Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:56

Каримов президентлик учун Кетмонов билан беллашади


Ислом Каримов ва Ҳотамжон Кетмонов.
Ислом Каримов ва Ҳотамжон Кетмонов.

15 январь куни Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Ислом Каримов 29 мартга белгиланган президентлик сайловида бу лавозимга кўрсатилган илк номзод бўлди. Унинг номзоди яна Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан кўрсатилди. Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз раиси Ҳотамжон Кетмонов номзодини президентликка илгари сурди.

Яна Каримов...

Маҳаллий нашрлар томонидан 15 январь куни тарқатилган хабарларга кўра, ЎзЛиДеп Ислом Каримов номзодини “электоратнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда” кўрсатган.

Айни пайтда¸ ташаббусчилар ўз ташаббусининг Ўзбекистон конституциясида ўзгаришсиз қолаëтган 90-модданинг бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президент бўлишга ҳаққи йўқлиги ҳақидаги бандига қанчалар мос келиш-келмаслиги ҳақида лом-мим демаган.

Айни шунингдек¸ Каримов номзодининг қайси электоратнинг қай шаклда намоëн бўлган қайси фикри асосида илгари сурилгани ҳақида ҳам ЎзЛиДеп ташаббусчилари изоҳ бермаган.

15 январь куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ҳотамжон Кетмонов номзодини президентликка даъвогар сифатида илгари сурди.

Кетмонов ким?

Ўзбекистондаги энг кекса партиядан номзод сифатида илгари сурилган 45 ёшли Кетмоновнинг асли андижонлик, миллати ўзбек экани айтилмоқда.

Халқ демократик партияси расмий сайтида келтирлишича, маълумоти бўйича рус тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлган Кетмонов 2013 йилнинг апрелида партия Марказий кенгаши раиси этиб сайланган.

Ундан аввал президентликка номзод Андижон вилояти ҳокимининг диний ва жамоатчилик ташкилотлар билан алоқа қилиш масалалари бўйича муовини лавозимида ишлаган.

Жамоатликка деярли нотаниш бўлган Кетмонов номи 21 декабрь куни ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловларидан сўнг айрим расмий нашрлар матнида кўзга ташланади.

Хусусан¸ на ўзи ва на партияси фаолияти халққа таниш бўлган Кетмонов Либерал-демократик партиясини қонунни бузишда айблади.

"ХДП етакчиси Ҳотамжон Кетмоновнинг сўзларига кўра, ўтган сайловларда партия ўз олдига “катта вазифалар қўйган эди ва уларга эришиш йўлида қоун талабларига риоя этган ҳолда тарғибот ишларини олиб борди.

Лекин бошқа айрим сиёсий партиялар фаолиятида сайловларнинг қонунийлик ва адолатлилик каби асосий тамойилларига тўлиқ риоя қилмаслик ҳолатлари кузатилди. Хусусан, ЎзЛиДеП тарғибот-ташвиқот жараёнларида қонунни четлаб ўтган ҳоллар кўзга ташланди”, дея Кетмонов сўзларидан иқтибос келтирди партия мажлиси ҳақида хабар тарқатган ХДП расмий сайти.

Айни пайтда ўз партиясини ЛДПга мухолифдек тақдим этишга уринган Кетмонов¸ сайловлар давомида қандай қонун бузилиши ҳоллари кузатилгани ҳақида бирор конкрет факт келтирмаган.

Рус тили ўқитувчиси бўлган Ҳотамжон Кетмоновнинг¸ партия расмий сайтида рус тилида қилган реклама ролигидан Халқ демократик партияси дастури ва бу партиянинг давлат олий лавозимига кўрсатган номзоди ҳақида қисман тасаввурга эга бўлиш мумкин.

Каримов конституция гаранти?

Ўзбекистон президентлиги учун сайловлар жорий йилнинг 29 мартига белгиланган. Маҳаллий қонунчиликка кўра, номзод кўрсатиш сайлов бошланишига 65 кун қолганда бошланиб, 20 кун давом этиши керак.

Мамлакат конституциясининг 90-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин”. Мазкур моддада “айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас”лиги ҳам қайд этиб қўйилган.

Шу ой охирида 77 ёшга тўладиган Ислом Каримов чорак асрдан буён Ўзбекистонда давлат раҳбари лавозимини эгаллаб келади.

Каримов мамлакат бошқарувига 1989 йилда Ўзбекистон Коммунистик партияси бош котиби сифатида келган. 1990 йил 24 мартида Ўзбекистон ССР Олий Совети сессиясида у президент этиб сайланган.

1991 йилнинг декабрида ўтказилган мустақил Ўзбекистон президентлиги сайловларидан бери бу лавозимни ҳеч кимга бермай келаëтган собиқ ЎзКомпартия Бош котиби Ислом Каримов¸ мустақил ҳуқуқшуносларга кўра¸ ҳозирга қадар Конституцияга хилоф равишда ҳокимиятда қолмоқда.

1995 йилда Ўзбекистонда Ислом Каримов президентлик ваколатларини 2000 йилга қадар узайтиришга оид умумхалқ референдуми ўтказилди ва расмий-ҳисоб китоб бўйича¸ ўзбекистонликларнинг 90 фоиздан кўпроғи Каримовнинг қолишини ëқлаб овоз берди.

Шу тарзда¸ гўë конституцияда белгиланган бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентликка сайланмаслигига оид моддани бузмаган ҳолда¸ Каримов 2000 йилга етиб келди ва яна 91 фоиз овоз билан иккинчи бор президентликка сайланди.

Конституциявий чекловни айланиб ўтиш мақсадида 2002 йилда мамлакат конституциясига президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтиришга оид яна бир умумхалқ референдуми ўтказилди ва бу таклиф ҳам халқ томонидан гўë маъқулланди.

Ўзбекистон сайлов қонунлари муаллифлари¸ бундай ўзгартиш ортидан¸ Ислом Каримовнинг яна икки муддат президентликка даъво қилишга ҳақли экани иддаоси билан чиқдилар ва 2007 йилги сўнгги президент сайловида Каримов 2014 йилга қадар ҳокимиятда қоладиган президент этиб сайланди.

XS
SM
MD
LG