Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:46

Ўзбекистон ва Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳамкорликда қайта ишлайди


Ўзбекистон ва Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган қўшма корхоналарни ишга туширади. Бу келишувларга санкциялар босими остида қолаётган Россиянинг айниқса мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган эҳтиёжининг кескин ошиб бораётгани шароитида эришилгани эътиборга сазовор.

Россиянинг Ўзбекистон мева ва сабзавотига эҳтиёжи ошмоқда

Ўзбекистон билан қўшма корхоналарни ишга тушириш масаласи Россия учун ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда.

Бу ҳақда расмий баёнот берган Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов россиялик истеъмолчиларнинг айниқса Ўзбекистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ошиб бораётган қизиқишига эътибор қаратди.

У мева ва сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган ускуналарни ишлаб чиқаришга қаратилган Россия-Ўзбекистон қўшма корхоналарини яратиш икки тарафлама ҳамкорликнинг яқин йиллардаги муҳим масалалардан бири бўлиб қолишини таъкидлади сешанба куни журналистлар олдида қилган чиқишида:

- Россия тарафи декабрь охирларигача тегишли таклифларни юборишни режалаштирмоқда, илк натижалар эса аллақачон 2015 йилнинг биринчи чорагида эълон қилинади, дея аниқлаштирди Шайхов Тошкентда ўтказилаётган AgroExpo-2014 халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмаси давомида.

Алишер Шайхов, шунингдек, ўтган ҳафта – 26 ноябрь куни Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссия йиғилиши натижалари борасида ҳам маълумот берди.

Икки тарафлама имзоланган якуний протоколга биноан, Ўзбекистон ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича компакт ускуналар ва замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга қаратилган ҳамкорликдаги лойиҳаларни ишга тушириш учун Россиянинг Саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Машинасозлар, озиқ-овқат ва қайта ишлаш ускуналари иттифоқи таклифларини киритганини билдирди.

Ҳукуматлараро учрашувда 2015 йилда тегишли давлат идоралари Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерацияси ҳудудида “тартибли равишда меҳнат фаолиятига жалб қилиш” борасида келишув ҳам имзоланиши айтилди.

Депутатлар 987,5 минг ўзбекистонликни иш билан таъминламоқчи

Айни пайтда, Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш вазирлиги расмий сайти аҳолини 2015 йилга иш жойлари билан таъминлаш дастури доирасида чет элдан қайтиб келаётган меҳнат муҳожирлари учун асосий иш жойлари мамлакатнинг 7 минтақасида барпо этилиши кўзда тутилганини хабар қилди.

“Дастур доирасида келгуси йилда ҳудудлар ва йўналишлар бўйича 261,6 мингта иш ўрни ташкил этиш ва 725,9 минг кишининг бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари кўрилади. Умуман олганда, дастурнинг бажарилиши 987,5 минг нафар кишининг ишга жойлаштирилишига кўмаклашади”, дейилади ушбу сайт.

Миграция соҳасидаги айрим экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон ташқарисида 6 миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат қилиб келмоқда. Уларнинг асосий қисми – Россия Федерацияси ҳудудидадир.

XS
SM
MD
LG