Сочи Олимпиадаси иншоотларини қуришда иштирок этган ўн минглаб меҳнат муҳожирларидан бир неча юз нафари нобуд бўлган. Англия, Руминия ва Россия журналистлари бугун эълон қилган журналистик суриштирув натижаларига кўра, улар орасида кўпчилиги Ўзбекистон фуқаролари бўлган. “Сочининг кўланкалари” деб номланган репортажда Сочи Олимпиадаси қурилишларида ҳуқуқлари поймол этилган, абгор аҳволда яшаб ишлаган минглаб, румин, украин ва ўзбеклар тақдири қандай бўлгани ҳақида гап боради. Лондондаги Суриштирув журналистикаси маркази, Бельгиядаги Журналистик жамғармаси ва Руминиядаги theblacksea.eu нашри томонидан тайёрланган репортажнинг катта қисми 50 миллиард долларлик лойиҳада ҳеч бир ҳақ-ҳуқуқсиз ишлатилган ўзбекистонлик мардикорлар, жумладан ном-нишонсиз ўлиб кетган ўнлаб ўзбеклар ҳақида ҳикоя қилади.
10 декабрь куни эълон қилинган катта мақоланинг деярли ярмини эгаллаган ўзбекистонликларга доир қисми “Қуллар синфи” деб номланган.
“Сочи кўланкалари” номли репортажда олимпиада иншоотлари қурилишида ишлатилган муҳожирларнинг кўпчилиги на давлат, на иш берувчилар томонидан тегишли тарзда қайд қилингани боис аниқ рақамларни бериш имкони бўлмаган, лекин муаллифларнинг тахминича, ўн минглаб меҳнат муҳожирлари бир неча йил давомида оғир ва ноинсоний шароитларда меҳнат қилишга мажбур бўлган.
Мақола муаллифи, Лондондаги Суриштирув журналистикаси маркази мухбири Крэйг Шо, Озодлик билан суҳбатда, “Сочи кўланкалари” Россия ғазнаси учун 50 миллиард долларга тушган йирик лойиҳани амалга оширишда арзон иш кучи сифтида, ҳеч ким томонидан қайдга олинмагани боис ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқсиз тер тўккан ўн минглаб меҳнат муҳожирлари орасидаги ном нишонсиз ўлиб кетганлардир, дейди.
- Булар рўйхатга тушмаган, номсиз ўликлардир – Сочи олимпия ўйинлари иншоотлари қурилишида нобуд бўлган, лекин ҳеч ким тан олмаган ўликлардир. Сочи иншоотларини қуришда қанча одам ишлагани ҳеч ким томонидан рўйхат қилинмагани боис, аниқ рақамлар йўқ, лекин Ҳьюман Райтс Уотч ҳисоб-китобларига кўра, у ерда 70 минг атрофида меҳнат муҳожирлари тер тўккан. Лекин менимча, бу рақам анча паст, чунки 2018 йилда бўладиган футбол чемпионати учун биттагина шаҳарда қуриладиган иншоотларга 60 мингга яқин меҳнат муҳожири жалб этилиши кутилмоқда. Яъни жаҳон чемпионати бир неча шаҳарда ўтиши ҳисобга олинса, юз минглаб муҳожир ҳақида гап кетмоқда. Ҳьюман Райтс Уотч айтаётган 70 минг ҳам озмунча эмас. Улар турли мамлакатлардан – Ўзбекистон, Молдова, Қозоғистон ва бошқа жойлардан бўлган. Лекин уларнинг катта қисми, биз гаплашган гувоҳларнинг сўзларига кўра, аксари ўзбекистонликлар бўлган,- дейди лондонлик журналист.
Мақолада Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари муаммоларини ўрганиш билан шуғулланган ҳуқуқ фаоли Мақсуд Абдужабборов тўплаган маълумотлар ҳам келтирилган. Асли ўзбекистонлик фаол шу йил бошроғида, жумладан, Озодлик радиосига берган интервьюсида, Россияда сўнгги тўрт йил ичида 48 мингдан ошиқ ўзбек мардикори турли вазиятларда вафот этгани тўғрисидаги иддаоларни илгари суриши ортидан Россия расмийлари томонидан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди.
Ўзбекистонда икки ой давомида қамоқда ушлаб турилган Абдужабборов ҳозирда мамлакатни тарк этишга муваффақ бўлган, лекин унинг қаердалиги, хавфсизлик мақсадларида сир тутилмоқда. “Сочи кўланкалари” мақоласи учун theblacksea.eu нашри билан суҳбатлашган фаол ўзидаги маълумотлар Россия расмий идораларидан олинган рақамларга асосланганини айтади.
“Меҳнат муҳожирлари ўлимининг турли сабаблари бўлган, лекин асосий сабаби ноинсоф иш берувчилардир. Хавфли иш ҳеч қандай малакага эга бўлмаган одамлар тарафидан, тегишли назоратсиз амалга оширилган. Яна бир муаммо, одамлар дам олмай ишлашга мажбур бўлган. Баъзи ҳолларда ҳатто ухлашмаган ҳам. Баъзи ишчилар чарчаганидан, фикрини бир жойга жамлай олмагани оқибатида фожеа юз бериб, нобуд бўлган”, дея Абдужабборовдан иқтибос келтиради мақола муаллифлари.
Олимпия иншоотлари қурилишида коррупциянинг кенг кўлам касб этгани ҳам кўплаб муҳожирларнинг ном-нишонсиз ўлиб кетганига сабаб бўлган ва, айниқса, ўзбекистонликларнинг кундалик равишда ҳалок бўлганига доир гап-сўзлар кўп учраган. theblacksea.eu мухбирлари суҳбатлашган муҳожирлар Олимпия ўйинларида чанғи спорти мусобақалари ўтказилган “Роза Хутор” иншооти қурилган жойда етти ўзбекистонликнинг жасади кўмилган оммавий қабр тўғрисида гапириб берган.
Муҳожирларни ёллаган хусусий ширкатлар, гувоҳларнинг айтишича, ўз объектларида юз берган ўлим ҳолатларини хаспўшлаш учун ҳуқуқ-тартибот идоралари расмийларига пора тўлаб келган.
Озодликка гапирган лондонлик журналист Крейг Шо бу ҳикоялар бир-биридан мустақил равишда гапирган гувоҳлар ҳикояларидир, дейди.
- Бу мавзуни ўрганишда ҳар хил одамлар билан мулоқот қила бошладик. Уларнинг ҳар бири, ҳеч бир иккиланишсиз, “ҳа, одамлар кундалик равишда ўлган”, дея гапира бошлашди. Бу ҳикояларга кўра, ўлганларнинг кўпчилиги ўзбекистонликлар бўлган. Мени даҳшатга солган нарса, на Россияда, на Ўзбекистонда бу ҳодисаларга қизиқиш бўлганидадир. Албатта, маълум сабабларга кўра, ўлимлар сонини аниқ айтишнинг имкони йўқ. Чунки Россия ҳукуматини қанча меҳнат муҳожири нобуд бўлгани билан иши йўқ. Бошқа тарафдан Ўзбекистон ҳукумати ҳам хорижга тирикчилик қилгани кетган фуқароларидан жирканади. Шу сабабдан, ҳатто Ўзбекистон расмийларидан қанча ўлим бўлгани, сўнгги икки йил ичида Россиядан, Сочидан қанча тобут қайтгани каби саволларга жавоб олишнинг иложи бўлмади. Рақамларни тасдиқлаш қийин, лекин бизга айтилган ҳикоя ва гувоҳликлар бир-бирига мос келгани, бу манбалар аниқ бўлмаса-да, ҳеч бўлмаганда, ишончли, дейишимизга асос бўла олади, дейди журналист.
Мақола муаллифлари Олимпиада ўйинлари тугаганига қарийб бир йил бўлганига қарамасдан бу муаммони кўтариб чиқишдан мақсад, биринчидан ҳукумат ва жамоатчилик тарафидан мутлақо қизиқиш кўрсатилган бу ўлимлар ҳақида, бошқа томондан эса, Россияда 2018 йилда уюштириладиган футбол бўйича жаҳон чемпионатига тайёргарлик билан боғлиқ қонунниг қабул қилинган бу фожиаларнинг янада каттароқ кўламда такрорланиши эҳтимоли ҳақида оммани огоҳлантиришдир, дейди.
- Россия ҳукумати 2018 йилги жаҳон чемпионати иншоотлари қурилишида иштирок этадиган хусусий ширкатлар учун енгилликларни жорий қилди. Бу қонунга кўра, ширкатлардан муайан шартларга амал қилиши талаб қилинмайди. Бу талаблар одамларни ишга ёллаш ва ишдан ҳайдаш, таътил ҳақи, ортиқча иш вақти ҳақи кабиларга доирдир. Бундан ташқари иш берувчи меҳнат муҳожирини қайддан ўтказиши талаб қилинмайди. Ўзи аслида шу пайтгача ҳам бундай қилмаган, лекин ҳозир бу қонунийлаштирилди. Бу эса ишчиларнинг солиқ ва миграция идораларидан рўйхатдан ўтмасдан, ишга ёлланишига йўл очиб беради. Яъни Сочи Олимпиадаси мисолида кўрилган коррупция амалиёти, хавфсизлик чораларининг мутлақ амал қилмаслиги каби ҳолатлар учун имкон яралмоқда ва ким ишга олиниб, ким ишдан ҳайдаланаётгани, ким тиригу, ким ўлиб кетаётганини назорат қилишнинг имкони қолмайди, дейди Лондондаги Суриштирув журналистикаси маркази мухбири Крейг Шо.
Суриштирув журналистика маркази
© Rob Hornstra/The Sochi Project