Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:53

Турк матбуоти Бухорийга ўқ узилгани акс этган видеони эълон қилди


Турк матбуоти ўзбекистонлик имом Абдуллоҳ Бухорийга қарши 10 декабрь кунги суиқасд саҳнаси акс этган видеони эълон қилди. Хавфсизлик камераларида қайд этилган видеода номаълум шахс имомнинг орқа томонидан келиб ўқ узгани аниқ акс этган. Бундан ташқари, Абдуллоҳ Бухорий ва яна бир неча ўзбекни ўлдириш учун ёлланган қотилга 250 минг АҚШ доллари ваъда қилингани ҳам иддао қилинмоқда.

Бир қатор турк нашрлари ва телеканаллари, жумладан, Yeni Heber телеканалида берилган видеотасвирда 10 декабрь куни Истанбул вақти билан эрталаб соат 10:40 да Абдуллоҳ Бухорий-Мирзағолиб Ҳамидов мадраса эшиклари олдида отиб кетилган аниқ акс этган.

Видеода Зайтунбурнида ўзи асос солган мадраса биносига яқинлаб, эшикни тақиллатаётган кезда уни таъқиб этиб борган номаълум шахс сониялар ичида ортидан бориб, ўқ узгани ва қочгани акс этган.

Бухорийга ўқ узилгани акс этган видео
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:36 0:00
Бевосита линк

Зайтунбурнидаги мадраса яқинида ўрнатилган бир неча хавфсизлик камерасида қайд этилган видеотасвирлар сешанба куни турк матбуотида эълон қилди.

Туркия хавфсизлик хизмати ўқ узган номаълум шахснинг чечен миллатига мансуб Зелимхон Махтиев эканини аниқлаганини Туркия ИИВ нинг Терроризмга қарши кураш бошқармасининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган зобити маълум қилган эди.

Расмий хабарга кўра, Махтиев жиноятни содир этган куниёқ қўлга олинган.

Туркияда чиқадиган Yeni Safak газетасига кўра, аввалига Россия фуқароси экани айтилган Махтиев ёнидан Украина паспорти чиққан.

Туркия хавфсизлик ташкилоти билан биргаликда амалга оширилган амалиётлар натижасида буюртмачи экани иддао қилинган Собир Шукуров ҳам Истанбулнинг Оқсарой мавзеидаги меҳмонхоналардан бирида ушланди.

Жиноятни амалга оширишга ёрдам бергани иддао қилинган Элдар Аслан эса Анқарада ҳибсга олинди.

Абдуллоҳ Бухорийга қарши суиқасд уюштиргани даъво қилинаётган бу гуруҳнинг ўзбек мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳни ҳам ўлдириш режаси борлиги аниқланган.

Улар Анталиядан кирага олган автомобил навигаторида Муҳаммад Солиҳнинг Истанбулдаги уйи атрофи ҳам қайд этилгани хабар қилинган.

"Суиқасдчи ўзбек Собирни ҳамма билар эмиш"

Куни кеча Туркияда чиқадиган “Ҳуррият” газетаси ўзбекистонлик имом Абдуллоҳ Бухорийнинг Истанбулда ўлдирилиши билан боғлиқ янги тафсилотларни босди.

Душанба куни эълон қилинган “Суиқасдчи ўзбек Собирни ҳамма билар эмиш” сарлавҳали мақолада қатл этилиши керак бўлган шахслар рўйхатида аслида 9 одам борлиги яна таъкидланди.

Ўзбек имомининг ҳам исми киритилган 9 кишилик қатл рўйхатини ўзбек махсус хизмати ходими Собир Шукуровдан олганликларини иддао қилган 4 киши рўйхатини полиция ва прокуратурага топширди. Уч ойдан сўнг жиноят содир бўлди. Полиция эса жиноятдан сўнг буюртмачи сифатида Собир Шукуровни қўлга олди”, деб ёзди “Ҳуррият” газетаси.

Мақолада келтирилишича, шу йилнинг август ойи бошларида чечен миллатига мансуб турк фуқароси Алижон Э. исмли шахс ўзбек мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг ўғли Тимур Солиҳга қўнғироқ қилган ва уларга нисбатан тайёрланаётган суиқасд режасини фош қилиши нияти борлигини айтган.

Тимур Солиҳ 19 август куни Истанбулнинг Пендик мавзесидаги қаҳвахоналардан бирида Алижон Э., чеченистонлик Султон К. ҳамда грузин экани айтилган Ҳусайин исмли шахслар билан учрашган.

Учрашув пайти улар Тимурга ўзбек махсус хизматларининг суиқасд режаси борлиги ҳақида гапириб берганлар.

Султон К. иддаосича, рус махсус хизматининг "Мингбоши Иван" тахаллуси билан танилган ходими Муҳаммад Солиҳ ва Абдуллоҳ Бухорий дохил 9 кишини ўлдириш учун ўзбек МХХ ходими Собир Шукуровни вазифалантирган.

Шукуров эса ушбу жиноятларни амалга ошириш учун 250 минг АҚШ доллари эвазига юқорида номи келтирилган шахсларни ёллаган.

Тимур Солиҳ Озодлик билан суҳбатда айни шахслар билан август ойида Пендикда учрашганини тасдиқлади. Тимур учрашув тафсилотлари ҳақида ўша захоти полицияни хабардор қилганини айтди.

"Ҳуррият" газетасига кўра, Алижон Э. Тимур Солиҳ билан учрашувдан сўнг Истанбулнинг Зайтунбурни мавзусидаги савдо марказида ўзбекистонлик имом Абдуллоҳ Бухорий билан ҳам учрашган.

Алижон Э. Абдуллоҳ Бухорийга ҳам режалаштирилган суиқасд ҳақида хабар берган ва эҳтиёт бўлишни тавсия қилган.

Орадан сал вақт ўтиб, сентябрь ойида Султон К., Алижон Э., Леван Г. ва Зелимхон Х. исмли шахслар Туркия полициясининг террорчиликка қарши кураш бўлими тарафидан қўлга олинди.

"Yeni Safak" газетасида босилган сурат.
"Yeni Safak" газетасида босилган сурат.

Султон К. тергов пайти Собир Шукуров билан икки маротаба юзма-юз кўришгани, жиноятни амалга ошириш учун ўзининг Шукуров тарафидан қистовга олингани, Собир Шукуровнинг эса рус махсус хизмати ходими Мингбоши Иван тарафидан қистовга олинганини иддао қилган.

Султон К., Алижон Э., Леван Г. ва Зелимхон Х.лар прокуратурада тергов қилинганларидан сўнг қўйиб юборилган. Тергов иши ҳам ёпилган.

Туркия полициясининг террорчиликка қарши кураш бўлими Муҳаммад Солиҳ, Тимур Солиҳ ва Абдуллоҳ Бухорийларни эҳтимолий суиқасд хавфи ҳақида огоҳлантирган.

"Ҳуррият" газетасига кўра, суиқасд хавфи ҳақида хабар топган кундан бошлаб имом зирхли кийимда юрган.

Зирхли кийим киймаган куни у отиб ўлдирилган.

Сурияда жиҳод қилишга даъват қилган ва Ўзбекистонда исломий давлат қуриш тарғиботчиси бўлган Абдуллоҳ Бухорий-Мирзағолиб Ҳамидов Истанбулнинг Зайтунбурни мавзеидаги уйи ёнида 10 декабрь куни эрталаб отиб кетилган эди.

XS
SM
MD
LG