Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:17

Пахта режасини бажара олмаган самарқандлик фермер ўзини осди


Маҳаллий раҳбарларнинг зўравонлиги боис ҳаётдан кўз юмган фермерлар қариндошларига босим ўтказилиб, бу жиноятлар жамоатчиликдан сир тутиб келинади.
Маҳаллий раҳбарларнинг зўравонлиги боис ҳаётдан кўз юмган фермерлар қариндошларига босим ўтказилиб, бу жиноятлар жамоатчиликдан сир тутиб келинади.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Пахтакор жамоа хўжалигида фермерлик билан шуғулланган 40 яшар Дилшод Муродиллаев янги йил арафасида ўзини осиб ўлдирди. Озодлик манбаларига кўра, пахта режасини бажара олмагани ортидан катта миқдорда қарзга ботган Муродиллаев маҳаллий мулозимлар босимидан безгач ўз жонига қасд қилган.

Воқеа 29 декабрь куни Дилшод Муродиллаевнинг Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Пахтакор жамоа хўжалиги Арабхона қишлоғидаги уйида содир бўлган. Бу ҳақда воқеадан хабардор манба Озодликка 6 январь куни маълум қилди:

"Дилшод 29 декабрда кечқурин уйида ўзини осган. Эртасига унинг дафн маросими бўлди. Дилшод ўзи кейинги 10-15 кундан бери ҳокимиятдаги мажлисларда ҳам қатнашмай қўйганди. Ҳеч кимга озори йўқ, яхши йигит эди. Оиласи ҳам яхши эди. Болалари етим қолди", деди воқеадан хабардор манба.

Каттақўрғон туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, 1974 йилда туғилган Дилшод Муродиллаев ўтган йилнинг апрель ойида фермерлик фаолиятини бошлаган.

У Арабхона қишлоғининг дашт ҳудудида 110 гектар майдонда "Дилшод Муродиллаев" фермер хўжалигини ташкил қилиб, ғалла ва пахта етиштириш билан шуғулланган.

Муродиллаевни танийдиган манбалардан бирига кўра, Дилшод фермерлик фаолиятининг биринчи йилидаёқ омадсизликка учраган:

"Дилшоднинг иши юришмади. Буғдойи ҳам яхши бўлмади, натижада ғалла режаси ҳам ўлда-жўлда бўлди. Пахтасининг ҳосили умуман бўлмади. Биринчи йил бўлганига уддалай олмадими ёки бошқа бирор сабаби бўлдими, ишқилиб бултурги йил Дилшод учун омадсиз бўлди. Пахта ҳосилини ҳатто 40 фоизга ҳам етказа олмади. Ҳокимиятдаги мажлисларда ҳам бунинг учун анча-бунча гап эшитди", деди Муродиллаевни танийдиган манбалардан бири.

Муродиллаев ўлими билан боғлиқ тафсилотлардан хабардор бошқа бир манбага кўра, Дилшод пахта режасини бажара олмагани учун маҳаллий мулозимларнинг тазйиқига учраган:

"Унинг фермер хўжалиги жами 90 миллион сўм қарз бўлган. Ҳокимиятдагилар ундан ерни олиб бошқа фермерга беришмоқчи бўлган. Лекин у фермер "Аввал 90 миллион сўм қарзини тўласин, кейин ерни оламан" деган. Дилшоддан фермер хўжалигининг қарзини тўлашни талаб қилишган. Мол-мулки, қорамолларини фермер хўжалигининг қарзи эвазига олишмоқчи бўлишган. Шундан кейин у чидай олмай, жонига қасд қилган", деди воқеа тафсилотларидан хабардор манба.

Каттақўрғон туман ҳокимлиги расмийлари эса Дилшод Муродиллаевнинг ўлимини унинг фермерлик фаолияти билан боғламасликни сўрашди:

"Пахта режасини бажармаган битта у эмас-ку. Унда бошқа фермерлар ҳам ўзини осиши керакдир. Дилшод Муродиллаевнинг ўзи вос-вос касалига учраган. Шунинг учун ўз жонига қасд қилган", деди Каттақўрғон туман ҳокимлигининг исмини очиқламаётганимиз расмийси.

Каттақўрғон туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, Муродиллаев ўлими бўйича ҳеч қандай жиноий иш очилмаган.

Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимларнинг тазйиғидан қўрқиб ўз жонига қасд қилаётган фермерлар тўғрисида Озодлик аввал ҳам бир неча бор хабар қилган.

Жумладан, ўтган йилнинг 17 октябрь куни Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида пахта планини бажармагани учун туман ҳокимлиги мулозими томонидан ҳақоратланган фермер Ҳабибулло Эгамбердиев уйига қайтгач, ўзини осган эди.

22 июнь куни эса Наманган вилояти, Чуст тумани, Баймоқ қишлоғилик 44 яшар фермер Қурбонтой Усмонов дала шийпонида ўз жонига қасд қилди. Усмонов фермер хўжалиги билан боғлиқ муаммолар боис ўзни осгани айтилди.

2013 йилнинг ноябрида Сирдарёнинг Боёвут туманида яшаган 54 яшар фермер Неъмат Сулаймонов ўзини осган, ҳуқуқ фаолларига кўра, бу фермер ҳам маҳаллий ҳокимлик вакилларининг босимига чидай олмай ўз жонига қасд қилган.

2013 йилнинг августида Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги “Қўшработ” фермерлар ширкати раиси Исмат Шодмонов ҳам туман ҳокими томонидан хўрланиб, калтаклангач, уйига келиб ўз жонига қасд қилган.

XS
SM
MD
LG