Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:58

Машинада икки кишини уриб ўлдирган милиционер авф қилинди


Тошкент милицияси автомобиллари.
Тошкент милицияси автомобиллари.

Шу йил апрелида Тошкентнинг Чилонзор туманида уч кишини босиб кетган, пировардида 5 яшар қизча ва 33 ёшли эркак ўлимига сабаб бўлган милиция ходими Бахтиёр Толипов қамалганидан ярим йил ҳам ўтмай озодликка чиқди. 7 йилга қамалган собиқ милиция ходимининг амнистия акти қўлланиб, озод этилгани айтилмоқда.

Бу ҳақда AsiaTerra сайти Ўзбекистон милициясига алоқадор манбаси сўзига таянган ҳолда хабар тарқатди. Нашрнинг ёзишича, бу маълумотни автоҳалокат чоғида нобуд бўлганларнинг яқинлари ҳам тасдиқлаган.

22 ёшли Бахтиёр Толипов жорий йилнинг 23 апрелида патруль-пост хизматининг давлат рақами 01 906 JCA бўлган “Нексия” автомобилида уч кишини босиб кетганди. Натижада 5 яшар Кристина Горбанова воқеа жойида нобуд бўлган, унинг онаси Людмила Горбанова ва тоғаси Дмитрий Курбатов оғир аҳволда касалхонага етказилган. Кейинроқ автоҳалокатда олган оғир жароҳати туфайли Курбатов ҳам жон берган.

Бу воқеа жамоатчиликка ошкор бўлганидан кейин милиция ходими Бахтиёр Толипов ҳибсга олинган ва унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг “Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бу моддага кўра, транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса, айбдор ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

23 июль куни Тошкент шаҳар Учтепа туман суди Бахтиёр Толиповни 7 йилга озодликдан маҳрум қилган. Аммо йил охирламай, "бахтсиз тасодиф туфайли" икки кишининг ўлимига сабаб бўлган милиция ходими авф қилинди. Унинг Сенат томонидан ўтган ой қабул қилинган амнистия тўғрисидаги қарор асосида озод этилгани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг шу йил 14 ноябрида ўтказилган 16-ялпи мажлисида мамлакат Конституцияси қабул қилинган куннинг 22 йиллиги муносабати билан “Амнистия тўғрисида”ги қарор қабул қилинганди. Амнистияга кўра, илк бор жиноят содир қилган аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет давлат фуқаролари жазодан озод қилиниши лозим эди.

Айни пайтда Ўзбекистонда киши ўлимига сабаб бўлмаган бўлса-да, расмийлар истагига кўра амнистияга тушмайдиган маҳбуслар борлиги айтилади. Бу асосан диний ва сиёсий сабабларга кўра қамалган шахслардир.

Ўзбекистон ҳукумати қонунчиликда сиёсий жиноят моддасининг йўқлиги боис мамлакатда “сиёсий мотивлар” билан қамалганлар йўқлигини айтиб келади. Расмийлар фикрича, фуқаролар тақиқланган ташкилотларга аъзо бўлиб, тинчлик ва хавфсизликка ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этилган бўлиши мумкин.

Ўзбекистон ва хориждаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳамда сиёсий мухолифат вакиллари йиллар давомида Ўзбекистон ЖКнинг 159, 244-1, 244-2 моддалари асосида қамалган ва "сиёсий маҳбус" деб аталадиган маҳбусларга нисбатан амнистия қўлланмай келаётганига оид ҳисоботларини чоп этиб келадилар.

Бу ҳисоботларда Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов, Муҳаммад Бекжонов, Хайрулла Ҳамидов, Рустам Усмонов, Руҳиддин Фахриддинов, Солижон Абдураҳмонов, Қобилжон Тўлашев, Мўътабар Ғофурова, Меҳринисо Ҳамдамова, Аваз Тўхтахўжаев, Ғанихон Маматхонов, Аъзам Турғунов, Алишер Кароматов, Аъзам Фармонов, Дилмурод Саидов ва бошқаларнинг исмлари тилга олинади.

XS
SM
MD
LG