Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:43

Ўзбекистондаги ҳомий ташкилотлар энди спорт залларини қуради


Ўзбекистон ҳукумати 2020 йилгача мамлакатнинг барча ҳудудларида 1706 та спорт заллари қуриш режасини эълон қилди. Ушбу режани амалга ошириш Ўзбекистондаги сердаромад ширкатлар эҳсони билан ташкил этилган ва Васийлик кенгаши раиси президент Каримов бўлган Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси зиммасига юкланди.

Режага мувофиқ, келаси йилда мамлакат бўйлаб 240 та, 2016 йилда280 та, 2017–2020 йилларда эса 297 та спорт залини қурилиш режалаштирилмоқда.

Жамғарманинг исми сир қолишини истаган расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда спорт заллари ҳомийлик тушумлари эвазига қурилишини айтди.

- Ҳар битта вилоятда нечта мактабда спорт зали йўқ, рўйхат тузилиб, қуриб кетилаверади. Ҳомийлик тушуми Болалар спорт жамғармасига тушади. Асосан, бу заллар хомийлик маблағларидан бўлади. Ҳомийлик маблағлари деганимиз, катта-катта ташкилотлар ҳомийлик маблағини жамғармага ўтказиб беради-да, - дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг расмийси.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Васийлик кенгаши раиси эса Ўзбекистон президенти Ислом Каримовдир.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистондаги деярли барча даромадли корхоналар, жумладан мамлакатда хориж сармояси асосида ишловчи ширкатлар ҳам президент васийлигидаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармасига йирик миқдорда пул ўтказишга мажбурланади.

- Ўзбекистондаги энг даромадли бизнес вакиллари президент қарорлари асосида шу жамғарма учун "соғин сигир"га айлантириб қўйилган. Йилига миллиардлаб сўмлик маблағлар шу жамғармага оқади, - дейди Ўзбекистон Марказий банкига яқин манба.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси расмийсига кўра, битта спорт залини қуриш Ўзбекистон шароитида, ўртача ҳисобда, 300 миллион сўмга тушади.

Сўнгги 10 йил давомида жамғарма маблағлари ҳисобидан Ўзбекистонда мингдан зиёд болалар спорти объекти, жумладан, 252 та янги спорт мажмуаси, 861 та спорт зали қурилди.

Бунинг учун 570 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилгани айтилган.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармасида спорт заллари қурилиши учун мўлжалланган маблағлар талон-тарож қилингани ҳолатлари ҳам бўлган.

Ўтган йили жамғарманинг собиқ раҳбари Абдулла Очилов 2 миллиард сўмни ноқонуний ўзлаштирганликда айбланиб, қамоққа олинган эди.

Кузатувчилар фикрича, эндиликда спорт заллари қурилиши учун президент қарори пеш қилиниб, яна ҳомий ташкилотлар ва тадбиркорлардан пул ундириш акцияси бошланади.

- Тадбиркорлардан ундирилган пулларни ҳаммаси стадион, спорт заллари қурилиши учун сарфланса, бошқа гап эди. Бу ерда қанча-қанча пул талон-тарож бўлади. Баҳона бўлса, бўлди. Мана бизнинг қишлоқда яқинда мактабни таъмирлашди. Спорт зали чала, спорт анжомлари йўқ. Эскилари сотилиб кетганми, йўқ. Теннис столлари бор эди, йўқ. Турниклар бор эди, йўқ. Валлейбол, футбол анжомлари бор эди, ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетган. Энди булар мана шунча спорт зали қурдик, деб ҳисобот бериш учун қилинади. У ерда болалар спорт билан шуғулланадими-йўқми, ҳеч кимни қизиқтирмайди, - дейди Қашқадарёнинг Чироқчи туманилик ўқитувчи Ғуломжон ака.

Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманида яшовчи Эшқувват ака ҳукуматнинг спорт заллари қуриш режасидан хурсанд эканини айтади.

- Қаранг-да, ўтган йили намунали уйлар деб қишлоғимиздаги яккаю-ягона спорт майдончасини бузиб ташлашди. Турниклар, футбол дарвозаларини бузиб, ўрнига уй қуришди. Болаларимиз ўша ерда тўп тепаётган эди. Мактабнинг спорт заллари яроқсиз. Ҳозир энди спорт заллари, майдончаларини қуришса бу жуда яхши, жуда яхши қарор бўлибди, агар бу амалга ошса, - дейди қумқўрғонлик Эшқувват.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси расмийси Озодлик билан суҳбатда келаси беш йил ичида Ўзбекистонда 1706 та спорт зал қуриш реал амалга ошадиган режа эканини айтади.

- Ҳозир инвентаризация ўтказилди. Қаерда нечта спорт зал етишмайди, бу ўрганилди. Нечта спорт зал қурилиши керак, шу беш йилга бўлиб ташланди-да. Бу аниқ дастур асосида қурилади, - деди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси расмийси.

XS
SM
MD
LG