Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:07

Қирғизистоннинг ташқи қарзи хавфли кўрсаткичга яқинлади


Қирғизистоннинг ташқи қарзи Ички ялпи маҳсулотнинг 60 фоизига яқинлаб, пул миқдорида 3 миллиард 400 миллион доллардан ошди. Бу ҳақда Қирғизистон Молия вазири Ольга Лаврова маълумот берди.

Қирғизистон Молия вазири Ольга Лаврова очиқлаган маълумотларда айтилишича, Қирғизистон Хитойдан 1 миллиард 42 миллион доллар, Россиядан 300 миллион доллар, Япониядан 253 миллион доллар, Германия ва Туркиянинг ҳар биридан 100 миллион доллар қарздор. Бундан ташқари Қирғизистонга Жаҳон банки 700 миллион доллар, Осиё банки 600 миллион доллар, Халқаро валюта жамғармаси 200 миллион доллар қарз берган.

-Йил охиригача ташқи қарз миқдори 3 миллиард 400 миллион доллардан 3 миллиард 700 миллион долларга етиши кутилмоқда. Бу эса Ички ялпи маҳсулотнинг 54 фоизидан 58 фоизигача бўлган миқдорни ташкил этиши мумкин, -деди Молия вазирлиги расмийси Назарбек Малаев.

Шунга қармай Қирғизистон Қозоғистондан 100 миллион доллар, Россиядан 500 миллион доллар қарз олишни режалаштирмоқда.

Қирғизистон парламентининг Бюджет ва молия қўмитаси аъзоси Ўмурбек Абдрахманов ташқи қарз мамлакат хавфсизлиги ва иқтисодига таҳдид соладиган даражага етганини маълум қилди:

-Қарзнинг бу даражага етиши заиф иқтисодни бира-тўла барбод қилади. Шунинг учун иқтисодда ташқи қарз миқдорининг 60 фоизга етиши ўта хавфли ҳисобланади. Қарз мана шу кўрсаткичга етганда иқтисод қулайди. Буни халқаро амалиёт кўрсатиб турибди. Аммо қарзсиз ҳам яшай олмаймиз. Қарзимизнинг ўта кўплиги ортидан янаги йилга қарз ололмай қоламиз. Агар қарз олмасак яна инқирозга дучор бўламиз, - деди депутат.

Ўмурбек Абдрахманов фикрича, 2015 йилда Қирғизистоннинг Россия етакчилигидаги Божхона иттифоқига кириши ортидан мамлакатдаги молиявий ва иқтисодий вазият янада оғирлашувини кутиш мумкин. Бироқ Қирғизистон Молия вазирлиги инқирозли вазият юзага келмаслиги учун ташқи қарз миқдорини 60 фоизга еткизмаслик чора-тадбирларини кўраётганини айтмоқда.

Айрим мутахасислар эса Қирғизистоннинг Хитойдан энг кўп қарздорлиги келажакда миллий хавфсизликка таҳдид этадиган даражадаги сиёсий муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқда. Шунинг учун мутахасислар Қирғизистон олинаётган қарзларни аввалгидай инфраструктурани ривожлантиришга эмас, балқи ишлаб чиқариш корхоналарини қуришга сарфлаши керак, деган таклифни олға сураётирлар.

XS
SM
MD
LG