Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:45

Telenor раҳбарлари Ўзбекистондаги коррупция жанжали юзасидан парламентга ҳисоб берди


Telenor ширкати бош ижроия директори Йон Фредрик Баксаас Vimpelcomнинг ўзбек расмийлари қўлини олиш учун пора берганидан бехабарлигини таъкидлашдан қолмаëтир.
Telenor ширкати бош ижроия директори Йон Фредрик Баксаас Vimpelcomнинг ўзбек расмийлари қўлини олиш учун пора берганидан бехабарлигини таъкидлашдан қолмаëтир.

14 январь куни Telenor ширкати бошқарув кенгаши раиси ва бош ижроия директори ширкатнинг Ўзбекистондаги фаолияти юзасидан Норвегия парламенти қошидаги Тафтиш ва конституциявий масалалар бўйича доимий қўмита вакиллари олдида ҳисоб берди. Ширкат Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш учун президент қизига кўп миллион долларлик пора берганликда айбланмоқда.

Пора берилган бўлиши мумкин¸ лекин ҳозирча қўлимизда исбот йўқ...

14 январь куни Telenor бошқарув кенгаши раиси Свайн Аасер парламент қўмитаси ҳузуридаги эшитувларда ўз ширкати Vimpelcomнинг Ўзбекистонда кимгадир пора берганига оид исботга эга эмаслигини билдирди.

Telenor раиси айни пайтда¸ парламент депутатларига¸ бундай пора олди-бердисининг бўлмагани ҳақида ҳам ҳеч қандай кафолат бера олмаслигини таъкидлади.

Раис баëнотининг асосий мазмуни¸ балки бундай коррупция амалда бўлгандир¸ аммо бизнинг қўлимизда буни тасдиқловчи бирор далил-исбот йўқ¸ деган мазмунда бўлди.

Telenor ширкати бош ижроия директори Йон Фредрик Баксаас ҳам 14 январь куни махсус қўмита депутатлари саволларига жавоб берар экан¸ Vimplecom томонидан Ўзбекистонга кириш учун коррупцион олди-бердиларбўлганига оид аниқ далиллар йўқлигини таъкидлади.

Излар яна Гулнора Каримовага етакламоқда...

Ўтган йилнинг декабрь ойида Telenor ширкати 33 фоиз акцияларига эгалик қилувчи Vimpelcom ширкатига нисбатан ўзбек телеком бозорига кириш учун катта миқдорда пора берганлик айби қўйилгани ортидан ўз ички терговини ўтказишиниэълон қилган эди. Бу терговга манфаатлар тўқнашуви аралашуви олдини олиш учун Telenor бош ижроия директори Баксаас Vimpelcom назоратчилар кенгаши аъзолигидан истеъфога чиққан эди.

Асосий акциялари Норвегия ҳукуматига қарашли бўлган Telenor Beeline брэнди остида ўзбек мобил алоқа бозоридаги энг йирик операторга айланган Vimpelkom ширкатининг 33 фоиз акциясига эгалик қилади.

Бош қароргоҳи Амстердамда жойлашган Vimpelcom ширкати эса¸ Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи¸ яқинларгача мамлакат мобил алоқа бозорини ўз назоратига олиб келган Гулнора Каримовага 25 миллион доллар пора берганликда гумонланмоқда.

Норвегияда чиқадиган “Klassekampen” нашри чоп этган ҳужжатларга кўра¸ Telenor Vimpelcomнинг Ўзбекистонда фаолият қилишга рухсат берувчи лицензияни қўлга киритиш учун Гулнора Каримованинг шахсий ëрдамчиси бўлган Гаяне Авакян номига Nordea банки орқали Гибралтарда расмийлаштирилган Takilant ширкати ҳисобига пул ўтказган.

Акциялари АҚШ биржаларида очиқ сотувга қўйиладиган Vimpelkom ширкатининг Ўзбекистондаги шўъбаси Beeline бу мамлакатдаги энг йирик мобил алоқа оператори ҳисобланади ва март ойида АҚШ Қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар қўмитаси ҳамда Ҳолландия ҳукумати Vimpelkomнинг айнан Ўзбекистондаги фаолияти юзасидан тафтиш бошлаган.

Telenor кўргуликлари ҳали тугаганича йўқ...

14 январь кунги эшитувларда Норвегия парламенти қошидаги Тафтиш ва конституциявий масалалар бўйича доимий қўмита раиси¸ таниқли сиëсатчи Мартин Колберг Telenor раҳбарларидан Швецияда TeliaSoneraнинг Ўзбекистондаги коррупция можароси бошланганидан кейин Vimpelcomдаги Telenor вакиллари орасида хавотир туғилган-туғилмаганини сўради.

Telenor бош ижроия директори 2012 йилда¸ Швециядаги жанжал ортидан шундай хавотирлар боис ички суриштирув бошлангани¸ аммо Vimpelcom маъмурияти Ўзбекистонга ëтқизилган сармоялар АҚШнинг коррупцияга оид қонунчилигига мос эканига ишонтирганини билдириш орқали жавоб қайтарди.

Telenor раиси Аасер ҳам¸ бош ижроия директори Баксаас ҳам депутатлар билан савол-жавобда ўз ширкати бошигаVimpelcomнинг Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ янги кўнгилсизликлар ëғилиши эҳтимолини соқит қилмади.

Бундай эҳтиëткор баëнотлар ортидан Норвегия парламенти қошидаги Тафтиш ва конституциявий масалалар бўйича доимий қўмита вакиллари Норвегия Саноат вазирлигидан Telenor ширкатининг Ўзбекистондаги фаолиятига оид нима билса¸ шу ҳақда ўзига ҳисоб беришни талаб қилди.

Айни пайтда¸ ўтган йил 19 ноябрь куни Telenor бошқаруви кенгаши раиси ва президенти билан учрашган Норвегия Саноат вазири ҳукумат назоратидаги ширкатдан Ўзбекистон бозорига кириш учун пора бермаганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишни сўраган эди.

Ҳозирча Саноат вазирлигига Норвегия парламенти қўмитаси талабини ижро этиш учун берилган муҳлат очиқлангани йўқ.

Норвегия жамоатчилиги томонидан ташвиш билан қарши олинган коррупция жанжали Швеция прокурорлари TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш ва 3G лицензияси учун президентнинг тўнғичи Гулнора Каримовага 350 миллион доллар пора берганлиги айби билан 2012 йилда жиноий иш қўзғагани ортидан бошланди.

Ҳозирда Швеция¸ Швейцария¸ Ҳолландия¸ Франция ва Норвегия прокуратураси ўрганаëтган терговнинг асосий фигурантлари бўлмиш Рустам Мадумаров¸ Гаяне Авкян ва Гулнора Каримоваларга нисбатан Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам жиноий иш қўзғаган. Мадумаров ва Авакян устидан суд ҳукм чиқарди¸ Каримованинг эса уй қамоғида қолаëтгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG