Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:34

Путин Тошкентдан 900 миллион долларлик қарзни ундирмоқчи


Россия президенти Владимир Путиннинг 10 декабрь куни Тошкентга қиладиган расмий ташрифи давомида ўзаро молиявий даъволар ва мажбуриятларни тартибга солиш тўғрисидаги ҳукуматлараро келишув имзоланиши режалаштирилган. Россия президенти маъмуриятидан олинган маълумотга кўра, гап қарийб 900 миллион долларлик қарз устида бормоқда.

Бу ҳақда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковга таяниб Россия ахборот воситалари хабар қилди.

Ушаковнинг “баъзи ҳисоб-китобларга” таяниб айтишича, жорий йилнинг ноябригача Ўзбекистоннинг Россияга қайтариш муддати ўтиб кетган қарзи қарийб 890 миллион доллар бўлиб, бу бу миқдорнинг 500 миллиони қарзнинг ўзи, 388 миллиони тўпланиб қолган устама фоиздир.

Путиннинг Тошкент сафари давомида икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан 2015-2019 йилларга мўлжалланган келишув имзоланиши режалаштирилган. Юрий Ушаковга кўра, бундай келишувни имзолаш ташаббуси Ўзбекистон раҳбаридан чиққан.

“Биз бу ғояни қўллаб-қувватладик. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз истиқболдаги иқтисодий ҳамкорлик вазифаларини ҳамда хом ашёга боғлиқ бўлмаган соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга эътибор қаратган ҳолда иккитомонлама лойиҳаларни қўллаш чораларини белгилаб олмоқчи бўлдилар”, деган Юрий Ушаков.

Россия президенти ёрдамчисига кўра, савдо ҳажмини кўпайтириш икки мамлакат ҳамкорлигининг устувор йўналишидир.

“Икки томонлама товар айирбошлаш кейинги пайтларда мунтазам ортиб бормоқда. Биздаги маълумотларга қараганда, 2013 йили савдо айланмаси ҳажми 4,6 млрд долларни ташкил қилди. Ўзбекистоннинг статистикаси бўйича 7 млрд. доллардир. Орадаги тафовут Ўзбекистондан олинадиган газ бизда ҳисобга олинмаслиги билан изоҳланади. “Газпром” ўзбек газини ҳисобдан транзит сифатида ўтказади”, деган Юрий Ушаков.

Россия президенти матбуот хизматининг 8 декабрь куни маълум қилишича, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов таклифига биноан Тошкентга ташриф буюрадиган Путин икки мамлакат ўртасидаги савдо, инвестиция ва маданият соҳаларида “стратегик шерикчилик” масаласини муҳокама қилмоқчи.

Каримов Путин билан сўнги бор сентябрь ойида Душанбеда учрашган эди. Ўшанда Каримов Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида “ориентирни белгилаб олишда” Кремль хўжайинидан ёрдам сўраган эди.

Айни пайтда, Путин ташрифи арафасида Каримов Ўзбекистон “СССР каби ташкилотларга ҳеч қачон қўшилмаслиги”ни баён қилди. Ўзбекистон раҳбарининг Конституция куни муносабати билан 5 декабрь куни қилган баёноти кузатувчилар тарафидан Тошкентнинг Кремль етакчилигидаги Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиш нияти йўқлиги, дея талқин қилинди.

XS
SM
MD
LG