Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:06

Хулосалар: Сайловчилар пассив, сайлатувчилар агрессив бўлди


Ўзбекистон Ахборот агентлиги президент Ислом Каримов Тошкент шаҳридаги 644-сонли участкада овоз берганини хабар қилди.
Ўзбекистон Ахборот агентлиги президент Ислом Каримов Тошкент шаҳридаги 644-сонли участкада овоз берганини хабар қилди.

21 декабрь - Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият кенгашларига депутатликка сайлов кунида Тошкент шаҳридаги бир неча сайлов участкасида бўлган мустақил журналист қонунбузарликка гувоҳ бўлмагани, аммо овоз берувчиларнинг пассивлиги кузатилганини қайд этди. 20 йиллик тажрибага эга ҳуқуқшунос эса бу йилги сайловларни "агрессив ўтмоқда", деб баҳолади. Озодликнинг баъзи муштарийлари оиласи номидан овоз беришга борган кишилар қайтарилганини ҳикоя қилди. Бу мақолада сайлов ҳақидаги хулосалар жамланди.

Милиционер ва кузатувчилар кўп бўлди

Ўзбекистонлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов Тошкент шаҳридаги 3 та сайлов учаскасида бўлди ва овоз бериш жараёнини кузатди.

Журналист хулосасига кўра, овоз бериш жараёнида сайловчиларнинг пассивлиги кузатилган:

- Мен куннинг биринчи ярмида Тошкентдаги 370-сонли сайлов участкасида овоз бердим. Аввалги сайловдан фарқли равишда бу гал милиция ходимлари кўп бўлди. Эрталаб соат 11 яримларда ҳам сайловчилар рўйхатининг каттагина қисми бўш турганига гувоҳ бўлдим. Шу боис, Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Светлана Ортиқованинг Тошкент вақти билан соат 13 да сайловчиларнинг 50 фоиздан ортиғи овоз бериб бўлди, деган баёноти мен учун шубҳали туюлди. Лекин, умумиятла сайлов тинч, қонунбузарликларсиз ўтди, зеро, сайловда мухолиф партиялар иштирок этмагач, бундан бошқа натижани кутиш мумкин эмас эди, - дейди журналист.

Марказий сайлов комиссияси маҳаллий вақт билан соат 10 да эрталаб соат 6.00 да очилган жами 135 сайлов округидаги участкаларда сайловчиларнинг 34 фоиздан ортиғи овоз бериб бўлганини эълон қилди.

Маҳаллий кузатувчилар сони кўп бўлди

Бу галги сайловда кузатувчилар сонининг кўплиги ҳам журналист эътиборини ўзига тортди:

- Деярли ҳамма сайлов участкаларида кузатувчиларнинг 15-18 кишилик гуруҳи ўтирибди. "Кузатувчилар гуруҳи", деб махсус жой ажратилган. Кузатувчилар, асосан, шу маҳалла қўмиталари, турли ташкилотлар ва бошқа жамоатчилик органлари орасидан кузатувчи мақомини олган шахслар, яъни ўзимизнинг кузатувчилар. Лекин, бир неча йирик участкалар, масалан президент Каримов овоз берган 644-сонли участкада эса Ғарбдан борган, масалан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари ҳам бўлди, - дейди мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон Ахборот агентлиги берган хабарга кўра, бу галги сайловни "дунёнинг элликдан зиёд давлати ва беш халқаро ташкилотдан борган 300 дан ортиқ халқаро ва хорижий кузатувчи" кузатган.

Бундан ташқари, сайлов жараёнини депутатликка номзодларни кўрсатган "сиёсий партияларнинг 70 мингдан зиёд кузатувчи ва ваколатли вакили" ҳам кузатган.

Расмий хабарга кўра, сиёсий партияларнинг "ваколатли вакиллари" сайлов участкаларида овозларни санаш жараёнида ҳам қатнашади.

Бу галги сайлов агрессив ўтди

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи ҳуқуқшунос бу галги сайловда аҳолини овоз беришга мажбурлаш ҳолатларига гувоҳ бўлганини айтди.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган 20 йиллик юрист хулосасича, у яшайдиган маҳаллада сайлов комиссиялари вакиллари овоз берувчиларга нисбатан "агрессив муносабат"да бўлган:

- Бу сайлов агрессив бўлди. Аҳолини овоз беришга мажбурлашди. Ўқитувчилар, маҳалла қўмиталари ходимлари ёки ҳокимият ходимлари, баъзилари ёш-ёш қизчалар: "Овоз беришга чиқмасангиз бўлмайди, бормасангиз бўлмайди, ҳокимиятдан топшириқ бор, мажбурсизлар", дейди. Ваҳоланки, одамларда қизиқиш йўқ, хоҳиш йўқ, - дейди юрист.

Олмазорда Шайхонтоҳур номзодлари реклама қилинди

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган тошкентлик сайловчи у яшайдиган ҳудуддан депутатликка кўрсатилган номзодларни танимаслиги, муҳими, уларнинг плакат ва эълонларини ҳам кўрмаганини айтмоқда:

- Аввалги сайловда, ҳеч бўлмаса, сайловчиларнинг плакатлари осилган эди, суратлари билан. Бу йил плакатларини ҳам кўрмадик. Олмазор туманида, аксинча, Шайхонтоҳур туманига кўрсатилган номзодларнинг эълонлари турибди. Биз бирорта номзодни танимаймиз. Чилонзорда яшайдиган кимдир Олмазорга номзод қилиб кўрсатилган, - дея эътироз қилди тошкентлик юрист.

Бу галги парламент сайловларида қатнашиш учун Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 4 партия - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Ўзбекистон Халқ демократик партияси кабиларни рўйхатга олди.

Бу партиялардан сайловда иштирок этиш учун 535 номзод кўрсатилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси ва ҳудудий бўлинмалари вакиллари томонидан Қонунчилик палатасига 15 нафар депутат яширин овоз бериш йўли билан сайланди.

Оила номидан борган келинчакни қайтаришди

Қарши туманидан OzodMikrofonга боғланган қашқадарёлик Даврон унинг оиласи номидан овоз беришга борган келинойиси ортга қайтарилганини айтди:

- Мен, онам, дадам бормадик. Акам Россияда. Ҳаммамиз учун янгам борган эди: "Ҳамма ўзи учун ўзи овоз беради" деб қабул қилишмабди. Лекин мен шунда ҳам бормадим, махсус бормадим. Бизнинг райондан бир Моҳира деган ўқитувчи номзодни танийман. Лекин у кишининг қўлидан ҳам нима келарди?! Чунки, фойдаси йўқ бу сайловнинг. Ҳеч бўлмаса, свет-газни ҳал қилиб беришса ҳам, овоз берган бўлардим, - дейди қаршилик 26 яшар сайловчи Даврон.

Бу гал 8991 сайлов участкасида овоз беришда иштирок этиш учун 20 миллион 789 минг 572 нафар сайловчи сайлов рўйхатларига киритилди.

Қуйида сайлов ҳақида Озодликка билдирилган хулосаларни тинглашингиз мумкин:

"Бу йилги сайловда овоз беришга мажбурлашди"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:53 0:00
Бевосита линк

Натижа 22 декабрь куни эълон қилинади

ЎзА агентлигининг ёзишича, Ўзбекистон ва "чет эл оммавий ахборот воситалари вакилларига 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловининг дастлабки якунлари эълон қилиниши маълум қилинди".

XS
SM
MD
LG