Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:03

Ёзувчи Мамадали Маҳмудов президентга августда ёзган хатига жавоб олмади


Мамадали Маҳмудов.
Мамадали Маҳмудов.

Қарийб 17 йил қамоқда ўтириб, озодликка 2013 йилнинг апрелида чиққан 75 ёшли ўзбек адиби Мамадали Маҳмудов Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга ўтган йилнинг 2 августида ёзган хатига орадан беш ой ўтиб ҳам жавоб олмади.

Ёзувчи мактуби унвонига унинг “очиқ” эканлиги ёзиб қўйилган бўлса-да, шу кунгача жамоатчилик ўқимаган бу номани тошкентлик журналист Малоҳат Эшонқулова куни-кеча эълон қилди.

Мамадали Маҳмудовнинг “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга очиқ хати” бошида мана бундай дейилган:

“Муҳтарам президент! Мен 16 йил 7 ой қамоқда ўтирдим. Бу замон ичида бутунлай қашшоқлашиб қолдик. Қарзга ботдик. 14 минг доллардан ортиқ қарзмиз. Бу ҳол яна давом этса, бутунлай хор бўламиз. Ҳозир нонга ҳам қийналаяпмиз”.

Мактуб давомида унинг муаллифи қамоқдан чиққанидан сўнг давлат белгилаган пенсиянинг озлиги; оиласининг кундалик сарф-харажатлари; қамалишининг ўз наздидаги сабаблари; соғлиғи таҳликали даражада оғирлиги;

(“Қоним қуюқлашиб, камайиб кетган; простата безларим жуда қаттиқ шамоллаган; иккала кўзимни ҳам парда босган – катаракта; ошқозонимда яра – полип – бор; нитроглециринга “ўтириб” қолганман, юз метрга ҳам усиз юролмайман; ётиб даволанишимга пулим йўқ”.)

ўзи ва ўғлининг доимий назорат остида эканлиги ва ниҳоят эркин яшай олмаётгани тўғрисида ёзган.

Мамадали Маҳмудов ўз мактубини якунлар экан, президентдан мамлакатни тарк этишига рухсат беришини сўраган:

“Менда иккита йўл бор: ўлим ёки кетиш. Мен иккинчисини танладим. Чунки хорижда туриб ҳам элимга фойда келтираман. Кечмишимизни ёзаман. Шу билан бирга даволанаман. Бир замонлар қамоқдан чиққан Солженициннинг четга кетишига Кремль қаршилик қилмаган. Билъакс, йўл берган. У ёқда сара асарлар битган. Чет элга кетишимга йўл очилишини истайман. Бунга имкон беришингизни сўрайман. Бола-чақамга тегишмас, деб умид қиламан.”

Мактуб муаллифи, ёзувчи Мамадали Маҳмудов билан 8 январь куни боғландик.

- Ҳа, бу хатни 2013 йилнинг 2 августи куни почта орқали Ўзбекистон президентига жўнатганман. Кейин қуда томонга ўз қўлим билан берганман, лекин менга расмий жавоб келгани йўқ, деди Мамадали Маҳмудов бироз сирли қилиб.

Ўзбекистонликлар “қуда томон”, дер эканлар, Миллий хавфсизлик хизматини назарда тутадилар.

Мамадали Маҳмудов хатни ёзганидан бери саломатлиги янада абгорлашганини айтиб берди.

Унинг айтишича, 7 кишидан иборат оиласи шу кунда ўта оғир аҳволда яшамоқда.

“220 минг пенсия оламан, бу пул оладиган дориларимдан бир турининг биттасига ҳам етмайди”, деди ёзувчи.

Унинг айтишича, ўғил-қизи ишсиз, оила “чол-кампирнинг 450 мингга етмайдиган” пенсиясига тирикчилик ўтказмоқда. Боз устига оиланинг 14 минг доллар қарзи ҳам бор.

Президентдан хатига жавоб олмагани билан Мамадали Маҳмудов “қуда томон” вакилидан жавоб олганини айтди:

“Кетсангиз майли, кетаверинг, деди”, деди ёзувчи.

***

Эврил Турон тахаллуси билан 1980 - 90 йилларда жамоатчиликка кенг танилган ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмудов 14 йиллик қамоқ жазосини ўтаб, 2014 йилнинг 19 апрелида озодликка чиққан эди.

Таниқли адиб 1999 йилда Тошкентда юз берган портлашларга алоқадорликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган.

Аммо бунга қадар ҳам бу ёзувчи икки марта қамоққа ташланган.

Мамадали Маҳмудов Ўзбекистон мустақиллиги учун Совет даврида курашган ëрқин сиëсатчилардан бири сифатида эътироф қилинади.

Унинг “Ўлмас қоялар” асари Совет даврида тақиқлаб қўйилган эди.

Мазкур роман француз тилида нашр этилган. Адибнинг асарини Филипп Фризон француз тилига таржима қилган.

1981 йилда "Шарқ юлдузи" журналида чоп этилган "Ўлмас қоялар" романи Марказий Осиёнинг Россия томонидан босиб олиниши, туркий халқларнинг Россия босқинига қарши курашига бағишланган.

XS
SM
MD
LG