Линклар

Шошилинч хабар
06 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:23

Гулистонда "мама Роза" ва икки фоҳиша сўйиб кетилди


Гулистонда аҳоли уйларида очилган фоҳишахоналар сони ортаётгани айтилмоқда
Гулистонда аҳоли уйларида очилган фоҳишахоналар сони ортаётгани айтилмоқда

Сирдарёнинг Гулистон шаҳрида 26 ноябрь куни уйини фоҳишахонага айлантирган қўшмачи аёл ва икки қиз сўйиб кетилди. Расмийлар “мама Роза” воқеа жойида ўлгани, икки қиз эса оғир аҳволда касалхонага ётқизилганини тасдиқлади. Озодлик манбасига кўра, мижозлардан бирининг пулни оз бергани жанжалга сабаб бўлган.

Гулистон шаҳрининг 2-микрорайонидаги 25-уйнинг 12-квартирасида истиқомат қилувчи 63 ёшли Фарида исмли аёл ва икки фоҳиша қиз 26 ноябрь куни кечқурун пичоқланган. Бу ҳақда Озодликка хабар берган гулистонлик манбанинг айтишича, воқеа жойида ўлган Фарида исмли аёл қўшмачилик билан шуғулланган:

- Мен ҳам шу домга қўшни уйда тураман. Фарида исмли аёлни ҳамма "мама Роза" дерди. Уйини исловотхонага айлантирганди. Милицияда ишлайдиган танишимнинг айтишича, 26 ноябрь куни кечқурун келган мижозлардан бири “иш”дан сўнг пулни кам берган. Кейин "мама Роза" жанжал қилган. Хуллас, у йигит "мама Роза"ни ва яна икки қизни пичоқлаб ташлаган. Қизлар ҳозир касалхонада, аҳволлари оғир дейишяпти, деди гулистонлик манба.

Манбанинг айтишича, бу воқеадан сўнг қотиллик содир қилган бола яширинган:

- Уч-тўрт кун ҳамма ёқни мелиса босди. Итлар билан юриб излашди. Топишолмаяпти, деб эшитдим, деди манба.

Гулистон шаҳар прокуратурасида ишлайдиган Озодлик манбаси ҳақиқатан шундай воқеа бўлганини тасдиқлар экан, қотиллик содир этган шахс қўлга олинганини айтди:

- Мен пичоқланган қизларнинг исмларини тўлиқ айтолмайман. И.М ва Ш.З исмли қизлар. Тергов ҳақиқатан ҳам Фарида исмли аёл ўз уйини фоҳишахона қилганини ва бу қизлар фоҳиша эканини аниқлади. Бу иш юзасидан ички ишлар тергов олиб боряпти. Куни кеча қотиллик содир этган шахс қўлга олинди, ҳозирча унинг ҳам исмини очиқлай олмайман, - деди манба.

Гулистоннинг 2-микрорайонида истиқомат қилувчи Ўктамжон ака шаҳарда фоҳишахоналар кун сайин кўпайиб бораётганини айтади:

- Бунақа "мама Роза"лар, бунақа исловотхоналар Гулистонда жуда кўпайган. Айниқса 2-микрорайонда жуда кўп, 4-5 та бор. Улар бемалол фаолият олиб боради, кришалари участковой мелисалар. Энг катта кришаси эса участковой мелисаларнинг бошлиғи. Шунинг учун уларга ҳеч ким теголмайди, деди Ўктамжон ака.

Ўзбекистон Интернет нашрларининг Ички ишлар вазирлигига таяниб хабар қилишича¸ жорий йилнинг сентябрь ойида ўтказилган рейдлар натижасида бутун мамлакат бўйлаб 842 та фоҳишахона аниқланган.

Фоҳишахоналарнинг энг кўпи Тошкентда қайд этилган: 334 та.

Расмийларга кўра¸ республика бўйлаб ўтказилган тадбирлар давомида Тошкент вилоятида 69 та, Самарқандда 50 та, Сирдарё ва Жиззахда 22 та, Бухорода 46 та, Навоийда 19 та, Фарғонада 47 та, Андижонда 30 та, Наманганда 74 та ва Қорақалпоғистонда 40 та ишратхона аниқланган.

XS
SM
MD
LG