Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:35

“Коллеж талабалари қолдирилган дарс бадалини 1000 сўм билан ўтамоқда”


Озодликка мурожаат қилган Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги Тиббиëт коллежининг айрим талабалари касаллик туфайли қолдирилган ҳар бир дарс учун ўқитувчилар очиқчасига 1000 сўмдан нарх белгилаганини иддао қилди¸ коллеж маъмурияти эса бу иддаони инкор қилди.

Озодликка мурожаат қилган Олмазор Тиббиëт коллежи ўқувчиси саломатлиги туфайли дарсга бора олмагани¸ қўлида тиббий справка борлигига қарамай¸ ўқитувчилар ҳар қолдирилган дарс учун 1000 сўмдан тўлаб қўйишни талаб қилаëтганидан арз қилди.

“Балки бошқаларга билинмас¸ лекин биз қўли юпқа оиламиз. Аҳволимиз баъзида нонга пул излаб қоладиган даражада. Шунинг учун бунақа талаб оғир ботаяпти. Дўхтирдан справка ўтмасмиш. Биз справкани қандай олишларингни биламиз¸ ўзимиз тиббиëтчимиз¸ дейишди. Ўзи тузук-қуруқ дарс ҳам йўқ. Кўпинча устимизга оқ халат кийиб¸ фаррошлик қиламиз ўзи”¸ дейди Озодликка мурожаат қилган Тиббиëт коллежи ўқувчиси.

Унинг таъкидича¸ устидаги юпқа халати билан совуқ кунда ҳовли супуришга мажбурлангач¸ шамоллаб касал бўлиб қолиб дарс қолдиришга мажбур бўлган. Лекин маъмурият ва ўқитувчилар бу изоҳни инобатга олиш фикридан йироқ.

Кутилгани каби мазкур коллеж маъмурияти ўқувчилардан келган бундай арзни асоссиз деб атади:

- Медсправка нега ўтмас экан¸ ўтади. Лекин ўқувчи барибир қолдирилган ҳар бир пара дарсни отработка қилиши керак. Қолдирилган мана бу мавзуни ўқидим¸ деб келади дафтарни тўлдириб¸ отработка қилинади бешга¸ тўртга ëки учга. Бола ўқиб келиши шарт. Ҳеч қанақа пул-мул йўқ бу ерда¸ деди коллеж маъмуриятининг ўзини таништирмаган ходими.

Нафақат Олмазордаги Тиббиëт коллежи¸ балки Тошкент ва вилоятлардаги ўрта махсус ўқув юртлари ўқувчилари ҳам сабаблими¸ сабабсизми дарс қолдириш учун белгиланган нарх ставкалари борлиги ҳақида Озодликка хабар йўллашган.

Аксар туман коллежлари юқори синф ўқувчилари Россия ва Қозоғистонга ишлашга кетгани боис¸ давомат дафтарига НБ тушмаслиги учун мудир ва ўқитувчиларга мунтазам ҳақ тўлаб келгани иддао қилинади.

Ўқувчилар давомати Бош прокурор назоратида

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Вазирлар Маҳкамаси нашри “Правда Востока” газетасининг ўтган йил 2 июль сонида эълон қилган мақоласида коллежлар ўқувчилари давоматига оид ташвиш билдирган эди.


Ўз мақоласида коллеж ва академик лицейлар ўқувчиларининг дарс қолдириши сабабларини таҳлил қилган Рашиджон Қодиров¸ 2012-2013 ўқув йилида коллежлар ва академик лицейларнинг 5 мингдан зиёд ўқувчиси систематик тарзда дарс қолдиргани билдирган эди.

Давоматдаги узилишларнинг икки асосий сабаби борлиги таъкидлаган Бош прокурор¸ бунга ўқув юртлари раҳбариятининг жинояткорона ҳаракатлари ҳамда ота-оналар ва бошқа масъул шахсларнинг жиноятга тенглашувчи лоқайдлигини тилга олган эди.

Давоматни ëпиш учун ўқувчилардан пора олинаëтгани Бош прокурор таъкидлаган “ўқув юртлари раҳбариятининг жинояткорона ҳаракатлари”га кирадими-йўқми¸ буниси мақолада очиқланмаган. Аммо ўқув юртларида ишлаëтган ўқитувчилар эътирофича¸ нафақат Олмазор Тиббиëт коллежи¸ балки аксар ўқув юртлари¸ айниқса¸ олий ўқув юртларида қолдирилган дарс жазосини пул билан ўташ амалиëти кенг тарқалган.

- Чора¸ дарс қолдирган талабага ҳайфсан эълон қилишдан уни ўқишдан ҳайдашгача боради. Дейлик¸ талаба 20-20 соат дарс қолдирган бўлса¸ дўхтирдан справка олиб келади¸ лекин отработка учун декан ва ўқитувчиларга 50-100 минг сўмгача пора ҳам беради. Декан ва замдеканлар “давомат солиғи”га жуда мазахўрак бўлиб қолишган¸ дейди Ўзбекистондаги олий ўқув юртларидан бирининг Озодлик суҳбатлашган ўқитувчиси.

Кузатувчиларга кўра¸ коллежлар ўқувчилари давоматининг Бош прокуратура доимий ва синчков назорати остига олингани¸ давоматни ëпиш учун олинаëтган порани йўқ қилиш ўрнига¸ унинг миқдори ошишига хизмат қилган¸ холос.

XS
SM
MD
LG