Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:13

Екатеринбургда аёлга ҳужум қилган ўзбек муҳожири жавобгарликка тортилди


Россия полицияси тақдим қилган видеода ўзбекистонлик муҳожир ўз айбига иқрор бўлган.
Россия полицияси тақдим қилган видеода ўзбекистонлик муҳожир ўз айбига иқрор бўлган.

Жорий йилнинг 4 январида Россиянинг Екатеринбург шаҳрида маҳаллий фуқаро бўлган рус аёлига таёқ билан ҳужум қилган ўзбекистонликка нисбатан жиноий иш очилди. Маст ҳолатда бўлган ўзбек муҳожири ароққа етмаган пулни шу тариқа топишга уринганини полиция ходимларига сўзлаб берди.

4 январ куни Екатеринбург шаҳрида нотаниш аёлга таёқ билан ҳужум қилиб, унинг сумкасини олиб қочишга уринган 27 ёшли ўзбекистонлик муҳожир йигит жиноий жавобгарликка тортилди.

Екатеринбург шаҳри Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ходими Ирина Бучельникова ҳодиса шаҳарнинг қоқ марказидаги Бебель кўчасида соат кечки 8:30 ларда содир бўлганини Озодликка гапириб берди.

- Айбланувчи И.М.Эшонқулов ўша куни жуда кўп ичган, ичкилик етмасдан қолган, бирга ичиб ўтирган танишидан бита таёғини олиб жиноятга отланган. У жуда маст ҳолатда бўлган. Кечки пайт кўчада кетаётган 1967 йилда туғилган рус аёлга ташланган ва металл таёқ билан бошига урган ва сумкасини олиб қочишга уринган. Бу ҳодиса гувоҳи бўлган трамвай ҳайдовчиси машинани тўхтатиб, бир неча йўловчилар билан мигрантни қўлга олиб, полиция ходимларига топширди,- дейди полиция вакиласи.

Ирина Бучельникова жиноятда айбланаётган шахсдан ҳужжатлар топилгани, у 1987 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси экани аниқланганини айтди.

Екатеринбург полиция бошқармаси тақдим этган Эшонқуловнинг сўроққа тутилгани тасвирланган видеода ўзбек муҳожири бу жиноятга қўл ургани сабабларини бундай тушунтиради:

- Кеча кечқурун бир йигит билан танишиб қолдик. Ўтирдик, ичдик, ароқ тугади. Мен шеригимга “Сен беш дақиқа кутиб тур, мен ҳозир келаман”, дедимда “Киров” бекати томон кетдим. Махсус, пул топишга чиқдим. Чиқаётганимда хонада турган темир таёққа кўзим тушди, “Нимага бу?”, деб сўрадим. Танишим “Ўзимни ҳимоя қилиш учун” деганидан кейин калламга шум хаёл келди. Кейин аёлни кўриб қолдим ва бошига таёқ билан урганимда у бақирди. Сумкасини олиб 20 метрча югуришимни биламан, трамвайдан 4-5 эркак тушиб,мени ушлаб олишди,- дейди ўз жиноятига тўлиқ иқрор бўлган ўзбекистонлик Эшонқулов.

Маълум бўлишича, бошидан жиддий жароҳат олган аёл ҳозирда шифохонада даволанмоқда. Полиция вакиллари Озодликка унинг аҳволи бирмунча дурустлашганини билдиришди.

Ирина Бучельникова Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 162-моддаси 2-қисми, яъни талон-тарож бўйича жиноий иш очилганини маълум қилди. Унга кўра, судда Эшонқуловнинг айби ўз исботин топса, у 10 йилгача қамоқ жазосига тортилиши мумкин. Ҳозирда Ўзбекистон фуқароси тергов муҳлати якунига қадар суд қарори билан ҳибсда сақланмоқда.

Айни пайтда, Россияда 10 кундан зиёд нишонланадиган янги йил байрами кунлари Москвада яна бир маст ҳолатда бўлган Ўзбекистон фуқароси оғир жиноятга қўл урганликда айбланаётгани маълум бўлди.

1 январь куни соат 19:00 ларда Россия пойтахтининг Манежная майдонида 29 ёшда экани аниқланган ўзбекистонлик муҳожир 4 яшар қизалоқни онасинг кўз олдида ўғирлаб кетган. Бу аёл полицияга дарҳол хабар берган ва ўта маст ҳолатда бўлган муҳожир пост-патруль хизмати ходимлари томонидан қўлга олинганини хабар қилди шаҳар полиция бошқармаси.

Ҳеч қаерда ишламаслиги маълум бўлган ўзбекистонлик тиббий кўрикдан ўтказилганидан кейин, қонида 1 промиллега яқин алкогол миқдори аниқланган. Ҳозирда ҳибсга олинган ва исми ошкор этилмаётган муҳожирга нисбатан жиноий иш қўзғатилиш масаласи кўрилмоқда.

XS
SM
MD
LG