Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:07

Фарғонада аҳолига баллонларда бериладиган газ кечикмоқда


Тошлоқ туманида аҳоли газ баллонларни тўлдириш учун навбат кутмоқда
Тошлоқ туманида аҳоли газ баллонларни тўлдириш учун навбат кутмоқда

Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида газ баллонларини тўлдириш учун 3 кун тик оёқда навбат кутган қишлоқ аҳли номидан шикоят бўлди. Таъминотда кечикиш бўлганини тан олган туман газ идораси газ қувуридан узилаётган хонадонлар сони ортиб, баллонда тарқатилаётган газга эҳтиёжнинг ошиши таъминотни секинлаштирганини айтмоқда.

Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида аҳоли газ баллонларни тўлдириш учун кунлаб навбат кутаётгани кузатилмоқда.

Шикоятларда айтилишича, туманнинг Қўрғонча маҳалласида аҳоли 3 кун тик оёқда газ баллонлари тўлдириб берилишини кутган:

"Ассалому алайкум, Фаргона вилояти,Тошлок туман Кургонча махалласидаги холат.. кечгача пропан газ кутдик, кемади номард.. бугунга ваъда килишди.. 3 кундан бери халоик овора!", (Хабар таҳрир қилинмади- таҳр.) деб ёзди фарғоналик манба.

Озодлик боғланган тошлоқлик Авазхон исмли тингловчининг айтишича, тўртинчи куни тушдан кейин туман газ идорасидан вакиллар келган ва йиғилган аҳоли газ баллонларининг чорагини олиб кетган:

- Икки кундан кейин 92-бўлиб навбатга ёзилдим. Одам кўп, росса куттириб, бугун келишди. 70 тача баллонни олиб кетишди. Яна келамиз, деб ваъда берган ҳали келмади, - дейди суҳбатдош.

Унинг айтишича, у яшайдиган маҳаллада 300 га яқин хонадон бор ва 3 кун куттириб, кейин борган газчилар 70 дан ортиқ бўш газ баллонларини олиб кетган. Қолганлар эса яна навбат кутишга мажбур бўлмоқда.

- Сабабини сўрасак, баллонларга янгидан шартнома қилиш керак экан. Шартномани пули 27 минг 770 сўмдан. Кейин ўша шартномани кўрсатасиз, баллонингизни олиб кетади. Складда навбатга қўйиб қўяркан. Икки кунда тўлдириб, қайтариб олиб келаркан, - дейди Авазбек.

Авазбекнинг айтишича, авваллари ҳам таъминотда кечикишлар бўлган, аммо эрталаб саҳардан ярим тунгача навбат кутишлар кузатилмаган. Кунлар совуб бораётган бир пайтда, бундай навбатларнинг пайдо бўлиши аҳолини қиш олдидан хавотирга солаётгани айтилди.

Бу шикоятга жавобан Тошлоқтумангаз идораси ва газ омбори масъуллари газ баллонларни тўлдиришда бироз кечикиш бўлаётганини тан олди. Кечикиш сабаби ҳам, шикоятда айтилгани каби, баллонларни расмийлаштириш жараёни билан боғлиқ.

Тумангаз идорасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик манбаси билан микрофонсиз суҳбатда қиш арафаси пропан газ қўйиладиган баллонлар ҳажми назоратдан ўтказилаётганини айтди:

"Газ баллонларининг кўпи эскириб кетган, техосмотр муддати тугаган ёки бирор жойига шикаст етган бўлади. Энди одамлар газ қуйиб беринг, деб олиб келаверади. Биз документига қараб, қайтараяпмиз. Шунақа ҳужжат иши кўпайиб кетгани учун сал кечикиш бўлаяпти, Лекин унақа 2-3 кунлаб ҳеч ким навбат кутгани йўқ", деди Озодлик манбаси билан суҳбатлашган Тошлоқ туман газ идораси ходими.

Туманда газ баллонларини тўлдириб берувчи омбор ходимидан олинган маълумотга кўра, истеъмол ҳажми ҳам ортмоқда.

"Ўтган йили 18 минг дона газ баллонни тўлдириб берардик. Бу йил мана 20 минг дона бўлди. Чунки, биринчидан кунларам совиб кетди. Кейин шу пайтгача газ ёниб турган жойларда ҳам газ ўчиб қолди, ўчирилди. Шунга уларам газ баллонга ўтаяпти. Кейин уларга ҳужжат қилиш керак, бунгаям ортиқча вақт керак. Лекин унақа 3 кунлаб навбат куттириб қўйган жойимиз йўқ, жуда оширворишибди", дея киноя қилди омборчи.

Аҳолиси 150 мингга яқин бўлган тумандаги маҳаллаларнинг деярли барчаси газ қувурларидан узилиб, баллонларда тарқатилаётган пропан гази таъминотига ўтказилгани айтилмоқда. Қувурдан борадиган газ билан фақат туман марказидаги Тошлоқ шаҳрининг марказий қисми таъминланмоқда.

Ўзбекистонда 2014-2015 йилги қишки мавсумда аҳолига газ деярли тўлиғича маиший баллонларда етказилиши шу йил январида маълум қилинган эди. Шунингдек, аҳолига баллонларда сотиладиган газ исиниш учун эмас, фақатгина емак пишириш учун мўлжаллангани айтилган.

Аҳолига икки хил ҳажм - 50 ва 25 литрдаги баллонларда газ сотилмоқда. 50 литрлик баллондаги газни 10 минг, 25 литрдаги газни 5 минг сўмга тўлдириб беришмоқда.

Баллонлар “Ўзтрансгаз"нинг унитар корхоналари ҳудудий бўлинмалари томонидан шартнома асосида аҳолига 5 йиллик муддатга ижарага берилмоқда.

Айни пайтда, “Ўзтрансгаз” акциядорлик ширкати аҳолига баллонларда етказиб бераётган газ қувурдаги газдан сезиларли даражада қимматлиги ва муҳими, исиниш учун мўлжалланмагани аҳоли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Яъни, қувурдан борадиган газнинг бир куб метри 140 сўм бўлган. Баллонлардаги газнинг бир куб метри 180 сўмга тушмоқда. Яна бир эътирозли жиҳат бундай баллонлардан кўп қаватли уйларда фойдаланишнинг тақиқланганидир.

XS
SM
MD
LG