Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:58

Ўзбек чегарачилари қирғизистонлик контрабандачини отиб ўлдирди


Икки қўшни давлат сарҳадига тиканли симлар ўрнатилган...
Икки қўшни давлат сарҳадига тиканли симлар ўрнатилган...

Қирғизистон Чегара хизматига кўра¸ 13 ноябрь тонгида қирғиз-ўзбек чегарасидан контрабанда моллари олиб ўтишга уринган Қирғизистон фуқароси ўзбек чегарачилари томонидан отиб ўлдирилган. Воқеа Жалолобод вилояти Олабуқа тумани Ўзак қишлоғига яқин жойдаги Ўзбекистон ҳудудида содир бўлган.

Қирғиз Интернет нашрларининг милициядаги ўз манбаларига таяниб ëзишича¸ ўлдирилган қирғизистонлик 40 яшар Аҳмаджон Ëқубжонов ва у Жалолобод вилояти Олабуқа туманининг Подек қишлоғида яшаб келган.

Қирғиз чегарачиларининг Озодликка билдиришича¸ воқеа тафсилотларини ўрганиш ва Қирғизистон фуқароси жасадини оиласига қайтариш учун ҳозирда икки давлат чегарачилари сўзлашув олиб бормоқда.

Бу жорий ҳафта ўзбек-қирғиз чегарасида ўқ отар қуролдан фойдаланилган иккинчи воқеа бўлди.

10 ноябрь куни Қизилқия-Қадамжой автойўлида Ўзбекистон чегарачилари фуқароларга қарши қурол қўллагани оқибатида тўрт нафар ўзбекистонлик ва Қирғизистоннинг Қадамжой тумани Марказ қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро тан жароҳати олганди.

2010 йил июнь ойида Ўш ва Жалолободда рўй берган қонли миллий низо ортидан Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарасини бир томонлама ëпиб қўйган.

Кейинги тўрт йил давомида икки қўшни давлат чегарасидаги фақат битта "Маданият" чегара пости очиқ қолмоқда ва бу ердан фақат махсус таклифномаси борларгина ўтиб-қайтиши мумкин.

Чегара ëпиқлиги боис Қирғизистондан нисбатан арзон истеъмол молларини Ўзбекистонга олиб ўтиш учун тадбиркорлар айланма йўллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда ва кейинги ойлар ичи кузатилган аксар чегара бузишларнинг айнан контрабанда билан боғлиқдир.

Ўзбекистоннинг Наманган вилояти билан чегарадош ҳудуд бўлган жалолободлик журналист Даврон Насибхоновнинг айтишича, айланма йўллардан оддий аҳолининг ўтиши деярли қолмаган бўлса-да, чегарадан ноқонуний товар олиб ўтиш давом этмоқда:

- Айланма йўл билан одамларнинг қўшни ўлкага ўтиши ёки ўзбекистонликларнинг Қирғизистонга ўтиши жуда қийинлашиб қолди. Лекин бу товар айланишига жуда катта таъсир кўрсатмади. Яъни товар маҳсулотларни айрибошлаш ёки Ўзбекистонга олиб чиқиш, менинг билишимча, мениng кузатишимча, аввалгидек давом этмоқда. Олиб ўтишнинг бироз баҳоси қимматлаган бўлиши мумкин, лекин товар киритишда жуда ҳам катта қийинчиликлар йўқ. Айланма йўллар билан товар олиб ўтаётганлар ҳам бор ва улар олдин қандай бўлса ҳозир ҳам шундай олиб ўтишмоқда, дейди Даврон Насибхонов.

Унга кўра, бу ҳолдан икки давлат чегарачиларининг ҳам xабари бор ва бу ишлар одатда чегарачиларнинг кўмагида амалга оширилади:

- Доимгидек товар алмашаяпти фақат ўша ердаги солдатлар билан келишган ҳолда, олиб ўтиш вақтини билиб, яъни улар айтган вақтда ўтилади. Ўзингиз истаган вақтда олиб ўтолмайсиз, лекин ҳар ҳолда товар кириб-чиқмоқда. Лекин бу майда тижорат билан шуғулланувчиларга тегишли эмас. Асосан катта ва ўрта бизнес билан шуғулланувчиларни иши тўхтагани йўқ, дейди Даврон Насибхонов.

Тахминларга кўра¸ 13 ноябрь куни отиб ўлдирилган қирғизистонлик контрабандачи молни ўзбек чегарачилари билан келишмай туриб олиб ўтишга уринган майда тадбиркор бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG