Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:22

Ўзбекистон дунёда иккинчи йирик "қуллар мамлакати" деб тан олинди


Walk Free Foundation ташкилоти эълон қилган Global Slavery Index -2014 рўйхатида Ўзбекистон қулликка солинган фуқаролар сони кўп бўлган иккинчи мамлакат, деб қайд этилди. Австралияда жойлашган ташкилот ҳисобича, Ўзбекистонда 1 миллион 200 минг одам қулдир. Ҳисоботда меҳнатга мажбурланган ҳар қандай шахс қул, деб эътироф этилган.

Walk Free Foundation тадқиқотчиси Жина Дафалияга кўра, Ўзбекистон ҳозир ҳам ўспиринлар ва катта ёшлиларни мажбуран пахта даласида ишлатмоқда ва бу ҳолда меҳнатга мажбурланган ҳар қандай шахсни қул, деб таснифлаш мумкин.

- Ҳисоб-китобимизча, ҳозир Ўзбекистонда қарийб 1 миллион 200 минг одам замонавий қулликда яшамоқда. Биз буни турли манбалар асосида ўрганиб чиқдик. Ўзбекистонда ҳар йили пахта теримида миллиондан зиёд одам пахта теришга мажбурланиши турли ташкилотлар тарафидан ҳужжатлаштиришгани бизга аён, - дейди Walk Free Foundation тадқиқотчиси Жина Дафалия.

Ҳуқуқ фаоллари, шу жумладан Жина Дафалия ҳам Ўзбекистонда пахта саноатига давлат масъул бўлгани учун қулликни тугатиш айнан давлат масъулиятида, деб ҳисоблайди.

Лекин, пахта теримидаги мажбурий меҳнат Ўзбекистондаги ягона муаммо эмас. Дафалия аёлларни мажбурлаб эрга бериш ёки уларнинг жинсий эксплуатацияси ҳам қуллик, деб қайд этмоқда ва тадқиқотчига кўра, бу муаммо Ўзбекистонда кўп йиллардан бери мавжуд.

- Қизлар вояга етмай туриб, мажбурий тарзда турмушга узатилади. Бу ҳам замонавий қулликдир. Бундан ташқари, Ўзбекистонда аёлларнинг сексуал эксплуатацияга мажбурланиш ҳоллари ҳам учрайди. Ўтган йили 135 аёлнинг жинсий эксплуатацияга мажбурланганини аниқладик, - дейди Жина Дафалия.

167 давлатдаги вазиятни ўрганган Walk Free Foundation ташкилоти сўнгги ҳисоботга кўра, дунёда 36 миллионга яқин одамни қул, деб аташ мумкин. Қуллик энг кўп тарқалган мамлакатлар эса Мавритания, Ўзбекистон, Гаити, Қатар ва Ҳиндистондир.

Ҳисобот муллифларига кўра, дунёда қуллар сони сўнгги бир йил ичида сезиларли ошган. Ўтган йили дунёда қулликка мажбурланганлар сони қайриб 30 миллионга яқин эди.

- Булар ўқишдан маҳрум қилиниб, меҳнатга мажбурланаётган болалар ёки эрта турмушга учирма қилинаётган қизалоқлар, ёки ўз ихтиёрига қарши ишлатилаётган аёл-эркаклардир. Афсуски, замонавий қулликка мажбурланаётган одамлар сони дунё бўйлаб ошиб боряпти, - дейди Жина Дафалия.

Global Slavery Index -2014 рўйхатида келтирилган Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон 93-ўринда, Тожикистон 95-ўринда, Қирғизистон 97-ўринда ва Туркманистон 98-ўриндадир.

Дунёда аҳоли сонига нисбатан қуллар кўп бўлган мамлакат Мавританиядир. Ушбу мамлакатда аҳолининг 4 фоизи қулликда яшамоқда.

Қуллик энг кам бўлган мамлакатлар эса Янги Зелландия ва Исландиядир. Янги Зелландияда қуллар сони умумий аҳолининг 0,13 фоизини ташкил этса, Исландияда қул деб аташ мумкин бўлган 23 одам бор.

XS
SM
MD
LG