Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:35

Бухорода поликлиника бош врачи порахўрлик айби билан ҳибсга олинди


Бухоро шаҳридаги марказий поликлиника бош шифокори 36 яшар Жамол Ширинов 5 декабрь куни вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўз иш кабинетида ҳибсга олинди. Жамолиддин Ширинов бировни ҳамшираликка ишга олиш учун 200 АҚШ доллари миқдорида пора олганликда айбланмоқда.

Бу ҳақда Озодлик хабар берган бухоролик манбага кўра, Жамолиддин Ширинов қалбаки айблов қурбони бўлган:

“Жума куни тушдан кейин уни қўлга олишган. Жамолиддиннинг қўлига кишан солиб олиб кетишаётганда у “ишонманглар, мени подстава қилишди, мен пора олганим йўқ, ҳамма жойга айтинглар, президентга етказинглар”, деб бақирган, дейди манба.

Манбага кўра, воқеа тафсилотлари аслида бундай:

“Тубдиспансердан келиб поликлиникада ярим ставка ишлайдиган Сайлиев деган врач бир қиздан 200 доллар олиб, мен сени ҳамшираликка ишга жойлайман¸ деган. Кейин Сайлиевнинг ўзи қўлга тушган дейишаяпти ва у бу бош врачга бериладиган пул эди¸ деб ўзини оқлаган. Кейин Сайлиевни ишга солишган. У бош врачнинг кабинетига кириб, бир ҳамширани ишга олсангиз, мана ҳужжатлари кўриб чиқинг, деганда чиқиб кетган. Чиқаётганда “ҳужжатлар ичида совғаси ҳам бор”, деган. Ширинов эса унинг орқасидан югуриб чиқаётганда милиция ходимлари босган, Ширинов долларни ҳатто ушлаб ҳам кўрмаган”, деди манба.

Поликлиниканинг Озодлик суҳбатлашган шифокорлари ҳам Жамолиддин Шириновга қўйилаётган айбловга ишонмасликларини айтди.

Терапевт шифокор Нордона Муҳсиновага кўра, бир йилдан буён бош шифокор бўлиб ишлаётган Жамолиддин Ширинов ҳалол одам бўлган:

- У киши адолатли ва оқкўнгил инсон. Бир йилдан буён фақат халққа ҳалол хизмат қилиш, кадрларни жой-жойига қўйиш билан овора эди. Бу дўхтирнинг порахўр бўлишини ҳеч ким тасаввур қилолмайди. Биз, барча дўхтирлар бунинг подстава эканлиги ҳақида вилоят прокуратурасига, соғлиқни сақлаш бошқармасига ариза ёздик, деди Нордона Муҳсинова.

Поликлиниканинг гинеколог шифокори Юлдуз Шарипова Шириновнинг профессионал нейрохирург сифатида ўз ҳамкасбларига талабчан бўлганини таъкидлайди:

- Бу аниқ подставадан бошқа нарса эмас. У бировга ёмонлик қилгани йўқ, душманлари нима учун бундай қилдилар, тушунолмаяпмиз. Кимни ишга олса энг аввало касбий маҳоратини текшириб кўрарди. Мени ҳам шу киши ишга олган, лекин бир тийин сўрамаган. Талаб қилгани фақат иш ва иш эди, дейди Юлдуз Шарипова.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда Жамолиддин Шириновнинг пора олганликда гумонланиб ҳибсга олинганини тасдиқлади.

Мулозимга кўра, Ширинов айни пайтда Отбозордаги вақтинча сақлаш изоляторида ушлаб турилибди.

Сўнгги пайтда Ўзбекистонда шифокорларнинг пора билан қўлга олиниш ҳолатлари кўп кузатилади. Кузатувчиларнинг айтишларича, дўхтирлар маошининг жуда озлиги, касалхоналарда дори-дармонларнинг етишмаслиги шифокорларнинг бевосита ва билвосита пора олишга мажбур қилмоқда.

Жумладан, 26 ноябрь куни Республика Шошилинч Тез Тиббий Ёрдам Маркази травматология бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Равшан Ҳакимов беморлардан бирининг яқинидан 1,5 миллион сўм миқдорида пора олаётганида ҳибсга олинган эди.

XS
SM
MD
LG