Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:03

Ўзбекистон дунëнинг энг коррупциялашган мамлакати бўлиб қолмоқда


3 декабрь куни 175 давлатдаги коррупция даражасига оид навбатдаги йиллик ҳисоботини эълон қилган Transparency International ноҳукумат ташкилоти Ўзбекистонни яна дунëнинг энг коррупциялашган ўнлигида қолдирди.

Бир балл қўшилди¸ лекин яхшиланмади...

Давлат ва жамоатчилик секторидаги порахўрлик кўлами бўйича Ўзбекистон 175 давлат орасида 166 ўринга қўйилди ва дунëнинг энг коррупциялашган давлатлари ўнлигидаги ўрнини яна сақлаб қолди.

Коррупциядан холилик 0 дан 100 га қадар ўлчанувчи шкалада Ўзбекистондаги коррупция даражаси 18 баллга баҳоланди ва бу борада қўшни Туркманистондан бир балл¸ рўйхат тубидаги Ироқ¸ Афғонистон ва Шимолий Корея каби давлатлардан атиги бир неча баллга фарқланди¸ холос.

Маркази Берлинда жойлашган Transparency International ташкилотининг постсовет ҳудудлари бўйича мувофиқлаштирувчиси Светлана Савицкая Ўзбекистоннинг коррупция индексидаги баҳоси 2013 йилга нисбатан бир баллга кўтарилгани¸ бироқ бу вазиятда эътиборга молик ўзгариш бўлганини англатмаслигини айтади:

- Биз бирор ўзгаришни ўзгариш деб тан олишимиз учун у камида 4 баллик кўтарилиш ëки тушиш бўлиши керак. Ўзбекистон рейтинги бу йилги рўйхатда бор-йўғи 1 баллга силжиди ва шу боис биз уни ижобий ўзгариш деб баҳолай олмаймиз. Айни пайтда¸ йўқдан кўра бор¸ деган нуқтаи назардан бу бир баллик кўтарилиш ҳам яхши томонга бурилиш¸ дегувчилар ҳам йўқ эмас. Моҳиятдаҳеч нарса ўзгармади ва Ўзбекистон йиллардан бери қандай рўйхат тубида келган бўлса¸ бу йил ҳам айни шундоқ энг коррупциялашган давлатлар ўнлигида қолди¸ дейди Светлана Савицкая.

Жазонинг муқаррарлигидан президент қизи ҳам қочиб қутула олмади?..

Ўзбекистон ҳукумати йиллардан бери мамлакатда коррупцияга қарши кенг кўламли кураш олиб борилаëтганини иддао қилиб келади. Хусусан¸ 2014 йил давомида республика Бош прокуратураси товламачилик ва коррупция орқали давлатга катта миқдорда иқтисодий зарар етказган бир гуруҳ шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғади ва улардан айримлари устидан йил мобайнида ҳукм ҳам эълон қилинди.

Президент тўнғичи Гулнора Каримова яқинларининг жазога тортилиши¸ президент қизининг ҳам терговга тортилиб¸ уй қамоғига ташланиши ҳуқуқ тизимлари томонидан кимлигидан қатъий назар жазонинг ҳамма учун муқаррарлиги принципи намойиши сифатида тақдим этилди.

Постсовет ҳудудида мисли кўрилмаган бундай шов-шувли жараëн Ўзбекистондаги коррупцияга қарши курашга баҳо беришда инобатга олинди¸ аммо тузум табиатидан келиб чиқиб¸ бу тергов ва маҳкамаларни коррупцияга қарши кураш деб баҳолашга ошиқаëтганимиз йўқ¸ дейдиTransparency International ташкилотининг постсовед ҳудудлари бўйича мувофиқлаштирувчиси Светлана Савицкая:

- Сиз тилга олган бу шов-шувли ишлар жамоатчиликда мана ҳукумат ҳам коррупцияга қарши нимадир қилаяптику¸ деган иллюзия туғдирмай қолмайди¸ албатта. Лекин коррупцияга қарши ҳақиқий кураш бораяпти¸ дейиш учун бундай кураш аҳëн-аҳëнда шов-шув туғдириш кампанияси эмас¸ жиддий ва муттасил жараëн бўлмоғи лозим. Ҳозирча биз Ўзбекистонда бундай жараëнга гувоҳ бўлганимиз йўқ. Айни пайтда¸ Гулнора Каримова билан боғлиқ ишларни Ўзбекистон прокуратураси ва маҳкамаси олиб бораяпти. Бу тизимларнинг сиëсий тузумга мутлақ қарам экани ҳаммага аëн. Шу боис¸ бу шов-шовли ишларни аксилкоррупция ҳаракати дейишдан кўра ўзбек олигархлари ўртасидаги молу мулк бўлашиш дейиш¸ тўғрироқ бўлса керак¸ дейди Савицкая.

Тузум коррупция кучайишидан манфаатдор...

Ўзбекистон МХХ собиқ ходими Икром Ëқубов коррупциянинг ўзбек давлатчилиги устунларини емириб бўлганини таъкидлайди ва жорий тузум коррупциянинг сақланиб қолишидан манфаатдор¸ деган хулосага келганини айтади:

- Ҳар қандай давлат ва жамиятни давлат ва жамият қилиб турадиган тўртта устун бор. Бу маориф ва таълим¸ соғлиқни сақлаш¸ ҳуқуқ тартибот ва ҳарбий соҳадир. Айнан ана шу соҳа порахўрлик энг чўққига чиққан соҳаларга айлантирилди. Бу соҳаларда коррупция институтлашган¸яъни прописка тизими қандай институтлашган бўлса¸ худди шундай. Энг олий даврада бу муаммони яхши билишади¸ аммо унга муаммо деб қарашмайди. Зотан энг тепада ўтирганлар коррупциянинг сақланиб қолишидан манфаатдор¸ дейди Икром Ëқубов.

Коррупционер ўзбекни Швейцария банкларидан мосуво қилиш мумкинми?

“Порахўр расмийлар¸ сиëсий элита давлат хазинасидан ўғирланган маблағларни мутлақ дахлсиз тарзда оффшор ширкатлар воситасида бехавотир жойларга олиб кетмоқдалар”¸ дейилади Transparency International ташкилоти 3 декабрь куни эълон қилган баëнотда.

Ана шундай ўғирланган пулларнинг Ғарб банкларига тоза даромад сифатида кeлиб ўрнашиши олдини олиш учун ташкилот жаҳон ҳукуматларидан Дания каби коррупциядан деярли холи давлатлар тажрибасини қабул қилиб¸ мол-мулкни қайддан ўтказишнинг жамоатчилик учун шаффоф қизимини яратишга даъват қилмоқда.

- Бизнес тизимларини рўйхатга олиш реестрлари жамоатчилик учун очиқ бўлиши керак. Ҳар бир ширкат ва мол-мулкнинг асл эгаси кимлиги¸ унинг охирги бенефициари кимлигини ҳамма билиши керак. Ўзбекистон каби давлатларда ширкат бўладими¸ банк ҳисобими бошқаларнинг номига очиладию¸ унинг асл эгаси давлат тепасида ўтирган амалдор бўлади. Бу алоқадорликни ошкор қилиш учун реестрлар Скандинавиядаги каби очиқ бўлиши керак. Ҳозир биз ҳар бир ҳукуматдан ўз қонунчилигида коррупцияга қарши кураш кампаниясининг асосий қисми сифатида ана шу шаффофликни жорий этишни сўраяпмиз. Лекин бу узоқ ва мураккаб жараëндир¸ дейди Светлана Савицкая.

XS
SM
MD
LG