳтиёжи бўлмаган. Қолаверса, тергов даврида ундан университет раҳбарияти ва Давлат Тест марказидаги амалдорларга нисбатан қарши кўрсатмалар олишга ҳаракат қилинмоқда.

Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети рус филологияси факультети декани Фахриддин Абдураҳмоновга нисбатан илгари сурилаётган айбловлар тасдиқланса, у масъул мансабдор шахс сифатида 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

XS
SM
MD
LG