Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:31

“Ўзбекистонда боғдорчилик Мирзиёев монополиясига айланмоқда”


Сўнгги тўрт йил ичида Ўзбекистонда жами 50 минг гектарда янги боғлар ташкил қилинди. Жумладан, 14 минг гектарда тез ҳосилга кирадиган интенсив боғлар яратилди. Ўзбек фермерларига кўра, боғдорчиликни ривожлантиришга бош-қош бўлган Бош вазир Шавкат Мирзиёев бгунги кунда бу соҳани тўла ўз назоратига олган.

“Шавкат боғлари”

16 январь кунги ҳукумат йиғинида президент Ислом Каримов мамлакатда сўнгги тўрт йил мобайнида 14 минг гектарда интенсив боғлар яратилганини гапириб, бу соҳадаги муваффақиятларни тилга олди:

“Оддий мевали дарахт экилганидан бошлаб дастлабки ҳосилини бергунига қадар одатда 4-5 йил ўтади. Интенсив боғдорчиликда эса дарахт иккинчи-учинчи йилдаёқ ҳосилга киради. 2011 йилда яратилган боғларнинг ҳар гектаридан 2014 йилнинг ўзидаёқ ўртача 300 центнердан ҳосил олинди”, деди президент Каримов.

Президент келтирган ҳисоб-китобларга кўра, интенсив боғларни ташкил қилиш учун Польша ва Сербия каби мамлакатлардан 6 миллиондан зиёд кўчат келтирилган.

Оддий халқ орасида “Шавкат боғлари” деб аталадиган интенсив боғларни ривожлантириш Ўзбекистонда 2010 йилдан бошланган.

Боғдорчилик соҳаси мутахасисларидан олинган маълумотга кўра, тез ҳосил берадиган интенсив боғларни яратиш ишларига шахсан Бош вазир Шавкат Мирзиёев бошчилик қилмоқда.

“Интенсив технологиялар асосида парваришланадиган пакана ва ярим пакана олма, олхўри, нок, шафтоли ва гилос каби кўчатларини Ўзбекистонда экиш таклифи Бош вазир Мирзиёев томонидан илгари сурилган. Бу соҳа жуда сердаромад бўлиб, уни ривожлантириш ишларига ҳам шахсан Мирзиёевнинг ўзи бош-қош бўлмоқда. Балки шунинг учун оддий халқ орасида “Шавкат боғлари” деган атама пайдо бўлди”, деди боғдорчилик соҳаси мутахасисларидан бири.

“Боғдорчилик монополияга айланмоқда”

Сўнгги тўрт йил ичида, жумладан, Самарқанд ва Тошкент вилоятида 1300 гектардан, Навоийда 750 гектар, Қашқадарёда 600 гектар, Сурхондарё, Наманган ва Андижон вилоятларида 400 гектардан интенсив боғлар ташкил қилинди.

Айни пайтда Озодлик суҳбатлашган ўзбек фермерларига кўра, интенсив боғ ташкил қилиш учун барча фермерларга ҳам рухсат берилмайди:

“Ер кодекси бўйича ер олиш учун туман ҳокимининг қарори ва вилоят ҳокимининг тасдиғи кифоя қилиши керак. Лекин ҳозир норматив акт қилишган. Интенсив боғ учун ер олмоқчи бўлсангиз, албатта Вазирлар Маҳкамасининг рухсати керак. Бу монополиянинг айни ўзи. Агар эътибор бериб қарасангиз, бутун Ўзбекистон бўйича, интенсив боғлар йўл атрофидаги сувлик ерларда яратилмоқда. Лекин бу ерларни ҳар ким ҳам ололмайди. Фақат Вазирлар Маҳкамаси рухсатини ололадиган айрим шахслар. Мен "интенсив боғ" билан шуғулланадиган битта корпорацияни биламан. Унинг Нуротада 400 гектар боғи бор. Ангрен ва Жомбойда ҳам боғлари бор. Яқинда худди шу корпорацияга Сурхондарёдан 1800 гектар ер ажратилди. Шундан ҳам кўриш мумкин, бу соҳанинг монополияга айланганини”, деди исмини очиқламаётганимиз ўзбек фермери.

Серҳосил пакана дарахтлар

Ўзбекистондаги интенсив боғларда, асосан, олма кўчатлари кўп экилмоқда. Мутахасисларга кўра, олма дарахтининг кўчатлари иккинчи йилдан ҳосил беришни бошлайди ва 4-5-йилдан бошлаб гектарига 40-60 тонна ҳосил беради.

Пакана олма дарахтининг бир тупи 20-25 килогармгача ҳосил беради ва ҳосилни териш учун ҳатто нарвон ҳам шарт эмас.

Дастлаб интенсив боғлар учун кўчатлар хориж давлатларидан келтирилган. Эндиликда мамлакатнинг бир қанча ҳудудида хориждан келтирилган навлар пайвандтагга пайванд қилиниб, кўчатзорларда кўпайтирилиб, сотилмоқда. Жумладан, Жиззах вилоятида ташкил қилинган қўшма корхона етиштирган мева кўчатларини 10 минг-12 минг сўмдан харид қилиш мумкинлиги айтилди.

Интенсив олма боғларида Голден Делишес, Старкримсон, Ренет Симиренко каби олма навлари етиштирилмоқда.

Боғдорчилик соҳаси мутахасисларига кўра, интенсив боғлар, асосан, томчилаб суғорилмоқда ва бу кейинги йилларда мамлакатда кузатилаётган сув тақчиллигидан чиқишнинг бир йўли сифатида кўрилмоқда.

XS
SM
MD
LG