Тошкент шаҳри туманлари ҳокимиятлари 11 декабрь куни циркда ўтказилиши мўлжалланган ўзбек хонандалари иштирокидаги гала-концертнинг чипталарини халқ таълими бўлимларига, соғлиқни сақлаш муассасаларига сотишни буюрган. Бу чипталарни сотиб олган ўқитувчиларнинг айтишларича, 11 декабр куни улар концертга боришганида концерт тўрт кунга қолдирилганини айтишган. 15 декабрда эса концерт яна бўлмаган ва одамлар олган чиптасига куйиб қолган.
Тошкент Циркида 11 декабрь куни ўтказилиши лозим бўлган ўзбек хонандалари иштирокидаги гала-концертга чипта сотиб олган томошабинлар пулига куйиб қолди.
Бу ҳақда Озодликка хабар берган ўқитувчилардан бирининг айтишича, томошабинлар икки марта лақиллатилган:
- Мен Олмазор туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлайман. Халқ таълими бўлимидан бизга билет сотишди. Ҳар дона билетни 18 минг сўмдан сотиб олдик. Айтишдики, гала-концерт бўлади. 11 декабрь куни келсак, концерт 15 декабрга қолдирилди дейишди. Қайтиб кетдик. 15 декабрь куни яна келдик. Концерт бўлмайди, кетинглар дедилар. Одамлар нега бизларни алдайсизлар, деб тўполон қилишганда, мелисаларни чақириб тарқатиб юборди,- деди ўқитувчи.
Олмазор туманидаги бошқа бир мактабнинг ўқитувчиси ҳам икки марта сарсон бўлиб концертга боришганини айтади:
- Холам ҳам мактабда ўқитувчи, болларинг бориб кўрсин деб, иккита билет совға қилди. Лекин икки марта сарсон бўлдик, концерт-понцерт бўлмади. Аксинча, такси пулимиз билетдан қиммат тушиб кетди,- дейди ўқитувчи.
Тошкент шаҳридаги халқ таълими бўлимларидан бирида ишлайдиган мулозимнинг Озодликка ёзган мактубида улар чипталарни сотиб олишга мажбур бўлганликларини айтади:
“Бизларда ҳар ой профсоюздан концертларга билет беришади. Бундайроқ концертларни билетларини ҳеч ким олмайди. Кейин ўқитувчиларга, метод бирлашма раисларига бўлиб беришади. Мен ҳам метод бирлашма раисиман. Менга ҳам иккита билет беришди. Кейин мен уни бир ўқитувчига бериб, бу сафар сиз борасиз, билет пулиниям сиз берасиз дедим. У икки марта бориб қуруқ қайтиб келди,- деди мулозим.
Олмазор тумани халқ таълими бўлимининг ўзини таништирмаган мулозимларидан бири, ҳақиқатан ҳам бу гала-концертга чипталар ўқитувчиларга тарқатилганини тасдиқлар экан, бундай буйруқ ҳокимиятдан бўлганини айтади:
- Концертнинг қолдирилганини ва отмена бўлгани (қолдирилгани-таҳр.) ҳақида мен билет олган ўқитувчиларни огоҳлантириб чиққан эдим. Бу билетлар ўқитувчиларга туман ҳокимининг хати асосида берилган. Бу муаммолар чиққандан кейин биз бу хатларни тегишли жойларга топшириб бўлдик. Концерт ташкилотчиларнинг айби билан қолдирилган. Ўқитувчилар нақд пулга билет олмаган, одатда бундай ҳолатларда билет пули ойликдан ушлаб қолинади,- деди мулозим.
Халқ таълими бўлими мулозими концерт ташкилотчилари ким эканлигидан хабари йўқлигини айтди.
Олмазор тумани ҳокимлигидан Озодлик бу воқеага муносабат ололмади.
Одатда бундай концертларга рухсат берадиган “Ўзбекнаво” ижодий бирлашмасининг Озодлик суҳбатлашган ходими ҳам циркда бўладиган гала-концертдан хабари йўқлигини айтди.
Озодлик шундан сўнг бу концертда иштирок этиши назарда тутилган санъаткорлар билан боғланишга ҳаракат қилди.
Хонанда Райҳоннинг маъмурига кўра, улар концерт бўлиши ҳақида фақат бир марта огоҳлантирилган:
- 11 декабрда биз Қўқонда, тўйда эдик. Биз уларга, бу кун биз бўлолмаймиз деб айтдик. Кейин 15га кўчирдик, дейишди. Биз майли дедик. Кейин бизга бошқа чиқишмади,- деди маъмур.
Маъмур концерт ташкилотчилари ким эканлигини очиқлашни истамади.
Озодликнинг концерт ташкилотчиларини аниқлаш борасидаги уринишлари натижасиз бўлди.
Асосан халқ таълими бўлимларига ва соғлиқни сақлаш муассасаларига тарқатилган чипталарнинг пули қайтариб бериладими ёки йўқ, бу ҳам номаълум қолмоқда.
Озодлик билан суҳбатлашган томошабинлар ўша куни аччиғидан чипталарни йиртиб ташлаганликларини айтдилар.
Жорий йилнинг 14 июль куни Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг Термиздаги “Алпомиш” ўйингоҳида аввалдан роса реклама қилинган концерти бекор қилингани мухлислар ғалаëнига сабаб бўлган эди.