Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:03

Ўзбекистонда бўлажак дипломатлар хорижга чиқарилмаяпти


Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаларининг чет мамлакатларга чиқишига чеклов қўйилган. Бу ҳақда Озодликка хабар берган талабаларга кўра, олийгоҳ раҳбарияти четга чиқмоқчи бўлганларга хорижда "сув тошқинлари, бўрону-тўфонлар бўлаётганини таъкидлаб, уйда тинчгина ўтиришни маслаҳат бермоқда".

Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети бир гуруҳ талабаларининг Озодликка ёзган мактубида икки йилдан буён чет давлатларга чиқиш деярли тўхтатиб қўйилгани ҳақида ёзилади:

“Бизда охирги икки йил ичида талабаларни чет элга қўйишмаяпти. Жорий йилдан бу жиннича назорат одамни бўғадиган даражага етди. Ректор маслаҳатчиси лавозими ниқобидаги МХХ ходими бутунлай диктатура ўрнатиб олган. Summer school, Winter school, trainings/conferences – чет элга чиқишнинг ҳар қандай сабаблари ҳам бирор бир сабабсиз равишда ушбу “маслаҳатчи” ва Халқаро бўлим раҳбари томонидан норасмий тарзда тақиқланмоқда”, деб ёзилади мактубда.

Озодлик мактубда исмлари келтирилган талабалардан бири билан боғланди. Овози ёзиб олинмаслик шарти билан гапирган бу талабанинг айтишича, ҳар сафар четга чиқишга рухсат сўраб мурожаат қилинганда Халқаро бўлим раҳбари куракда турмайдиган баҳоналарни келтиради:

“Сабаб сифатида одамнинг кулгисини қистадиган баҳоналарни айтишади. Эмишки, чет элда сув тошқинлари, бўрону тўфонлар бўлиб, атроф-муҳитни ифлосланганлиги бизнинг соғлиғимизга қаттиқ зарар қилармиш ва шунинг учун уйда “қисиб” ўтиришимиз керак экан”, дейди талаба.

Суҳбатдошнинг айтишича, “йўлини” қилиб четга чиқиб келган ўзбошимча талабалар университетдан ҳайдалиши билан таҳдид қилинмоқда:

“Бунақанги паранойяга асосланган ички тартиб Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари академик ҳаётларининг илк давридан тажриба ва билим орттириш, ўз профессионал карьераларини бошлашда улкан тўсиқларни яратиб, “тўтиқуш” кадрларга айлантириб қўймоқда. Наҳотки университет раҳбарияти бўлажак халқаро муносабатлар соҳасидаги кадрларнинг профессионал ҳаётига қанчалик жирканч тўсиқ бўлаётганликларини англаб етмаяптилар”, деди талабалардан бири.

Озодлик талабаларнинг бу иддаоларига муносабат олиш мақсадида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан боғланди. Олийгоҳнинг ўзини таништирмаган мулозими, ҳақиқатан ҳам талабаларнинг четга чиқиши чекланганини тасдиқлади:

“Тўғри, бунинг асосан иккита сабаби бор. Биринчиси, энг аввало биз ҳақиқатан ҳам талабаларнинг хавфсизлигини ўйлаяпмиз. Иккинчидан эса, уларнинг четга чиқишини биз ҳал қилмаймиз. Талабалар тўлдирган анкета Ташқи ишлар вазирлигига юборилади, улар хал қилади чиқиш ёки чиқмасликни. Лекин аксарият ҳолларда рухсат берилмаяпти”, деди университет мулозимларидан бири.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг ўзини Отабек деб таништирган ходими университет мулозимининг гапларини асоссиз деб айтди:

“Сизга хато айтишибди. Лекин, бу бизга тааллуқли эмас. Кадрлар бўлимига қўнғироқ қилинг”, деди матбуот хизмати ходими.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кадрлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими бу ҳақда ҳеч қандай маълумот беролмаслигини айтди:

“Биз бу маълумотни сизлар билан бўлишолмаймиз. Бу бизларнинг ички процедуралар, узр”, деди кадрлар бўлими мулозими.

Ўзбекистонда бошқа олий ўқув юртларида ҳам четга чиқишга талаб қилинадиган виза олиш учун олийгоҳдан рухсатнома талаб қилинади.

Жорий йилнинг ёзида Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги рухсатисиз ёзги таътил пайтида мактаб ўқувчиларининг ота-онаси билан хорижга саёҳатга чиқишини тақиқланган эди.

Шу йилнинг мартида эса Ўзбекистонда айрим давлат амалдорлари хорижга фақат мамлакат президенти, Вазирлар маҳкамаси ва президент девонининг тегишли хизматларидан махсус рухсатнома олганидан кейингина чиқа олиши ҳақида қарор қабул қилинган эди.

P.S. Мақола тайёрланаётган пайтда Озодлик Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Нодир Жумаев ишдан олингани ҳақида хабар олди. Олийгоҳ ректоратининг ўзини таништирмаган мулозими Нодир Жумаевнинг ишдан бўшатилганини тасдиқлади, аммо бунинг сабабини очиқламади.

XS
SM
MD
LG