Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:52

Зўрлаган эркакни чавақлаган аёл ўн йилга кесилди


Фарғона вилояти Олтиариқ туманининг Қизилтепа қишлоғида яшовчи 29 яшар Нуржамол Топтиева уни зўрлаб, кейин шантаж қилган 40 яшар Абдумалик Халиловни чавақлаб ўлдирди. Суд уни қасддан одам ўлдирганликда айбдор деб топиб, ўн йилга озодликдан маҳрум этди. Нуржамолнинг яқинлари унинг ўз номуси ва оиласини ҳимоя қилиш учун иложсизликдан қотилликка борганини суд ҳисобга олмаганидан ва унга жуда қаттиқ жазо тайинланганидан шикоят қилмоқда.

31 октябрь куни Фарғона вилояти Қўштепа тумани жиноят ишлари суди Олтиариқ туманининг Қизилтепа қишлоғида яшаган, уч фарзанднинг онаси 29 яшар Нуржамол Топтиевани қасддан одам ўлдирганликда айбдор деб топиб, уни 10 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Суднинг бу ҳукмидан норози бўлган Нуржамолнинг эри, Жаҳонгир Топтиевнинг Озодликка айтишича, унинг хотини шантаж қурбони бўлган:

- У бола (Абдумалик Халилов – таҳририят) билан биз ака-укадай гаплашиб юрардик. У бизнинг уйимиз яқинидаги подстанцияда монтёр бўлиб ишларди. Лекин у бир куни мен йўғимда уйга кириб хотинимни уриб, ҳушидан кеткизиб, зўрлаган. Кейин мен сени телефонга видеога олдим, бировга айтсанг Интернетга чиқариб юбораман, шарманда бўласан, деб қўрқитган. Хотиним қўрқиб ҳеч кимга айтмаган. Кейин яна бир марта мен билан ётмасанг интернетга чиқараман деб, зўрлаган,- дейди Нуржамолнинг эри.

Жаҳонгир шундан сўнг хотини камгап ва касал бўлиб қолганини айтади:

- Хотиним кечалари бақириб уйғониб кетадиган, тез-тез касал бўладиган бўлиб қолди. Мен эса уни муллаларга ўқитиб юрибман. Ахийри, бир куни менга тўғрисини айт нима бўляпти, дедим. Кейин хотиним бўлган воқеаларни айтиб берди. Абдумалик хотинимдан бир ярим миллион сўм пул топиб бермасанг видеони интернетга чиқариб юбораман деб таҳдид қилаётган экан. Мен айтдимки, бўлди уч бола менда қолади, сенга жавоб дедим. Хотиним роса йиғлади, лекин кетмади,- дейди Жаҳонгир.

Унинг айтишича, шу гапдан сўнг эртаси куни хотини Абдумаликни чавақлаб ташлаган:

- Мен саҳар мол боққани чиқиб кетдим. Хотиним уйда чой ичиб турган экан. Шу пайт Абдумалик уйга келиб хотинимни яна шантаж қила бошлаган. Пул қани, бўлмаса мен билан ётасан деган. Хотиним эса сен ифлос мени оиламни барбод қилдинг, йўқол деб бақирган. У эса хотинимни қўлидан судраб уйга олиб кирмоқчи бўлган. Мен айвонга қиш учун ўтин тайёрлаб қўйган эдим. Шу пайт хотиним бита ғўлани олганда унинг бошига солган. У бола дастурхонни устига йиқилиб тушган. Шунда хотиним дастурхондаги ошпичоқни олганда аямай санчиб олаверган. То жони чиққунча 18 марта пичоқ суқиб олган. Қий-чувларни эшитиб югуриб келсам Абдумалик чавақланиб қонига беланиб ётарди. Қўшнилар эса хотинимни маҳкам ушлаб олиб туришарди. Хотиним эса ўзида йўқ, бақириб дод вой соларди,- деди суҳбатдош.

Жаҳонгирнинг айтишича, шантаж домига тушиб қолган хотини бу азобларга хотима бериш учун бошқа чора тополмаган. "Суд эса унинг шантаж қилинганини, ноиложликдан қотилликка қўл урганини эътиборга олмаган", дейди суҳбатдош:

- Хотиним судда айтдики, мен уни чақирганим йўқку, у менинг уйимга бостириб келдику. У мени шантаж қилиб, яна пул талаб қилганидан, яна расмингни тарқатаман деганидан кейин мен бошқа чидолмадим, бошқа чорам қолмади, уни қандай пичоқлаганимни ҳам аниқ эслолмайман, деди. Лекин суд бу гапларни инобатга олмади. Прокурор ўн йил сўраганди, шунча берворди,- деди Жаҳонгир Топтиев.

Нуржамол Топтиевнинг адвокати Рустам Абдураҳмонов ҳам суднинг қароридан норози эканлигини Озодликка айтди:

- Икки марта қўрқитиб аёлнинг ногмусига теккан. Учинчи мартасида аёлнинг сабри бошқа чидамаган. Экспертнинг хулосаси ҳам бор. Нуржамол қотиллик содир қилганда кучли аффект ҳолатида бўлган. Мен суднинг ҳукмидан норозиман, аппеляцияга ҳам суд бу ишни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 98- кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдириш моддаси билан малакаланиши лозим эди, деб ёзиб бердим. 2 декабрда аппеляция бўлади, кўрамиз,- деди адвокат Рустам Абдураҳмонов.

Бу ҳукм юзасидан Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судидан муносабат олишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG