Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:40

Ўзбекистонда дрон учқичлар тақиқланади


“Ўзбекистон. Қумликлар марвариди” номли ҳужжатли фильм дронли учқичлар ёрдамида суратга олинган
“Ўзбекистон. Қумликлар марвариди” номли ҳужжатли фильм дронли учқичлар ёрдамида суратга олинган

Мамлакатдаги видео студияларга тегишли юзга яқин радиобошқарувли дрон (мультикоптер)лар мусодара қилинди. Айрим хабарларга кўра, жорий ҳафта Вазирлар Маҳкамасининг дрон учқичларни Ўзбекистонга келтириш ва улардан фойдаланишни бутунлай тақиқлашга доир махсус қарорининг эълон қилиниши кутилмоқда.

Ўтган ҳафта Бухоро шаҳридаги тўртта видео студияга тегишли тўрт дона радиобошқарувли дрон учқичи мусодара қилинди. Бу ҳақда Озодликка гапирган видео студия раҳбарига кўра, солиқ ходимлари дрондан фойдаланиш учун лицензия йўқлигини рўкач қилишган:

"Тошкентдан 2 минг долларга олгандим. Бир ойча видео олдик. Анув куни налогчилар келиб, дронни ишлатиш учун лицензия олмагансан, деб конфискация қилишди. Шу пайтгача бирор одам дрон учқичлар учун рухсат олмаган. Бу ҳақда эшитмаганмиз. Бу борада огоҳлантиришмади ҳам. Энди эса дронларни ишлатиш мумкин эмас, дейишаяпти", деди Бухородаги видео студиялардан бирининг раҳбари.

Кейинги олти ой мобайнида мамлакатдаги айрим видео студиялар тепадан панорама қилинадиган кадрлар учун радиобошқарувли дрон (Hexacopter)дан фойдаланиб келаётган эди. Видео тасвир олишга мўлжалланган, учувчисиз бошқариладиган аппарат-мультикоптерлар пульт билан учадиган ўйинчоқ вертолётлар ҳажмидан каттароқ бўлиб, Тошкент дўконларида камида 2 минг АҚШ доллари атрофида сотилган.

Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси қошидаги Электромагнит мослашув марказидан олинган маълумотга кўра, ўтган бир ой мобайнида мамлакатдаги видео студияларга тегишли юзга яқин радиобошқарувли дрон мусодара қилинган:

“Булар биринчи навбатда биздан ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари"дан рухсат олиши лозим эди. Ҳеч бирида лицензия йўқ. Кейин бу дронлар ёмон ниятли шахслар қўлига тушса, хоҳлаган ишини қилиши мумкин. Террорчи хоҳлаган биносини портлатиши ҳам мумкинку бу ёрдамида. Шунинг учун дронларни йиғиштириб олиш ҳақида буйруқ бўлди”, деди мазкур марказнинг ўзини таништирмаган ходими.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг исмини очиқламаётганимиз мулозимига кўра, дронли учқичларнинг аэропорт ҳудудларига ўтиши ҳолатлари кузатилгани ҳам тақиққа сабаб бўлган:

“Дронлар учиб аэропорт ҳудудига ўтган бир нечта ҳолат аниқланди. Аэропорт ҳудуди ёпиқ ҳисобланади. Хавфсизлик масаласи бор. Шунинг учун мамлакатдаги барча дронлар йиғиштириб олинди. Ҳаво кодексига кўра, ҳар қандай учадиган нарса учун рухсат олиш керак”, деди авиакомпания мулозими.

Мазкур икки ташкилот мулозимларидан олинган маълумотга кўра, шу кунларда Вазирлар Маҳкамаси дронли учқичлар масаласини ўрганмоқда:

“Бир ҳафта ичида Вазирлар Маҳкамасининг постановлениеси (қарори-таҳр.) чиқади. Дронларни мамлакатга келтириш ва эксплутация қилишни тақиқлаш борасида”, деди суҳбатдошларимиз.

Ўзбекистонда дронли учқичлар ёрдамида видео ишлаш жорий йилда кўпайгани кузатилди.

Россиялик режиссёрларнинг “Ўзбекистон. Қумликлар марвариди” номли ҳужжатли фильми дрон учқичлари ёрдамида суратга олингани ҳақида маҳаллий матбуотда босилган хабарлардан сўнг ушбу аппаратга қизиқиш кучайган.

Кейинги пайтда пилотсиз бошқариладиган катта ҳажмдаги дрондан нафақат ҳарбий мақсадларда, балки маиший ҳаётда ҳам фойдаланиш оммалашмоқда.

АҚШда жорий йил ёзидан бошлаб дронларнинг тижорий парвозларини амалга оширишига рухсат берилди.

Аляска штатида нефть қувурлари, йўллар ва саноат иншоотлари ҳолатини дронлар ёрдамида кузатиш имконига эга бўлган.

Аввалроқ, дронларни ноҳарбий мақсадларида фақатгина Шимолий Муз океани устида учиришга рухсат этилганди.

XS
SM
MD
LG