Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:21

UMS раҳбарияти SIM-карталарини кўпайтириш эҳтимолини инкор қилмади


МТС ширкати Ўзбекистондаги шўъбаси - UMS ширкати сотувга чиқарган SIM-карталар сонини оширишни режасини эҳтимолдан соқит қилмаётир. Ширкат матбуот хизмати вакили Дмитрий Солодовников Озодлик билан суҳбатда UMS ширкатининг муваффақиятли иш бошлаганини таъкидларкан, дастлабки 2 кунда сотилган SIM-карталар сони ҳақида маълумот бермади.

Солодовников ширкат раҳбарлари UMS муваффақиятли фаолият бошлагани ва шартномаларга талаб кутилганидек катта бўлганини айтди:

- Биринчи кун савдо офислари фаол ишлади. Шартномалар яхши сотилди. Умуман олганда, билдирилган талаб кутганимиздек бўлди. Биз талаб катта бўлишини кутган эдик, - деди МТС расмийси.

Дмитрий Солодовников UMS ширкати биринчи иш кунида мижозларга қанча SIM-карта сотилгани ҳақидаги маълумотларни ошкор эта олмаслигини қўшимча қилди.

UMS офисларига ажратилган SIM-карталар сотиб бўлинганидан кейин талабгорлар сони камаймаса, ширкат квотани оширадими, деган саволга жавобан Солодовников бундай эҳтимолни инкор қилмади:

- Келинг, бу масалада реал вазиятдан келиб чиққан ҳолда фурсати келганда гаплашайлик. Ҳозирча бу теоретик муҳокама бўлиб қолади. Агар буни тақозо қиладиган қанақадир вазият юзага келса, фурсати билан ҳал қиламиз, - деди мулозим.

Айни пайтда, Дмитрий Солодовников UMS SIM-карталарига талаб катта эканинидан ташкилот расмийлари қониқиш ҳис қилганини айтди.

UMS офисларида эса турнақатор навбатга тизилган мижозларга шартномалар сотилиши давом этмоқда.

Тошкентнинг Қўйлиқ даҳасида яшовчи Камрон Шодиев Озодлик билан суҳбатда 1 декабрь куни иккита UMS SIM-картасини 20 минг сўмга сотиб олгани ва янгиланган ширкатнинг хизмати сифатидан мамнулигини айтди.

- UMS оффиси кеча эрталаб соат тўққизда очилди. Мен 10 минг сўмдан иккита SIM-карта сотиб олдим. Ичида бир ярим доллардан пули бор, - дейди Камрон Шодиев.

Суҳбатдошга кўра, ўтган бир кун давомида UMS алоқа операторининг фаолиятида ҳозирча камчилик сезмаган.

- Телефон қиласиз ва тезда уланасиз. UMSда шунақа экан. Балки ҳозир мижоз кам бўлгани учун шунақадир. Масалан UMSдан UMSга чиқасизми, UMSдан Ucell ёки Beelineга қўнғироқ қиласизми 3 сент. SMS ҳам 3 цент. Абонентлик тўлови кунига 10 цент. Мен, асосан, Интернет учун олдим. UMSда ойига 100 Mbt бераркан. Кечаси фойдаланаманми, кундузими бемалол кириб кетавераман. Сифати ҳозирча яхши, - дейди Камрон Шодиев.

Бироқ янгиланган эски ширкатнинг хизмати сифатидан нолиганлар ҳам бор. Тошкентнинг Ҳасанбой мавзеида яшайдиган Жасур Соатов UMS SIM-картасини сотиб олгандан кейин, тармоққа уланиши қийин бўлганидан нолиди.

- Интернет слабийроқ. Мақтайдиган даражада эмас. SIM-картани 1 декабрда олдим, 2 декабрда подключение қилиб беришди. Бир кунда уч-тўрт марта бориб келдим кампанияга, - дейди Жасур Соатов.

Суҳбатдош фикрича, Ҳасанбой мавзесида UMS хизматининг сустлиги у ерда ширкат ўрнатган антенналар етарли эмаслиги билан боғлиқ.

Айни пайтда пул тўловларини амалга оширадиган PAYNET ширкати 1 декабрдан бошлаб UMS мобил алоқа хизматлари учун тўловларни қабул қилишини бошлади.

12news.uz нашри хабарига кўра, PAYNETнинг Ўзбекистонда 25 мингдан зиёд шохобчалари бор ва бир кунда 2 миллиондан ортиқ мижозга хизмат кўрсатади. 2012 йилнинг июнь ойи - собиқ "Ўздунробита" ширкати ёпилгунгига қадар PAYNET харидорларининг каттагина қисмини собиқ МТС мижозлари ташкил қилар эди.

XS
SM
MD
LG