Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:21

OzodMaktub: “Қамоқданам нарироққа жўнатолмайдилар, жондан ҳам кўпроғини ололмайдилар”


Озодлик таҳририятига ёши улуғ муштарийдан мактуб келди. Ўз мактубида муштарий Ўзбекистонда март ойига белгиланган президентлик сайловига “Отани сийлов” кампанияси, деган ном берибди.

Мен март ойида ўтказиладиган “Отани сийлов”га муносабатимни билдирмоқчиман.

Авваламбор мен ҳеч қачон ва ҳеч қандай гуруҳ ёки партияга аъзо бўлган эмасман, бундан кейин ҳам бунақа ниятдан узоқдаман. Охирги йилларда бўлаетган жараёнлар, кундалик ҳаёт тажрибаси ўйларимни ёзишга мажбур этди.

“Совет давлати тугади” деб телевизордан эълон қилинган вақтда (“Беловежская пуща”) Москва шаҳри яқинидаги меҳмонхонада эдим. Махсус меҳмонхонада (бу ерга бир соат олдин Днепрпетровск шаҳридан "ЮГ" конструкторлик бюроси раҳбари Леонид Кучма қабулидан учиб келгандим) бир дастурхонга йиғилган Красноярск, Ленинград, Смоленск, умуман, давлатимизнинг қарийб ҳамма жойидан бўлган мутахассислар ичида “Энди ким кандай яшайди?” деган мунозара бошланди.

Ўзбекистон ҳақида “халқи ўта меҳнаткаш, етарлича маданиятли, итоаткор, яқин 5-7 йилда қийинчиликка учрамайди, лекин раҳбарият қайси томонга бошласа, келажаги ўшанга боғлиқ", деган фикрда тўхтадик.

Ўтган қарийб 25 йил буни тўла исботлади (ким бу фикрга қўшилмаса, мен баҳсга тайерман).

Ўтган йиллар, менинг фикримча, Ўзбекистонда яшовчи халқларнинг энг олижаноб хислатларини, ҳуқуқини поймол қилиш, иқтисодий ва маънавий жаллодлик даври сифатида тарихда қолиши мумкин.

Кенг маънода ўзини ҳурмат қилувчи ҳар бир ИНСОН – “халқ душмани”, "ваҳҳобий" ва шунга ўхшаш тамға билан, қамоқ ёки ўлим жазоси билан “мукофотланди”. Энг ачинарлиси, Инсон қадри тамоман йўқолди. Бу фикрга қўшилмаганлар ойнага қараб, лавозими, мавқеи, бойлиги ва ҳоказодан қатъий назар: “Менинг қадрим борми?” деб, ўзига савол берсин – жавобини ўзи топади.

Фикримча, ҳар 5 кишидан бири милиционер ёки ..., иккинчиси - маҳаллада гап ташувчи, учинчиси - ҳокимиятда ишлайдиган “халқ хизматчиси”, тўртинчиси - ўзи кимга хизмат қилишини билмайдиган кимса ва ниҳоят, бешинчиси - оиласини боқиш учун эрта-кеч ҳаммага ўлпон тўловчи меҳнаткаш.

Кўпинча мени бир савол ўйлантиради: “Ўзини ҳурмат қилган ҳар бир давлат порахўрлик ва коррупция билан курашади. Нима учун?” Ахир оддий фаррошдан тортиб энг юқори лавозимда ўтирган кимсагача пора олса, ПОРАХЎРЛИК ва КОРРУПЦИЯ билан ҳатто давлатни бошқариш мумкин экан-ку?! Агар ишонмасангиз, “эрталаб турганингизда бирор давлат муассасасига ишингиз тушсин деб "қарғиш" қиламан.

Гапирсанг, гап ва муаммо кўп. Шуниси ҳам етар.

Мулоқот учун ҳар бир кишига очиқман, шу жумладан, ташимачилар учун ҳам. Мен ёшимни яшаганман, рус ҳалкида бир яхши гап бор: “Дальше тюрмы не отправляют и больше жизни не возьмут”.

XS
SM
MD
LG