Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:16

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги отишмада ўзбекистонлик овчи яраланди (янгиланди)


18 январь куни Қирғизистон жанубида, Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманидан ўтувчи қирғиз-ўзбек чегарасида ўқ отилди. Қирғизистон расмийлари овчилик билан шуғулланиб юриб, Қирғизистон ҳудудига ноқонуний ўтиб кетган уч ўзбекистонлик “Кўксерек” чегара заставаси участкасидаги қирғиз чегарачиларини ўққа тутганини билдирди. Ўзбекистон отишмада чегарани бузган қирғиз ҳарбийларини айбламоқда.

Қирғизистон Давлат чегара хизматининг 19 январь куни эрталаб эълон қилинган хабарномасида чегарани бузган Ўзбекистон фуқаролари чегара посбонларининг қуролни топшириб, таслим бўлиш талабига бўйсунмагани, бунинг ўрнига чегарачиларга қарата ўт очгани айтилади. Жавоб ўқи билан овчилардан бири ярадор қилингани хабар қилинмоқда.

Қолган икки овчи воқеа жойидан қочишга уринган пайтда Ўзбекистон ҳудудидаги чегара чизиғи олдида ўзбек чегара наряди томонидан қўлга олинган, дейилади расмий хабарномада.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати расмийси Усўн Пўлўтовнинг айтишича, ярадор ўзбекистонлик овчи воқеа жойига келган ўзбек чегарачиларига топширилган.

- Ярадор ўзбекистонликка биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро келишувга мувофиқ, ярадор чегара бузувчи ва ўзбекистонликларга тегишли уч ов милтиғи воқеа жойига етиб келган ўзбек чегарачиларига топширилган,- деди Усўн Пўлўтов.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси мазкур воқеа юзасидан ўз изоҳини 19 январь куни кечга яқин берди.

Қўмитa бaёнотидa Қирғизистон дaвлaт чегaрa химaти тaрaфидaн берилгaн мaълумотлaр ҳaқиқaтгa мос эмaслиги вa чегaрaдаги отишмa қирғиз чегaрaчилaри aйби билaн рўй бергaни aйтилaди. Ўзбекистон томонининг қайд этишича, қирғиз ҳaрбийлaри чегaрaни бузиб ўтиб, Ўзбекистон ҳудудидa бўлгaн ўзбек овчилaригa қaрaтa ўт очишгaн.

Қирғизистон чегарачилари томонидан қурол қўлланилишини натижасида Ўзбекистон фуқароси С.Ахмедов ярадор бўлган ва айни пайтда унинг соғлиги ўта оғир деб баҳоланмоқда, дейилади МХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси баёнотида.

Қирғизистон расмийлари чегарадаги нохуш ҳодисани ҳар иккала томон ўзи текширадиган бўлганини билдирган. Ўзбекистон томони эса қирғиз чегарачилари биргаликдаги текширув ўтказиш ҳақидаги баённомани имзолашдан бош тортганини айтмоқда.

Ўзбекистон билан Қирғизистон чегарсида бу каби ҳодисалар тез-тез рўй бериб туради. Бунга икки давлат ўртасидаги чегара чизиғининг катта қисми аниқланмагани асосий сабабдир.

Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарани 2010 йилнинг апрель ойида бу мамлакатда рўй берган инқилобдан сўнг бир тарафлама ёпган эди. Бунинг натижасида чегара ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолининг борди-келдиси мураккаблашгани айтилади.

Қирғизистон ҳукуматининг Жалолобод вилояти бўйича вакили маъмуриятининг хавфсизлик бўлими бошлиғи Қадирбек Бечелов мазкур масала икки ҳукумати ўртасида дипломатик йўл билан ечилиши кераклигини айтади.

- Ҳукумат тарафидан ёпиб қўйилган чегарани ким ҳам бузиб ўта олади. Бу масала юқоридагилар тарафидан, парламент тарафидан ечилмаса, ким ҳал қила олади. Маҳаллий ҳукумат аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориши мукин, холос. Шунинг учун, дипломатик йўл билан делимитация, демаркация ишлари якунланиши керак ва қонуний тарзда икки халқ ўртасидаги алоқани қайта йўлга қўйиш керак,- дейди Бечелов.

Қирғизистоннинг Олабуқа тумани Ўзбекистоннинг Косонсой ва Чуст туманлари билан чегарадошдир. Узунлиги 201 километрга тенг ушбу чегара ҳудудидаги 12та участкада делимитация ишлари ҳали ҳам якунланмаган.

Икки давлат ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 1378 километрга тенг. Унинг 320 километри ҳозирча аниқланмаган.

XS
SM
MD
LG