Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:19

Тошкентда гипноз орқали ўғирлик қилган "экстрасенс" ушланди


Тошкент шаҳрида гипноз ёрдамида 2, 5 миллион сўмни ўғирлаган қашқадарёлик "экстрасенс" қўлга олинди. Ҳуқуқ тартибот идоралари маълумотига кўра, Қамаши туманидан бўлган 24 яшар йигит Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилоятида одамларни гипноз қилиш ёрдамида уларнинг пул ва қимматбаҳо буюмларини ўғирлаш билан шуғулланиб келган.

Қашқадарёнинг Қамаши туманида туғилиб ўсган 24 яшар Жонибек исмли йигит гипноз ёрдамида ўғирлик қилишда айбланиб Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг тезкор ходимлари томонидан қўлга олинди.

Тошкент шаҳри ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага кўра, қамашилик йигит экстрасенслик қобилиятига эга бўлиб, одамларни гипноз қилиш орқали тунаб келган:

"Қамашилик йигитни қўлга олишга ундан жабр кўрган фуқаронинг аризаси асос бўлди. Воқеа Тошкентнинг Бектемир тумани ҳудудида содир бўлган. Қамашилик йигит 25 ёшлардаги фуқаро билан танишиб уни гипноз қилган. Гипноз таъсирида бўлган фуқаро ёнида бўлган икки ярим миллион сўмдан ортиқ пулини унга бериб юборган. Фуқаро гипноз таъсири тугагач ўзига келиб, пулини ўғирлашганини тушунган ва бу ҳақда милиция бўлимига ариза ёзган. Аризачининг кўрсатмалари асосида қамашилик экстрасенс қўлга олинди", деди манба.

Манба тергов давом этаётгани боис қамашилик йигит шахси ҳақида тўлиқ маълумот бера олмаслигини айтди.

Дастлабки тергов-суриштирув натижаларида қамашилик йигит аввал ҳам гипноз ёрдамида ўғирлик қилгани аниқланган.

"Қамашилик экстрасенс олдин ҳам Тошкентда гипноз орқали турли хил суммадаги пул ва тилла тақинчоқларни ўғирлаган. Қашқадарёда ҳам бу иш билан шуғулланган. Одамларни оилавий муаммолар ва турмуш ташвишлари борасида суҳбатга тортиб, кейин уларни гипноз қилган. Суҳбатдоши гипноз таъсирида бўлган пайти, ҳеч бир муаммосиз ўғирликни амалга оширган. Баъзи пайтлари гипнозда бўлган одам ўз қўли билан пулини унга топширган вақтлар ҳам бўлган", деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

Озодлик манбаларига кўра, ҳозирда қамашилик йигитнинг гипноз ёрдамида ўғирлик қилган камида ўнта ҳолат аниқланган, лекин ундан жабр кўрганлар анча кўп бўлгани тахмин қилинмоқда.

"Бу йигитда ҳақиқатан ҳам экстрасенслик қобилияти бор экан. Лекин унинг қўлида экстрасенслиги ҳақида ҳужжат йўқ. У шу қобилиятидан фойдаланиб, ўзгалар мулкини ўзлаштириб келган. Тергов тахминига кўра, ундан жабр чекканлар сони кўп бўлиши мумкин. Судгача ҳаммаси ойдинлашади", деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

Қамашилик йигитга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 169- моддаси (Ўғрилик) ва 165-моддаси (Товламачилик) бўйича жиноий иш очилиб, тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG