Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:45

Норинда жарроҳлар фонарь ёруғида операция ўтказяпти


Наманган вилояти Норин туманининг Шошилинч тиббий ёрдам марказида электр токи тез-тез ўчгани боис, жарроҳлик амалиётлари фонарь ёруғида ўтказилмоқда. Тиббиёт муассасаси бошлиғи Абдували Мавлонов Озодлик билан суҳбатда электр токи тез-тез узилишини тан оларкан, жарроҳлик амалиётларининг фонарь ёруғида ўтказилаётганини инкор қилди.

Наманган вилоятининг Норин туманидаги Шошилинч тиббий ёрдам марказида жарроҳлик амалиётлари ўтказилаётган пайтда ҳам электр токи узилиб қолмоқда.

Бу ҳақда Озодлика хабар берган норинлик манбага кўра, шифокорлар бундай ҳолларда операцияни давом эттириш учун фонарлардан фойдаланмоқда:

“Шошилинч тиббий ёрдам маркази касалхонасининг палаталаридаги ҳарорат ташқаридаги ҳаводан совуқ. Кунига бир неча марта 2-3 соатлаб свет ўчади. Ҳатто, операция вақтида ҳам свет ўчиши табиий ҳолга айланди. Дўхтирлар операцияга киришдан олдин 3-4та китайский фонарларни тайёрлаб қўйишади”, дейди норинлик манба.

Унга кўра, тумандаги касалхоналар электр токи ишлаб чиқарадиган движоклар билан таъминланмаган, беморлар палаталарни уйларидан олиб келган чўян печкалар билан иситмоқда

Норин тумани тиббий ёрдам марказида ишлайдиган, хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини сўраган шифокор Озодлик билан суҳбатда, чироқ ўчгандан сўнг операцияни фонарлар ёруғида ўтказишаётганини тан олди:

“Светга, умуман, тушуниб бўлмайди. 2-3 соат ёнади, кейин ўчади. Ярим-бир соатдан кейин яна ёнади ва яна ўчади. Операция пайтида ҳам жуда кўп марта ўчиб қолди. Шунга эҳтиётан фонарларни тайёрлаб қўямиз. Ахир бир одамнинг ҳаёти-ку бу, ҳамшира фонарни ушлаб туради, биз эса операцияни давом эттирамиз. Бундай ҳолатни биз фақат уруш ҳақидаги киноларда кўрган эдик”, дейди шифокор.

Суҳбатдошнинг айтишича, Шошилинч тиббий марказ фавқулодда ҳолатларда электр токи ишлаб чиқарадиган движоклар билан таъминланмаган:

“Ҳозир туман марказий касалхонаси ремонт бўлаётгани боис, унинг бўлимлари ҳар томонга тарқатиб юборилган. Масалан, коллежнинг ётоқхонасига болалар, терапея бўлимлари, қабулхона кўчган. Пахта қишлоғига ҳам бир неча бўлимлар кўчирилган. Шароитлар ҳақиқатан ҳам жуда оғир. Ҳожатхоналар ташқарида, свет масаласи айтганимдек. Хоналар жуда совуқ, печкаларни иситиш учун беморларнинг яқинлари ўтин билан таъминлаяпти”, деди шифокор.

Норин тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Абдували Мавлонов Озодлик билан суҳбатда электр токи ўчиб туришини тан олар экан, бироқ жарроҳлик амалиётларининг фонарь ёруғида ўтказилаётганини инкор қилди:

“Электр линияларини алмаштирган пайтда ўчиш бўладида энди. Движок ҳақиқатан йўқ, касалхонамиз реконструкция қилинганидан кейин янги движок ўрнатилади. Фонарлар ёрдамида операция қилинаётгани ҳам, палаталарнинг совуқлиги ҳақидаги информация ҳам нотўғри. Палаталардаги шароит яхши”, деди бош шифокор Абдували Мавлонов.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан
Озодлик муштарийлари йўллаган шикоятларда элекр токи таъминотидаги узилишлар боис шифохоналардаги аҳвол оғирлашиб бораётгани тилга олинмоқда.

Ўтган йили Ўзбекистон вилоятларида свет йўқлиги билан боғлиқ оғир шароит боис туғруқхоналарда чақалоқлар нобуд бўлгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари¸ қолаверса вилоятлардаги электр тармоқлари ташкилоти масъуллардан касалхоналарда свет ва газ йўқлиги билан боғлиқ абгор аҳвол юзасидан изоҳ олиб бўлмади.

XS
SM
MD
LG