Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:08

UMS ўзига ёққан рақамни истовчиларга 10 долларлик хизмат жорий қилди


Янги очилган UMS мобил алоқа оператори офиси олдида симкарта олиш учун навбат
Янги очилган UMS мобил алоқа оператори офиси олдида симкарта олиш учун навбат

UMS мобил aлоқa оперaтори таклиф қилган рақамларни ёқтирмаган мижозлaр бундан буён 10 доллaрлик "навбатсиз рақам" хизматидан фойдаланиб, ўзи хоҳлаган "оддий рақам"ни харид қилиши мумкин. Ширкатнинг "маркетинг ҳийласи", деб танқид қилинаётган бу хизматидан собиқ МТСдаги рақамларни қайтариб олишни истовчилар фойдаланишга уринмоқда.

9 декабрдан бошлаб UMS ходимлари таклиф қилган рақамларни ёқтирмаган мижозларга 10 долларлик хизматни таклиф қилмоқда.

Озодлик билан суҳбатлашган ва ўзини Абдурасул деб таништирган UMS вакилига кўра, "навбатсиз рақам" деб аталган тарифдан фойдаланишни истовчилардан олинадиган 10 доллар мижоз хоҳлаган рақамни ширкат базасидан қидириш ва унинг бўш ёки банд эканини аниқлаб бериш учун олинади.

- Мисол учун, ўзингизга керак бўлган рақамни системадан қидиртирасиз. Агар рақам бўш бўлса, улаб беришади. Сиз шу рақамни қидиртирганингиз учун 10 доллар тўлайсиз. Яъни, мижозларга аввал рақамлар рўйхати таклиф қилинади. Ундаги вариантлар ёқмаса, мижоз "навбатсиз рақам" пуллик хизматидан фойдаланиши мумкин, - деди ширкат вакили.

Озодлик тингловчиларнинг: "Собиқ МТС-Ўздунробита ширкатидаги рақамини тикламоқчи бўлганлар бу хизматдан фойдаланиши мумкинми?" мазмунидаги саволини ширкат вакилига берди.

- Ҳа, албатта. Агар, у рақам бўш бўлса, уланиш учун белгиланган 3 долларни, "навбатсиз рақам" хизмати учун алоҳида 10 долларни тўлайсиз. Агар сиз излаган рақам махсус "маска"да кўрсатилган "чиройли рақам" бўлса, қидирув учун пул тўламайсиз. Белгиланган тарифни тўлайсиз, холос, - деди UMS ходими.

Кузатувчилар UMS алоқа операторнининг "навбатсиз рақам" пуллик хизматини мавжуд эҳтиёждан қўшимча пул ишлашни кўзлаган "маркетинг ҳийласи" деб танқид қилмоқда. Яъни, SIM-карта олиш учун идорага келган харидорга аввалига чекланган миқдордаги "оддий" рақам таклиф қилинмоқда ва бундан табиий равишда қониқмаган харидордан қўшимча ҳақ олинмоқда.

Айниқса, бу вазиятда собиқ МТС-Ўздунробита ширкатидан олган эски рақамига ўхшаш рақамни олиш ниятида борган мижозлар беихтиёр "навбатсиз рақам" пуллик хизматидан фойдаланишга мажбур бўлади. Зеро, икки ярим йил олдин бирдан ўчирилган эски рақамини тикламоқчи бўлганлар сони эса оз эмаслиги айтилмоқда.

Шу боис, UMS ширкaтининг янги хизмaти ижтимоий тaрмоқлaр, жумладан Twitter фойдаланувчилари орaсидa кескин тaнқидларгa сaбaб бўлди.

"Ё одамлар калласи билан уришиб колибди ёки UMS. Нима бу одамларни устидан кулишми?" деб ёзади, жумладан, Умаров Бахтиёр исмли фойдаланувчи.

Ўзини Капитан Мифунэ, деб номлаган фойданувчи эса янги мобил алоқа операторини ўз мижозларидан ҳар қандай йўл билан бўлсин, пул ундиришга уринаётганликда айбламоқда.

"Менга шундай туюлаяптими ёки UMS чиндан ҳам фақат сурбетларча пул шилиш билан машғулми? Қандайдир бир рақам учун 10 минг "кўкидан" сўрайди, 10 долларга эса навбатсиз эмиш", деб ёзади ажабланганини яширмаган фойдаланувчи.

"Молиявий директори ўзбекка ўхшайди", деб киноя қилди Фурқат исмли ўзбекистонлик Твиттер фойдаланувчиси.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларига кўра, узундан-узун навбатлар аримаётган UMS офислари олдида навбатини пуллаётган учарларнинг норасмий хизмати ҳам йўлга қўйилган.

"Энг қизиғи, навбати яқинлашиб қолган бир бола келиб, ока жойимни бераман, кўнгилдан чиқариб берарсиз, деб таклиф қилди", деб ёзади Кама Ноир исмли Твиттер фойдаланувчиси.

Янги алоқа операторининг чиройли комбинацияга эга рақамларни 100 доллардан 10 минг долларгача сотиши ҳам фойдаланувчилар эътирозига сабаб бўлган эди.

UMS бренди остида 1 декабрдан Ўзбекистон бозорига қайтган МТС ширкатининг янги очилган офислари олдида бошланган навбатлар ур-йиқитга айланиб кетгани ҳақида хабар берган эдик.

Россиянинг МТС ширкати қарийб икки ярим йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистонда тиклаган фаолиятини шу тахлит танқидлар остида бошламоқда.

МТСнинг Ўзбекистондаги шўъбаси - Ўздунробита 2012 йилда солиқдан бўйин товлаш, пул ювиш ва бошқа молиявий жиноятларда айбланиб ҳукумат тарафидан ёпиб қўйилган эди.

XS
SM
MD
LG