Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:42

Музликларнинг эриши ортидан Марказий Осиё саҳрога айланиши мумкин


Тожикистондаги Ибн Сино чўққисидаги музликлар.
Тожикистондаги Ибн Сино чўққисидаги музликлар.

Жорий ҳафта Душанбеда минтақадаги музликларнинг эриши ортидан 50 йилдан сўнг Марказий Осиёнинг саҳрога айланиши хавфини олдини олиш масалалари муҳокма қилинди. БМТ қўллови билан ўтказилган анжуманда минтақанинг таниқли олимлари иштирок этди.

Минтақани сув билан таъминловчи Тяньшань ва Памир тоғларидаги музликларнинг эришига дунёнинг глобал тарзда исиб бораётгани ва техноген омиллар сабаб бўлаётгани айтилади. Душанбеда ўтган анжуманга йиғилган олимлар фикрича, музликларнинг шу тарзхда эриши давом этса, 50-60 йил ичида Марказий Осиёда кесин тарзда сув танқислиги юзага келади.

Тадқиқотчиларнинг айтишича, сўнгги 30 йил ичида Қирғизистондаги музликларнинг ўн беш фоизи эриб, йўқ бўлиб кетган. Агар ҳавонинг иссиқлик ҳарорати ҳозиргидай сақланиб турса, унда 2050 йилга келиб музликларнинг 40 фоизи йўқ бўлиб кетади.

Олимлар ҳисоб-китобича, 1970 йилда Қирғизистонда 8 минг музлик бўлган. Ҳозирги кунда эса уларнинг сони олти ярим мингни ташкил қилади. Сўнгги ўн беш йилда минтақадаги музликларнинг узунлиги бир ярим чақиримга қисқариб, қалинлиги 50 метргача эриган.

Музликлар масаласини Германиядаги илмий муассаларда тадқиқ этган тадқиқотчи Муратали Дуйшенакунов бу борада мана буларни айтди:

-Ҳар бир музликнинг ҳажми 10 фоиздан ўттиз фоизгача озайган. Баъзи музликларнинг тўртдан бир қисми, баъзиларининг тенг ярми, айрим музликлар эса бутунлай йўқ бўлиб кетди. Бу музликларнинг ҳар бирини таҳлил қилдик. Кейинги 10-15 йил ичида музликларнинг асосий қисми йўқолиб кетишда давом этишини кутиш мумкин, -деди тадқиқотчи.

Марказий Осиёдаги сув ҳавзаларини асосан Қирғизистон ва Тожикистондаги музликлар сув билан таъминлайди. Шунинг учун ҳам Душанбе анжуманида Тожикистон энергетика ва сув заҳиралари вазири Султон Раҳимзода минтақа учун долзарб бўлиб турган бу муаммони ҳал этиш учун давлатлараро мувофиқлаштирилган сиёсатни ишлаб чиқиш тўғрисида таклиф киритди.

Анжуманда иштирок этган Ўзбекистон вакиллари эса музликларни минтақа давлатлари тадқиқотчилари билан ҳамкорликда ўрганиш ва сақлаб қолиш масаласини кўтардилар.

Музликларни ўрганувчи Марказий Осиё институтининг таниқли тадқиқотчиси Азамат Ўсмўнов минтақада музликларни сақлаб қолиш масаласига бирорта давлат бугунги кунгача эътибор қаратмаганини, бугунги кунда хатто музликларнинг рўйхати ҳам йўқлигини айтди:

-Ҳозир музликларнинг қаталогларини янгилашимиз керак. Бу каталоглар совет давридан бери янгиланмаган. Каталогларнинг янгиланиши музликларни яхшироқ ўрганишга хизмат қилади, -деди мутахассис.

Бундан аввалроқ Қирғизистон парламенти Марказий Осиёда биринчи бўлиб музликларни ҳимоя қилиш ва уларни техноген таъсирдан сақлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилган эди. Бироқ президент Атамбаев бу қонунни айрим камчиликлардан ҳоли эмас, деган сабаб билан имзолашдан бош тортган эди.

XS
SM
MD
LG